Америкалик дипломат тожикистонлик хотинини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилди
Америкалик дипломат тожикистонлик турмуш ўртоғи Лола Ғуломованинг отиб ўлдирганидан кейин ўз жонига қасд қилган.
45 яшар аёлнинг ўқ излари бўлган жасади 7 июнь куни Вашингтондаги уйидан топилди. Шу куни эр-хотин ажрашиш жараёнини якунлаш учун судга бориши лозим эди.
Полиция эшикни синдириб, уй ичига кирганида Ғуломованинг эри — АҚШ Давлат департаменти ходими Жейсон Рифф ҳам ўзини отди. У кейинчалик касалхонада бошидан олинган жароҳат туфайли вафот этди.
Жейсон Рифф ва Лола Ғуломова шу йил март ойида 18 йиллик турмушдан сўнг ажрашишга қарор қилганди. Эр-хотиннинг фожиа пайти уйдан ташқарида бўлган 2 нафар қизи бўлиб, улардан каттаси шу куни мактабни тамомлаётганди.
Охирги вақтларда АҚШ Савдо вазирлигида ишлаётган Лола Ғуломова янги 4 йиллик шартномани имзолаган ва 2020 йилда Белградга жўнаб кетиши лозим эди. У ўзи билан қизларини ҳам олиб кетмоқчи бўлган, бироқ Рифф бундан норози эди.