Биз фано туфроғи бӯлдик...
Биз фано туфроғи бӯлдик...
(Ориф инсон, ӯзбекнинг забардаст шоири Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим зикри)
(1-қисм)
Абубакрдан келган қӯнғироқни ӯчирдим.
Компютерда чала қолган ишимни тугатгач, кабинетдан чиқдим.
Ишхона ҳовлисидаги улкан тут дарахти соясига ӯтиб, бамайлихотир гаплашиш умидида қӯнғироқ қилдим.
Машҳад шаҳрини яхши кӯраман. Негадир бунда бегоналигим хаёлимга ҳам келмайди. Ғариб эмасман.
Самога бӯй чӯзган салобатли тут дарахтлари менга Ховалингни эслатади.
Бу тутлар соясида ӯтирган чоғи Тобатош*даги булоқ бошида, Қултоба*да, Муродбахш*нинг “Боғи Халил”идаги салобатли тутлар соясида ҳис қиламан ӯзимни.
Негадир, бу тутлар ҳазрат Навоийни кӯрган, деган ӯй чарх ураверади зеҳнимда. Машҳад мадрасаларида ӯқиган ҳазрат Навоийни бу тутлар бӯлмаса, буларнинг аждодлари кӯргани аниқ.
...Қӯнғироқ қилдим.
Овози қалтираб чиққан Абубакр “Эшонбобо ҳам кетдилар...” деди дабдурустдан.
--Э-э, чиқиб қаранг, узоқ кетмаган бӯлсалар қайтаринг, анча вақтдан бери гаплашолганимиз йӯқ,--дедим.
--Ӯтдилар...—деди Абубакр бир оз сукутдан сӯнг...
--Нима... Оббо!!!
Вужудимни зилу замбил ҳорғинлик қамради. Зеҳнимда замину замон чайқалди.
Руҳимда улкан табаддулот содир бӯлди...
--Инна лиллоҳи ва инна илайҳи рожиун.
Қаригандек бӯлдим. Қариганимни англаб етдим...
Х Х Х
Ажабо, қарилик ҳақида жуда кам ӯйлардим...
Невараларим ҳам “Дадажон” дейишади. “Бобо” деса қариб қоладигандек...
Қарилик ҳақида ӯйламасликка ҳаракат қилардим. Тенгдошларим нафақага чиқиб олиш илинжида жони ҳалак бӯлиб юрган бир пайтда меҳнат дафтарчамнинг қайси идорада қолиб кетгани ҳам эсимда йӯқ.
Аммо бирдан қаригандек бӯлдим. ..
Эшонбобо мендан етти ёш катта эдилар.
Қизиқ, Неъмат ака ( Дӯстона муҳитда у кишини “Эшонбобо” ёхуд “Неъмат ака” дея мурожаат қилардик.) лалми бир тоғ қишлоғининг тупроқ кӯчаларини чангитиб, бирга ӯсиб-улғайган дӯстим Сафар эмасди.
Нега бундай бӯлди?
Дарвоқе, Сафар билан кӯришмаганимизга ҳам йигирма йиллар бӯлди.
Уни бот-бот эслайман. Соғинаман.
Турмушнинг шафқатсиз, зилу замбил тегирмон тоши бошида айланавериб, келбатини увоққина вужудга айлантирган болалик дӯстим Сафарни бот-бот эслайман.
Уни соғинаман.
Ӯтириб гаплашгим келади. Болалик хотираларини эсласак дейман...
Турмушининг қийинчилигини ӯйлаб юрагим эзилади. ..
Руҳиятининг осойишталигини эслаб ҳавасим келади.
Соғинчларим кӯз ёши мисоли шеър бӯлиб қуйилганди бирида:
СОҒИНЧ
Асаблари пўлат,
Юзлари пўлат,
Ялтироқ шишадек
Кўзларга боқиб,
Тоғлар бағридаги
Сокин қишлоққа
Кетгим келаётир
Улоқиб.
