Камолиддан Ҳусайн Воиз Кошифий
XV асрнинг иккинчи ярмида Хуросонда Алишер Навоий атрофида тўпланган аллома, шоир ва донишмандлар орасида мащҳур ва қомусий талант эгаларидан бири Воиз Кошифийдир.
Камолиддан Ҳусайн Воиз Кошифий таҳминан 1440 йилларда Хуросон вилоятидаги Сабзавор шаҳрининг Байҳақ кентида туғилган, унинг ота-онаси, болалиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ.
Бизнингча, у бошланғич маълумотни Сабзаворда олган. У араб, форс, туркий тили, математика, астрономия, кимё, мусиқа, адабиёт, фиқҳдан тўлиқ маълумотта эга бўлган. Ёшлигиданоқ воизлик - сўз санъати билан шуғулланган. Кошифий Сабзаворда тез орада кўзга кўринган воиз - нотиқ бўлиб танилган. Кейинчалик Нишопурда 1455-1468 йилларда эса Машҳадда яшаб, воизлик қилган. 1468 йилнинг охирларида Абдураҳмон Жомийнинг тавсияси билан Ҳусайн Воиз Кошифий Хиротга келади ва қолган умрини асосан Хиротда Темурийлар раҳнамолигида ўтказади.Маълумки, XV асрнинг иккинчи ярмида Темурийлар, хусусан Ҳусайн Бойқаро даврида Хирот Шарқнинг маданият маркази эди. Тарихчи олим Саййид Нафисийнинг айтишича, Кошифий умрининг охирида Ҳиндистонга қилган сафари ҳақида ҳам деярли маълумот йўқ. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг икки қизи ва бир ўғли бўлиб, ўғли Фаҳриддин Али ас-Сафий ўз даврининг катта шоири, ёзувчиси ва олими ("Рашоҳоти айн ал-ҳаёт" асари билан машҳур) бўлиб етишган. Али ас-Сафийнинг ислом тарихига, пайғамбарлар ҳаётига, адабиётга, Хўжа Аҳрорга, ахлоқда, кимёга бағишланган ўндан ортиқ илмий ва бадиий асарлари бор. Ҳусайн Воиз Кошифий 1505 йилда Хиротда вафот этади.
Камолиддин Ҳусайн - алломанинг исм-шарифи, воиз (нотиқ) - лақаби, Кошифий (кашф қилмоқ, яратмоқ) - адабий тахаллусидир. Ҳусайн Воиз Кошифий асарларини ўз даврининг илмий тили - форс тилида ёзган бўлиб, ундан кўпгина илмий, бадиий таржима асарлари ҳам мерос қолган. У фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, адабиётшунослик, сиёсат, тарих, кимё, астрономия, математика, мусиқа, воизлик, шеър санъати, дин тарихи, фиқҳ, тиббиёт каби фанларга оид 200 дан ортиқ асар ёзганлиги манбалардан маълум
Бундан ташқари у ўз даврининг кўзга кўринган илохиётчи олими бўлиб, ҳадисни, Қуръони Каримни ёддан билган, ҳатто Қуръонга тўрт китобдан иборат шарҳ ҳам ёзган. Кошифийнинг "Ахлоқи Муҳсиний", "Рисолаи Хотамия", "Анвори Сухайлий", "Футувватномаи Султоний", "Тавсири Ҳусайний", "Жавоҳирнома" каби ундан ортиқ асари араб, татар, эски ўзбек, ўрду, турк, немис, инглиз, француз ва бошқа тилларга таржима қилинган. Ҳозирги кунда Кошифий асарлари Париж, Лондон, Бер¬лин, Санкт-Петербург, Москва каби шаҳарларда, Ироқ, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа шарқ мамлакатларининг кутубхоналарида сақланмоқда.
Ҳусайн Воиз Кошифий Хирот мадрасаларида талабаларга таълим-тарбия берган, Хуросон шаҳарларида ахлоқ-одобдан ваъз айтган. Кошифий ўз асарларида ижтимоий-ахлоқий ҳаёт, маънавият масалаларига катта ўрин ажратади, сиёсат, давлатни бошқариш, шоҳ билан фуқаролар ўртасидаги муносабат, жамоани идора этиш, етук инсонни тарбиялаш муаммолари унинг ижодида катта ўрин эгаллайди. Уларда инсонпарварлик, халқпарварлик, юқори маънавиятга эга бўлиш, маданий юксалиш ғояларини илгари суради. Унинг "Ахлоқи Муҳсиний", "Рисолаи Ҳотамия", "Анвори Сихайлий", "Ахлоқи Карим", "Жавоҳирнома", "Луббо ул-маънавий фи-интихоби маснаъвий", "Искандар ойнаси", "Тафсири Ҳусайний", "Футувватномаи Султоний" каби асарлари шулар жумласидандир. Бу асарлардан Хуросон мамлакатида, Хиротда ва бошқа шаҳарлардаги мадрасаларда талабалар учун дарслик сифатида фойдаланилган. Мутафаккир бу асарларида ўзининг ҳаётдан олган собоқлари, тажрибалари асосида халқчиллик, инсонпарварлик, ижтимоий ҳаёт, адолат, халоллик, софдиллик, поклик, тўғрилик, ростгуйлик ҳақидаги фикрларини ўқимишли, қизиқарли ҳикоятлар, ривоятлар ёрдамида баён этади. Бу асарлар Кошифий тили билан айтганда "Хикмати амалий" асосида ёзилганлигидан бугунги кунда ҳам жуда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг маънавий даврасида бўлган XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр маданиятининг ривожига катта ҳисса қўшган ҳамда ўз асарлари билан сўнгги авлодларга катта таъсир кўрсатган мащҳур алломалардан бўлиб тарихда қолди. У қомусий ижоди билан ўз даври маънавий юксалиши йўлида фаол хизмат қилди ва нафақат Марказий Осиё, балки бугун Шарқ умуминсоний, маданий бойликларини кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатди.