Биржанд шаҳри
-
Жанубий Хуросонда жойлашган Биржанд шаҳрининг манзараси
Жанубий Хуросон шаҳрининг маркази Биржанд шаҳри денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда ҳамда Эрон пойтахти Теҳрон шарқидан 1320 километрлик узоқликда жойлашган.
Мазкур шаҳарнинг номи Биржанд, Бирканд, Бирганд ва Биркан номлари билан айрим луғатнома ва тарихий китобларда учраган. Биринчи бор ушбу сўз ҳижрий-қамарий еттинчи асрда ёзилган “Мўъжам албулдон” китобида учрайди.
Машҳур сайёҳ, жуғрофидон ва тарихчилар Марко Поло, Ёқут Ҳамавий, Мақдасий, Ҳамдуллоҳ Муставфий китобларида ҳам Биржанж шаҳрига ишоралар этилган.
Жанубий Хуросонда Биржанд шаҳри тарихий воқеалардан энг бой бўлган минтақалардан бири ҳисобланади.
Биржанд тумани Қаҳистон номланган минтақанинг кичик бир бўлагини ташкил этади. Мазкур минтақа, бир томондан, тоғли жойлардан иборат бўлгани боис исмоилийлар каби ҳаракатлар тарафдорларининг бошпанаси бўлган бўлса, бошқа томондан, иқлими қуруқ бўлган биёбонлари ва Арабистон ярим оролига об-ҳавоси яқин бўлгани сабабли аббосий халифалар ва ҳокимлари зулмидан қочган арабларнинг маконларига айланган. Биржанда тоғли минтақаларга хос бўлган иқлим ва биёбон об-ҳавосига эга икки ҳолатни кузатиш мумкин. Эроннинг марказий саҳросига яқин жойлашган Биржанднинг кенг даштлари мазкур минтақа иқлимининг иссиқ бўлишига сабаб бўлган.
Бироқ Биржанднинг ғарбий-шарқий томонларида баланд тоғлар мавжудлиги туфайли бу ерларда салқин об-ҳавони кузатиш мумкин. Биржанд ҳозирги вақтда Жанубий Хуросон вилоятининг муҳим шаҳарлари ҳамда тижорат ва иқтисодиётнинг асосий марказларидан бири ҳисобланади.
Биржанд минтақасида гўзал бинолар, қадимий боғлар ва тарихий ҳаммомлар мавжуд..Уларнинг айримлари қожория ва баъзилари зандия даврида қурилган. Биржанднинг энг тарихий биноларидан бири шаҳар марказида жойлашган “Кулоҳфаранги” аркидир.
Олти қаватда қурилган ушбу бинодан фақат икки қавати фойдаланишга ярайдиган ҳолатда қолган. Қолган қаватларининг шакли фақат сақланиб қолган, холос.
Мазкур бинонинг биринчи қаватида турли безатиш ишлари амалга оширилган ушбу қаватдан гунбаз ва бошқа хоналарга борувчи йўлаклар ҳам мавжуд.Бинонинг марказида ҳовузхона ҳам қурилган. Унда меъморчиликнинг ажойиб усуллари қўлланилган. “Кулоҳфаранги” арки муҳим тарихий бино бўлгани боис Эрон миллий мероси рўйхатига киритилган.
“Шавкатия” мадрасаси Биржанд шаҳрининг қадимий бинолар мавжуд бўлган жойдадир ва муҳим бўлган тарихий бинолардан ҳисобланади. Мазкур бино битта айвон, ҳовли, ҳужралар, ҳаммом ва махсус минбардан иборатдир. Ушбу мадрасининг биноси ҳижрий –қамарий 1312 йилда муҳаррам ойида азадорлик маросимини ўтказиш учун қурилган. Қамарий 1326 йилда ушбу бинода Биржанднинг биринчи мадрасаси таъсис этилади.
Биржанд шаҳрининг диққатга сазовор бўлган жойларидан бири “Чаҳордарахт” маҳалласидир. Мазкур маҳалланинг тарихий жозибалари “Шавкатия” мадрасасидан бошланиб, “Ошуро” жомеъ масжиди билан якунланади. Мазкур биноларнинг ҳар бири хос меъморчилик санъатига эгадир.
Ушбу мажмуада бошқа бинолар, мадраса, ҳусейния, ҳаммом, ичимлик суви захираланган жойлар ва хоналар ҳам мавжуд. “Чаҳордарахт” маҳалласида жойлашган ушбу тарихий бинолар ҳам мамлакатнинг Маданий мерос ва туризм ташкилоти томонидан Эрон миллий мероси рўйхатига киритилган.
“Акбария” иморати ва боғи ҳам Биржанд шаҳрининг тарихий ёдгорликларидан ҳисобланади. Ушбу бино қожория даврида икки қаватда қурилган. Милодий 2011 йилда “Акбария” боғи ЮНЕСКО томонидан халқаро мерос сифатида рўйхатга олинган.