Барча ташвишлардан,
Барча ғамлардан
Қонталаш қалбимни
Айлаб мосуво,
Кетгим келаётир
Сенинг бағрингга,
Бу ёруғ оламда
Энг гўзал маъво.
Сумбула тунларинг нақадар соҳир,
Сурмаранг тонгларинг сўлим нақадар.
Қайта туғилишнинг имкони бўлса,
Бағрингдан бир қадам нари кетмасдим,
Саргардон кезмасдим дарбадар.
Мен нима ахтардим
Ва нима топдим
Ҳолсиз юрагимга
Минг наштар уриб?!
Қисмат йўлларида аёвсиз чопдим,
Бир ҳўплам меҳрга ташнаю ғариб.
Сиёсатнинг ғирром бозорларида
Савдога солинди дину диёнат,
Ватаннинг покиза гулзорларида
Саболар ўрнига эсди хиёнат…
Алданиб яшамоқ ёмондир валек
Ўзингни алдамоқ ёмондан ёмон.
Шунча пасткашликка қодирмидинг сен,
Менинг алқаганим, Ҳазрати Инсон?!
Менинг чўпон дўстим, тенгдошим Сафар,
Сен жуда бахтлисан,
Бахтлисан, ишон.
Зероки, билмассан улкан шаҳарда
Қанча ҳамоқат бор, қанчалар ёлғон…
Асаблари пўлат,
Юзлари пўлат,
Ялтироқ шишадек
Кўзларга боқиб,
Тоғлар бағридаги
Мўъжаз қишлоққа
Кетгим келаётир
Улоқиб…
Аммо Неъмат ака совхознинг Сартездаги полизидан биргаликда тарвуз узиб қочган, отлиқ қоровул қувиб етган чоғи эшакдан тушиб, пастликка, Ғурулдига қараб югурган, қопнинг оғзи очилиб, ёлғизоёқ йӯлдан юмалаб келаётган тарвузларга суриниб йиқилган болалик дӯстим Сафар эмасди.
Ӯсмирликнинг бор завқ-шавқини бирга тотиб кӯрган жувонмарг дӯстларим Муҳаммадсаид ва Муродхонлар эмасди...
Йигитлик айёмининг бутун шиддату изтиробларини бирга яшаган, китобдорлар сулоласига мансуб хӯжандлик муйсафиднинг Школний кӯчасидаги лойсувоқ ижара кулбасида одаму олам ҳақида тонготар суҳбатлар қурган устоз Асқар Маҳкам, дӯстларим Садриддин ва Бобоқул эмасди.
Нега бундай бӯлди?
Ахир, Неъмат ака мендан етти ёш катта эдилар...
Х Х Х
Эшонбобо ҳам кетдилар... деган Абубакр дорихонасидан чиқиб, узоқлаб кетмаган бӯлсалар, қайтаришга ҳаракат қилмади.
Анчадан бери гаплашмаган эдик, суҳбат қиёматга қолди...
Жаннат аҳли жаннатга кирганда, ўзлари билан дунёда самимиятда яшаб ўтган дўстларини топмай, Аллоҳга юзланадилар: "Эй Парвардигор, дунёда бизнинг дўстларимиз бўларди. Улар биз билан намоз ўқишарди, рўза тутишарди. Биз уларни жаннатда кўрмаяпмиз",- дейишади.
Аллоҳ таъоло уларга айтади: "Дўзахга боринглар ва қалбида заррача иймони борларни чиқариб олинглар!"
...Дўзах аҳли уларнинг бу ердан чиқишлари сабабини сўрайдилар. Улар дўстларининг шафоат қилганларини айтадилар ва Аллоҳнинг бундай деб огоҳлантирганини эслатадилар: "Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ. Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ", дерлар" (Шуаро сураси, 100-101-оятлар).
