Ростданам ӯзбекнинг тўйини тартибга солиб бўлмайдими?
(last modified Sat, 30 Jun 2018 05:13:36 GMT )
июн 30, 2018 10:13 Asia/Tashkent
  • Ростданам ӯзбекнинг тўйини тартибга солиб бўлмайдими?

"Ўзбекнинг тўйини тартибга солиб бўлмайди" -- Ўзбекистон Сенати ана шу хулосага келди.

Тошкентда 28- ва 29-июнь кунлари Сенатнинг 15-ялпи мажлиси ўтказилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида сенаторлар мамлакатда 1 йилдан буён муҳокамада бўлган тўй ва маросимларни тартибга солиш масаласини кўриб чиққанлар.

Бундан бир йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев тўйларда дабдабабозлик ва исрофгарчилик кўпайиб бораётганини кескин танқид қилган, бунинг олди олиниши чоралари кўрилишини айтганди.

2017 йили августида Президент Шавкат Мирзиёев тўйларда пайдо бўлаётган янги-янги дабдабаларни "10 фоиз одам ўйлаб топаётгани"ни айтган эди.

Одамлар айнан тўй дабдабасини қиламан, деб қарзга ботаяпти, инсульт бўлаяпти, деган Президент Мирзиёев.

Оқил қарор ишлаб чиқиш вазифаси парламент аъзолари зиммасига юклатилди.

Ниҳоят, Сенат "Ўзбекнинг тўйини тартибга солиб бўлмайди", деган қарорга келган.

Сенат ялпи мажлисини кузатаётган мухбирларнинг хабар қилишларича, "сенаторлар халқимизнинг миллий урф-одатлари, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб,  тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келишган".

"Қайд этилишича, халқимиз хоҳиш-иродаси тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали эканини кўрсатган", дейилади Сенат ялпи мажлиси ҳақидаги хабарда.

Аммо шуни эслатмоқ жоизки, Ўзбекистонда 1998 йили ҳам дабдабали тўйларга қарши кампания бошланган ва бесамар якунланган.

Бир неча йил олдин ҳам Тошкент шаҳрида тўй-ҳашамларни ихчамлаштиришга ҳаракат қилинган, бироқ кўп нарса эскилигича қолган.

"Love story" ёки куёвжўраларга чойнак ҳадя қилишдек янги-янги, ортиқча урф-одатлар пайдо бўлиши олди олинмади.

Бу йўналишда "тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар" иш бермаслиги аллақачон аёнлашган.

Демак, Сингапурда 1950 йилларда жорий қилинган кўчага сақич ташлаган инсонга улкан жарима солишдек тартиб билан дунёқараш, урф-одатни ўзгартириш йўли самарали бўлиши исботланган.

Ёхуд муҳтарам сенаторлар узоқ Сингапурга бормай ён қӯшнилари Тожикистонга бир назар ташлашса, бундай хулосага келмаган бӯлишарди. Тожикистонда худди шундай қонун қабул қилинди ва бугунги кунга келиб тожикистонлик тожикнинг ҳам, ӯзбекнинг ҳам, қирғиз ва руснинг ҳам тӯй-маъракаси қатъий тартибга келтирилган.

Энг қизиғи, бошида бу нарса бизнинг анъаналаримизга тӯғри келмайди, дея жар солганлар ҳам бугун кам харажатли тӯй-маъракалардан хурсанд эканликларини баралла айтишмоқда.

Ёрлиқ