Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
(last modified Sun, 29 Sep 2019 12:41:42 GMT )
сентябр 29, 2019 17:41 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 23-29 сентябр кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президенти БМТ махсус маърузачисини қабул қилди.
  2. Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида музокаралар ўтказилмоқда.
  3. ҚҚС 20%дан 15%га пасайтирилди.
  4. Ўзбекистонда нархи 3000 $ бўлган электромобил ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
  5. Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори ҳибсга олинди
  6. Ўзбекистон собиқ ДХХ раиси 18 йилга қамалди
  7. Маҳмуд Ражабга нима бӯлди?
  8. “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ “Маҳмуд Ражаб воқеаси” юзасидан баëнот берди
  9. Хушхабар! ўқитувчилар имтиёзли шартлар асосида машина олишлари мумкин
  10. Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги мураббийи бӯлди.    

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ӯтган ҳафтанинг чоршанба куни Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан деди Мирзиёев бу учрашувда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.

Х  х  х

 

23-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида Шерикчилик ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги битим (ШҲКБ) лойиҳаси бўйича музокараларнинг 3-раунди бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ТИВ-и га кўра, шунингдек, Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича «Ўзбекистон – ЕИ» кичик қўмитасининг 14-йиғилиши ўтказилмоқда.

Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Европа ташқи фаолият хизмати бошқарув директори ўринбосари Люк Девин бошчилик қилмоқда.

Х  Х  Х

Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Отабек Муродов ҳибсга олингани айтилади.

Отабек Муродов 2018 йилнинг январидан 2019 йил ёзига қадар Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган, шу йилнинг 20 июнь куни лавозимидан озод этилганди.

21 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисидаги чиқишида собиқ бош прокурорни танқид қилиб, у порахўрликда айбланаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганини айтганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов яна бир собиқ бош прокурор, ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётгани ҳақида хабар қилганди.

Х  Х  Х

Ўзбекистон Ҳарбий суди Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ)нинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукмини эълон этди.

Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилган.

Шунингдек, суд ҳукми билан ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Эшонхўжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёрқин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари Юсуфбой Хўжаев 8 йил, бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Ҳидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Қолган 15 нафар судланувчига ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланган. Бундан ташқари, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланган.

Х  Х  Х

Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлаган хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари устидан суд мажлиси 23 сентябрь, кечқурун соат 10 да бошланиб, 24 сентябрь тонгги соат 4 да тугади.

Суд қарорига кўра, Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат (Шабнам) Оллашукурова 10 суткадан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Юришда қатнашган уч эркак энг кам иш ҳақининг уч баробари (669000 сўм) миқдорида, етти аёл эса бир баробари (223000 сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Тошкентга бориб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида 22 сентябрь куни юриш бошлади ва 50 километр йўлни пиёда босиб ўтди.

56 яшар Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнаётганди.

Аммо намойиш иштирокчиларининг жаримага тортилганини тасдиқлаган шоирнинг қариндошлари унинг қамалмагани, балки ўз уйида дам олаётганини айтди.

Х  Х  Х

Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эктор Купердан кейинги бош мураббийига айланди. Бу ҳақда футбол журналисти Диёр Имомхўжаев маълум қилди.

Вадим Абрамов 2010-2012 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилган.

Вадим Абрамовга мураббийлар штабида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида узоқ йиллар муваффақиятли фаолият олиб борган ва эндиликда мураббийлик соҳасида қисқа вақт ичида сезиларли ўсишга эришиб, мухлислар ишончини қозонишга улгурган Тимур Кападзе ёрдам беради. Шунингдек, ўзбек футболи мухлисларига яхши таниш австралиялик мутахассис Мирко Йеличич футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги билан шуғулланади. Дарвозабонлар билан эса Денис Иванков ишлашда давом этади.