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мўмин дўстларни кўпайтиринг. Чунки уларнинг қиёматда шафоатлари бўлади".
Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ суҳбатдошларига қарата: "Агар жаннатда мени ораларингда кўрмасанглар, мен ҳақимда сўранглар. "Эй Аллоҳ, фалончи банданг Сени бизга эслатарди",-- денглар, дедилар-да, йиғлаб юбордилар...
Х Х Х
Ӯтган асрнинг 80-йиллари Тожикистон ӯзбекларининг жумҳурият миқёсидаги минбари – “Совет Тожикистони” газетасининг олтин даври эди. Ӯлмас Жамол, Неъмат Иброҳим, Асқар Маҳкам, Жамшид , Зикруллоҳ Вали, Одил Икром, Шоди Саттор каби иқтидорли шоирлар, бетакрор ёзувчи Эшмуҳаммад Донохонов, шунингдек, Ҳасан Эрбобоев,Абдусаттор Аҳмадалиев, Қосим Мамажонов, Ҳомиджон Ҳакимов, Садриддин Ашур, Абдуҳафиз Мирзоаҳмад каби зукко журналистлар йиғилганди бу улуғ даргоҳда.
“Зӯр йигитларни тӯплагандим, қаламларидан олов чақнарди. Газетанинг тиражи 120 000га етганди”.—ифтихор билан эслайди ӯша пайтдаги бош муҳаррир Мухторжон ака Баҳриддинов.
Орадан 25 йил ӯтди. Маърифатнинг муҳиб ва мухлислари Асқар Маҳкамнинг журъатли мақолалари, гуриллаган шеърхонликлар, самимий адабий учрашувларни орзиқиб эслашади ҳали ҳам.
Х Х Х
Мавлавий Ҳиндистоний (Қори Муҳаммаджон Хӯқандий) ҳазратлари ёзган эдилар: “Ҳар бир қавмнинг душмани ӯзидан чиқади: маҳаллий мӯллалар устимдан ёзиб, 10 йилга айристон қилишди”.
Ӯшанда Тожикистон Компарияси Марказий Қӯмитасида ишлайдиган қай бир “сиёсий ҳушёр” ӯз миллатдошлари Неъмат Иброҳим ва Зикруллоҳ Валиларни “эшон”лиги учун мафкуравий фронтдан четлатиш ҳаракатига тушади.
Аслида “истеъдоди учун” четлатиш ҳаракатига тушади, дейишимиз керак.
Зеро, Парвардигори карим истеъдод неъматидан қисган корчаллонлар доимо истеъдодли инсонларнинг оёғини чалишга ҳаракат қилиб келишган.
Ӯзбекнинг оташнафас шоири Шавкат Раҳмон куйинганидек:
Ҳали жуда кӯпдир калламушният,
Дунёни кемириб сотиб юрганлар.
Умрида ӯтқазмай бирорта дарахт,
Занчалиш кӯксига муштин урганлар.
Хуллас, забардаст икки шоир ижодий жамоадан бадарға қилинди. Зикруллоҳ Вали техник ходим –мусаҳиҳликка ӯтказилди. Неъмат ака эса Ленин (ҳозирги Рудакий) ноҳиясидаги педагогика ӯқув юртида ӯқитувчилик қилишни афзал кӯрди.
Х Х Х
Тобора кӯпроқ одамларнинг зеҳнига етиб борсин учун бу гапни такрорлайман-такрорлайвераман:
Авлиёлардан бири “Маърифат шундай гӯзал хилқатким, унга жисм ато этилганида кӯрган киши ҳушидан кетиб йиқиларди” деган экан.
Хайриятким, маърифатга жисм ато этилмабди.
У ёруғлик, нур, поклик, мусаффолик каби жилваланади тасаввурларди.
