Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида келиб чиққан можароларда 8 киши ҳалок бўлди
(last modified Sat, 08 Feb 2020 08:59:17 GMT )
феврал 08, 2020 13:59 Asia/Tashkent
  • Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида келиб чиққан можароларда 8 киши ҳалок бўлди

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида юз берган можаро оқибатида 8 киши ҳалок бўлди.

Кун.сайтига кўра, Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида маҳаллий аҳоли ўртасида келиб чиққан можаро оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 40дан ортиқ фуқаро жароҳатланди.

30дан ортиқ хусусий уй-жой, 15та савдо объекти ҳамда 23 дона автомашинага зарар етказилган.

“47 киши қўлга олинди ва полиция бўлимига олиб кетилди, иккита милтиқ олиб қўйилди”, - дея айтиб ўтган ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев.

Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Кордай туманидаги вазият муносабати билан қатор топшириқлар берди.

Қозоғистон раҳбари аввало можаро нима сабабдан келиб чиққанини аниқлаш ҳақида вазифа юклаган. Шунингдек, Тўқаев бош прокурорга Кордай туманидаги ҳодисалар бўйича суриштирув ишлари устидан алоҳида назорат ўрнатиш ҳақида кўрсатма берди.

Бундан ташқари, мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси, Бош прокуратура этник низога чақираётган, фитнали миш-миш ва ёлғон ахборот тарқатаётган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирларни кўриши кераклиги белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, можаро қозоқлар ва дунганлар ўртасида келиб чиққан. Барчасига маҳаллий дунганларнинг қозоқ эркакни калтаклаши сабаб бўлган. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўқ овозлари, тартибсизликлар ва олов домида қолган уйлар тасвирланганини кўриш мумкин.