Жанубий Хуросон вилояти
-
Жанубий Хуросон вилоятидаги тарихий ёдгорлик
Жанубий Хуросон вилояти Эроннинг энг шарқий бўлган вилоятлардан бўлиб, унинг масоҳати 151193 квадрат километрни ташкил этади.
Мазкур вилоят шарқ томондан Афғонистон юрти, шимол томонидан Хуросони Разавий, ғарбдан Язд ва Кирмон вилоятлари ҳамда жануб томонидан Сиистон ва Балучистон вилояти билан чегарадошдир. Жанубий Хуросон Эроннинг энг муҳим бўлган зиёрат шаҳри муқаддас Машҳад шаҳри ва Эроннинг жанубий вилоятлари билан боғловчи марказий трассада жойлашган.
Бу вилоятнинг иқлими қуруқ ва биёбонли бўлиб, ёмғиргарчиликнинг ўртача мезони бир йилда 150 миллиметрни ташкил этади. Жанубий Хуросон милодий 2004 йилда Эрон Ислом Жумҳурияти ҳукумати қарори билан Хуросон вилояти уч қисмга тақсимланганидан кейин ташкил этилган эди. Жанубий Хуросон вилоятининг маркази Биржанд шаҳри ҳисобланади. Мазкур вилоят 11та тумандан ташкил топган.
Жанубий Хуросон зиришк ва узум маҳсулотларини етиштиришда мамлакатда биринчи ўринда, заъфарон ва пахта маҳсулотларини ишлаб чиқаришда эса иккинчи ўринда туради. Мазкур минтақада писта, ёнғоқ, зардоли, тут, шоҳтут, шафтоли, анжир, жийда, гилос ва хурмо дарахтларига эга катта боғларни кузатиш мумкин.
Ушбу вилоят қанд лавлависини ишлаб чиқариш бўйича Эронда саккизинчи ўринда туради. Мазкур вилоятда полиз маҳсулотлари билан биргаликда буғдой, арпа, дуккакли маҳсулотлар ва шифобахш ўсимликларни етиштириш ҳам кенг йўлга қўйилган.
Жанубий Хуросон вилоятида ер ости бойликлар ва кўплаб маъдан конлари ҳам мавжуд. Масалан, Эроннинг магнезиумнинг қатлам ва захиралари фақат ушбу вилоятнинг Биржанд ва Сарбиша туманларида топилади.
Бунга илова Эроннинг асбест кони ва захиралари ҳам ушбу вилоятда жойлашган. Бентонит, гранит, оқ тупроқ, бозолит каби минераллар ҳам Жанубий Хуросон конларида мавжуд бўлиб, улардан кенг кўламда фойдаланилади. Мазкур вилоятда сифати жаҳон бозорларида юқори баҳоланадиган мис ва олтин конлари ҳам бор.
Айтиш лозимки, халқ ҳунармандчилик санъати ҳам ушбу вилоятда кенг ривожланган. Қолин ва бошқа гилам турларини тўқиш, кулолчилик, мис маҳсулотларини қўлда ясаш, заргарлик, каштадўзлик, кигиз тайёрлаш, сабатлар тўқиш шулар жумласидандир.
Жанубий Хуросон шаҳрининг маркази Биржанд шаҳри денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда ҳамда Эрон пойтахти Теҳрон шарқидан 1320 километрлик узоқликда жойлашган. Мазкур шаҳарнинг номи Биржанд, Бирканд, Бирганд ва Биркан номлари билан айрим луғатнома ва тарихий китобларда учраган. Биринчи бор ушбу сўз ҳижрий-қамарий еттинчи асрда ёзилган “Мўъжам албулдон” китобида учрайди.
Машҳур сайёҳ, жуғрофидон ва тарихчилар Марко Поло, Ёқут Ҳамавий, Мақдасий, Ҳамдуллоҳ Муставфий китобларида ҳам Биржанд шаҳрига ишоралар этилган.
Жанубий Хуросондаги тарихий ёдгорликлар