Бу Илоҳий нурдан бир чимдим насиба олган киши ҳар қандай муҳитда шам мисоли порлаб, атрофидагиларнинг зимистон қалбига зиё ва ҳарорат бахш этади. Маърифат аҳлининг атрофига маърифатлилар йиғилишади. Бу муҳит нурли—сафоли бӯлади. Одамлар нурга талпинган парвоналар каби бундай муҳитга талпинадилар.
Неъмат Иброҳимнинг муборак вужуди сабаб ноҳиядаги муъжаз педагогика билим юрти йирик маърифат даргоҳига айланди. Бу марказ оҳанрабо янглиғ зиё аҳлини ӯзига тортарди.
Тошкентдан Душанбега ташриф буюрган шоир ва ёзувчилар билан бу билим юртида ижодий учрашувлар, шеърхонлик анжуманлари ӯтказиларди.
“Совет Тожикистони”дагилар ҳам Рудакийдаги билим юртига ҳавас билан қарайдиган бӯлишди.
Х Х Х
Муборак ҳаж сафаридан қайтганларида “Замондош” газетаси учун суҳбатлашдим.
--Тасаввурингиздаги Каъбатуллоҳни топдингизми? –деган саволимга – Ҳа, Каъбатуллоҳ айнан тасаввуримдагидек эди,--дея жавоб бердилар.
Мен бу ҳақда йиллар давоми ӯйладим.
Аллоҳ ӯз уйининг зиёратига изн бергач, Байтуллоҳни тасаввур қилганимдек топмадим. Унинг атрофидаги осмонӯпар биноларни тасаввуримга сиғдиролмасдим. Тасаввуримдаги Каъбатуллоҳ кенг майдонда савлат тӯкиб туриши керак эди. Атрофдаги биноларни кӯриб, дод солгим келарди.
Бу ҳақда йиллар давоми ӯйлайман...
Байтуллоҳ теварагидаги ҳашамлар, осмонӯпар бинолар менинг ҳам нигоҳимни чалғитмаса эди...
Ахир мен Каъбанинг атрофини томоша қилишга бормагандимку...
Бу ҳақда йиллар давоми ӯйлайман.
Каъба бутхона эди. Аллоҳнинг ҳабиби уни бутлардан поклади, Каъбатуллоҳ бӯлди. Сен ҳам қалбингни бутлардан тозала, қалбинг байтуллоҳ бӯлсин, -- дейман ӯзимга ӯзим.
Х Х Х
“...Қайтишда Бағдоддаги Шайх Абдулқодир Гелоний тариқатнинг марказига бориш насиб этди. Ундаги муршиддан нафс тазкияси учун вазифа олдим”,--деган эдилар хос суҳбатларнинг бирида.
Бу нукта “Дарвишона” китобига киритилган ғазаллардан бирида дилкаш бир тарзда ӯз ифодасини топган:
Ё Раб! дедиму “ҳу!” ила Бағдода етишдим,
Ё Ғавси кабир, ишқ ила бомдода етишдим.
Иршод узатиб Шайхи Умар дастимга маним,
Ҳол бирла чунон сўзлади… имдода етишдим.
Бунёди дилим завқи ила сархуш ўлубон
Қайтдим ватаним бағрига–барбода етишдим…
Нафс ва нафасни поклаш жабҳасида чеккан риёзатларининг баракотли натижаси барчага аён эди.
--Эътибор берганмисиз, эшонбобо суҳбат чоғи мутлақо бировни ёмонламайдилар? – сӯрайман Абубакрдан.
--Йиллар давоми кимсани ёмонлаганларини эшитмадим,--дейди Абубакр.
-- Неъматжон дилбар шоир, шеърлари ҳам ӯзи каби беозор, самимий,--дерди устоз Ӯлмас Жамол.
--Эшонбобонинг овозини баландлатиб гапирганини эшитмаганман,--ҳайратини яширмайди шоир Абдулло Насриддин.
