Фарғона ҳокими тошлоқликларни ҳароми, деб сўкди (АУДИО))
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 23 январь куни ўтказган селектор йиғилишида Тошлоқ туман аҳолисини ҳақорат қилди.
Ҳокимнинг айтишича, 16 нафар тошлоқлик Ақтўбеда ҳалок бўлиб, Фарғона вилоятини шарманда қилган. Шуҳрат Ғаниевнинг йиғилишда айтган гаплари аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда тарқаб кетди.
Йиғилишда барча туманлар ҳокимликлари мулозимлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари қатнашган.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган қарийб беш минутлик аудиоёзувда, Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлган 16 нафар тошлоқликлар ҳақида гап боради ва ҳоким ўлганлар оилаларига ҳомийлик қилишга мажбур бўлганини миннат қилади:
“Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ”, дейди Шуҳрат Ғаниев.
Йиғилишда вилоят ҳокими Тошлоқ туман аҳолисини Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган:
“ Тошлоқдан биронта Ҳажга бормайди. Биронтаси Ҳажга бормайди, Ҳаж сафарига биронтаси бормайди! Тиригиям бормайди, бошқасиям бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди”, дея бақирган ҳоким.
Россияга йўл олган йигитларнинг ўлимида уларга иш топиб беролмаган ҳокимиятни эмас, балки тошлоқликларни айблаган ҳоким, қаттиқ ҳақоратга ўтади:
“Иккита-учтадан хотин қилганиям Тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиб берган мулласи ҳам Тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, болfлар билан етим қилиб, алимент тўламай юрганиям Тошлоқда. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни, бир жойинг йўқ бўп кетган бўлса. ...ни юлиб олиш керак, Тошлоқдагиларни. Ҳокимдан бошлаб, ҳоромиларни. Бутун вилоятга шарманда қилиб, республикага, вилоятни шарманда қилган. Бозорни устидан ёзадиганларам Тошлоқда, бозорда бир-бирини эшак минди ўйнайдиганларам Тошлоқда”, деган Шуҳрат Ғаниев туман ҳокими Ҳалимжон Умаровга ишдан бўшашни таклиф қилади:
“Қўлингдан келмаса, ҳозир чиқиб кет залдан. Ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет”, дейди вилоят ҳокими.