Жеенбеков: айни вақтда ўз лавозимимни тарк этишга ҳаққим йўқ
(last modified Thu, 15 Oct 2020 05:50:49 GMT )
октябр 15, 2020 10:50 Asia/Tashkent
  • Жеенбеков: айни вақтда ўз лавозимимни тарк этишга ҳаққим йўқ

Президент Сўронбай Жээнбеков Қирғизистоннинг янги бош вазири Садир Жапаров билан учрашувда ҳозирги пайтда истеъфога чиқишга ҳаққи йўқлигини маълум қилди.

Бу ҳақда Интерфаксга таяниб, Дарё сайти хабар қилган.

«Бугун Қирғизистон  президенти Сўронбай Жээнбеков ва бош вазир Садир Жапаров ўртасида парламент унинг номзодини тасдиқлагач, учрашув бўлиб ўтди. Сўронбай Жээнбеков айни вақтда президентлик лавозимини тарк этишга ҳаққи йўқлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди, чунки бу давлатга зарар келтирадиган воқеалар ривожига олиб келиши мумкин», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида Садир Жапаров асосий талабини маълум қилган — давлат раҳбарининг 14 октябрь куни кечқурун истеъфога чиқиши.

«Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни баён қилинган позициясида қатъий турибди: у мамлакатни ҳуқуқий йўлга қайтаргач — парламент сайлови ўтказилганидан ва президентлик сайлови эълон қилинганидан кейин истеъфога чиқади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида тўпланган Жапаровнинг тарафдорлари Жээнбеков истеъфога чиқмагунча норозилик намойишини тўхтатмоқчи эмас. Комендантлик соати яқинлашганига қарамасдан, намойишчилар 14 октябрь куни кечқурун ҳукумат биноси олдида Жээнбековнинг кетишини талаб қилишда давом этди.