--Неъматжон кейинги йилларда фариштасифат инсонга айланди. Ижодида ҳам самовий оҳанглар уфуриб турарди. У маънавий камолотга етишган инсон ва шоирнинг тимсоли эди,--дейди устоз Эшмуҳаммад Донохонов.
--Эшонбобо –зӯр шоир! Жимгина кулимсираб юришларининг ӯзи даҳшат! Бу даража яхши шеър ёзганлар босар-тусарини билмай, тентак бӯб қолади.—дейди қатъият билан шоир Эркин Шукур.
Инсон руҳиятининг тенгсиз билимдони устоз Асқар Маҳкам эса Саййид Неъматулло Иброҳимнинг инсоний фазилатлари ҳақида “Оқ китоб” номли рисола битган эди...
Х Х Х
--Эшонбобо ҳам кетдилар...—деди Абубакр.
Қаерга, нима учун, нега кетганини айтмади.
Одам Ато яралганидан бугунгача турлича шарҳланиб келинган асрори азал (азал сирлари)ни шарҳлашни истамади.
Аслида бу ҳолатни сӯз билан ифодалаш уни жӯнлаштириб қӯяди. Уни айтиб бериш шартмас, зеҳнда ҳазм қилиш, сӯзламасдан англаш лозим.
Абубакр – зукко йигит. Ҳалол, покиза, тақволи инсон.
Тақвосига ишонганим учун аёлимга тайинлаб қӯйганман: Қазо етганида ғассолга ҳожат туғилса, ӯғлим узоқда, ёлғиз укам Иззатуллоҳ билан Абубакрни киритишсин...
Биз моддий дунёга боғланган инсонлар учун кетиш ниҳоятда оғир, зеро жон ришталаримиз дунёга чирмашган...
Ҳазрат Мавлоно бу ҳолатимизни ипак қуртига ӯхшатади:
--Эй инсон, дунёга бӯлган муҳаббатинг ришталари билан атрофингга тӯр тӯқиб, ӯзингга зиндон ясайсан. Ӯзингни ҳалок қиласан,--дейди мутафаккир шоир.
Эҳ, Ҳазрат Мавлоно, Ҳазрат Мавлоно... Биз Сизни англасак эди... Ақалли англашга ҳаракат қилсак эди...
--Инсониятнинг Ҳазрат Мавлонони англаши учун яна беш юз йил керак,--дейди тадқиқотчи эмас, фан доктори эмас, Машҳаддаги оддий бир дӯкондор.—Мавлонони англаганимизда уруш-жанжал бӯлмасди. Инсоният осойишта яшарди.
Одам одам эканлигини англаб етарди...
Х Х Х
--Истамбулда бӯлсангиз, “Шаби арус”да албатта, келинг—деди Конияда Мавлоно университетида Халқаро Мавлоношунослик марказининг директори.
Туркияда Ҳазрат Мавлононинг руҳи самоларга парвоз этган кеча “Шаби арус” деб аталади.
Ҳафта давомида Мавлонохонлик анжуманлари, мутафаккир шоир ҳаёти ва ижодиётига бағишланган илмий конференсиялар ӯтказилади.
Ёри вафодор висолига ошиққан кечалари тонготаргача рақси самоъ бажарилиб, Қуръони карим тиловат қилиниб, ҳазратнинг руҳига бағишланади.
“Шаби арус” форсча “Шаби аруси”—тӯй кечаси, висол оқшоми дегани...
Орифлар наздида ӯлим фожеа эмас, балки ёр висолига етишиш суруридир...
Неъмат аканинг охират сафари ҳам бунга мисол.
Мана, у кишининг энг сӯнгги ғазали:
Маним севгим билан тақдир аро пинҳон риёлик бор.
Қадарга тош отолмасман... қадарга... чун ризолик бор.
Фажрд аяшнагай диллар, зажрда... пирпирар киприк,
Ҳажрдан сирқирар кўнглим... ҳажрда алвидолик бор!
