"Россияга меҳнат биржаси орқали келиб кўчада қолдим"
Ўзбекистондаги меҳнат биржаси орқали Россияга келган қашқадарёлик мигрант кўчада қолганини айтади.
30 ёшли Илёс Шайқулов Қарши шаҳар меҳнат биржаси уни алдаганлигини иддао қилмоқда.
Унинг айтишича, Қарши шаҳар меҳнат биржаси томонидан Россиянинг Ярославль вилоятига ҳайдовчилик ишига жўнатилган. Жорий йил апрелида тузилган шартномага асосан, ҳайдовчилик ишига юборилиши учун биржага 400 минг сўм пул, йўлкираси учун 200 доллар тўлаган, аммо Россияга келгач, ўзига ваъда қилинган иш билан таъминланмаган.
"Шартнома тузилган вақтда Россияда Ўзбекистоннинг ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилар эди. Шайқулов борганида янги қонун кучга кирган. Шунинг учун ҳайдовчилик вазифасида ишлай олмади. Унга бошқа таклиф қилинган ишлар маъқул келмай, ўз ихтиёри билан корхонадан кетган," - дейди Қарши шаҳар меҳнат биржаси раҳбари Илҳом Тўраев.
Тўраевга кўра, биржа орқали юборилган меҳнат муҳожирларининг барчаси Ярославлда яхши ишлашмоқда. Иш ҳақи ва шароитлар борасида муаммолар бўлмаган. Унинг айтишича, Илёс Шайқулов меҳнат биржаси билан шартнома тузган, аммо шартномада кўрсатилган 400 000 сўмни тўламаган.
"Шунга қарамай, Шайқулов Ярославлдан Москвага кетганидан кейин ҳам хужжатларига ёрдам бўлиши учун унга 100 доллар юбордим" дейди биржа раҳбари.
Илёс Шайкулов нафақат Қашқадарё, балки бошқа вилоятлардан Ярославлга меҳнат биржаси орқали ишга борган ўзбекистонликлар ҳам қийин шароитларда қолаётганини даъво қилмоқда.