Бу шаблардан қамар кетгай, фиғоним бесамар кетгай,
Яна нурли саҳар келгай... саҳарда ғамзудолик бор.
Ҳажрга кўнмаса бу дил, бу ҳисда сўнмаса бу дил,
Чу тошда унмаса бу дил, бу очундан жудолик бор.
Бу дунёда қолар бўлдим, шу ҳис ичра ўлар бўлдим,
Жонимни Ишқ олар бўлди... Бу Ишқ ичра ҳудолик бор...
Х Х Х
Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ҳақиқий ориф, аҳли завқ эдилар. Яхши бир байтни эшитганда кӯзлари чақнаб кетарди.
Бирида ҳазрат Аҳмади Жомийнинг “Бақарбуқу ҳамезанам” – (Бақар-буқур қилиб қайнаб-тошаман) радифли ғазалини ӯқиб бердим:
--Даҳшат экан,--дедилар ҳайрат тӯлла нигоҳ билан—ҳақиқий даҳшат экан!
Х Х Х
“Замондош” газетасига чоп қилиш учун “Дарвишона” туркум ғазалларини ӯқиб, тӯлқинланиб кетдим. Мисраларда Ҳазрат Мавлоно руҳи барқ урарди. Мавлавиёна оҳанг, фасоҳат ва балоғат зеҳнимни оҳанрабо янглиғ ӯзига жазб этди. Равон ва самимий байтлар қатидаги соҳир мусиқа кишининг руҳини навозиш айларди.
“Жон одамнинг баданига мусиқа орқали киритилган” деган гап бекорга айтилмаган...
Қалби қатларидаги ҳайрат жилолари сӯниб битмаган одам бундай ғазалларни ӯқигач, инсоний қолипдан чиқиб, малакут оламига маънавий парвоз этиши муқаррар...
Ғазаллар зеҳниятимни ағдар-тӯнтар қилди.
Руҳиятимдаги ғалаёнларни бостириш мақсадида деразадан кӯриниб турган дунёнинг аччиқ-чучугини тотавериб сабр-тоқат ва ақл-заковат тимсолига айланган Ҳисор тоғларининг қорли чӯққиларига кӯз тикиб ӯтирган чоғим газетачиликка бахшида умрини қалам аҳли орасида ӯтказган моҳир суратчи Қизилбой ака Авғонов кириб келди.
Мушаввашхотир эканлигимни сезди шекилли, салом-аликдан сӯнг:
--Нима қиляпсиз?—дея сӯради.
--Шеър ӯқияпман. – дедим.—Шеър деб мана бунга айтадилар. Эшитинг:
Бир Ишқ, анинг сиррини бу қон била олмас,
Бир нур, анинг важҳини бу жон била олмас.
Бир дард, анинг жабрига олам чидаёлмас,
Бир аҳд, анинг ҳаддини Кайҳон била олмас.
Бир сирки, маним жонима ўтлар соладир, бас,
Беҳуда эрур сўйламак, Инсон била олмас…
*****
Минг йилки, ҳажр бодиясинда борадирман,
Минг йилки дилим нур ичида, ўт орадирман.
Умримга боқиб шарм этадирман, яшадим кўп,
Куфримни кўриб юзи шувут–қоп-қорадирман.
Минг йилки мудом пойинга бош қўйдиму куйдим,
Минг йилки, Сенга талпинаман, ёлворадирман!..
*****
Эй бандаи хор, бандаи нафс, банди қафассан!
Сен бори шуғул, бори чуғул, бори ҳавассан!
Ишратзада тан, ҳою ҳавас, орзуйинг ила
Тўфони дайр ичра мудом учгучи хассан.
Бир бора дилинг аршида Ҳақ нурини топмай,
Мавжуди ҳаёт ичра ҳамон одам эмассан!..
Ғазалларни ӯқиб тугатгач:
--Бунақа шеърни ӯқиган одам деразадан шундоқ учиб чиқиб, осмонларга парвоз қилиши мумкин,--дедим жазава билан очиқ турган деразага боқиб. Душанбенинг бокира осмонида мусаффо булутлар сузиб юришарди бамайлихотир. Бу жаннатий манзарага қанча вақт тикилиб қолганимни билмайман.
Қайтиб қарасам, ҳеч ким йӯқ.
-- Бу шоирнинг жазаваси тутди шекилли, ӯзини еттинчи қаватдан пастга ташласа, балога қоламан, --деб ӯйлаган Қизилбой ака секингина чиқиб кетганди бояқиш...
Бу воқеани Неъмат акага айтиб берсам, оғизларини кафтлари билан беркитиб мазза қилиб кулдилар. Кулги асносида шартта тӯхтаб:
--“Дарвишона”ни китоб қилсам, сӯзбошисини ӯзингиз ёзасиз,--дедилар жиддий.
--Бӯпти, ёзаман,--дедим мен ҳам иккиланмай.
...Сӯзбоши ёзилди.
“Дарвишона” китоб ҳолида босилиб чиқди.
Аммо айрим ишоралар борлигига қарамай, негадир сӯзбоши кӯнглимдагидек чиқмади.
Бу битиклардан Неъмат аканинг ҳам кӯнгли тӯлмагани аниқ...
Х Х Х
Эшонбобонинг севимли шогирди истеъдодли шоир Абдул Воҳид фарзандларининг тӯйига таклиф қилди.
Қиялигида Кӯлбулоқ қишлоғи жойлашган қирнинг теппасига жой қилган экан. Қишлоқ аҳли дон-дунларини янчиб оладиган хирмонжойда кечки шабада ғир-ғир эсмоқда. Пастда ястаниб ётган тунги Душанбенинг чироқлари худди ердан потирлаб чиққан нур ғунчаларидек...
Жуда дилкаш манзара. Одамнинг баҳри-дили очилади.
Суҳбатдошлар: Неъмат ака, акалари таниқли уламо, ёзувчи Саййид Таваккалхон Иброҳим, шоир Абдулло Насриддин, истеъдодли ёзувчи Абу Бакр, Қуръони карим ҳофизи Жамшиджон Рустамов... бари аҳли дил.
Инсон қалбининг занглаб қотиб қолган қулфини ҳам очишга қодир бӯлган бу сеҳрли манзарадан илҳомланиб, дедим:
--Бирида ана шундай тоғнинг тепасида ӯтирган авлиё Иброҳим Адҳамдан :
--Ҳазрат, комил инсонни қандай билса бӯлади,--дея сӯрайди суҳбатдоши.
Авлиё жавоб беради:
--Комил инсон мана шу тоққа қараб “юр” деса, юриб кетади.
Аллоҳнинг дӯсти ҳали гапини тугатмасиданоқ тоғ нортуя мисоли лӯкиллаб юриб кетади...
Шунда авлиё:
--Тӯхта, юр деганим йӯқ, сени фақат мисол келтирдим холос, деган эканлар.
Бу ривоят йиғилиш аҳлининг идрокларини жумбушга келтирди. Кӯнгилларни завққа тӯлдирди. Суҳбат мавзуи ӯз-ӯзидан авлиёуллоҳнинг ҳаёти томонга бурилди.
Юз-кӯзларидан маърифат нури ёғилиб турган Таваккалхон ака давом эттирдилар...
Яна мен гапирдим...
Яна Таваккалхон ака...
Ора-ора бир неча маротаба Неъмат акани суҳбатга тортмоқчи бӯлдим. Удалаёлмадим...
Суҳбат тун ярмигача чӯзилди.
Неъмат ака устоз Асқар Маҳкам таъбири билан айтганда “куйик” чеҳраларидаги малиҳ табассум ила жимгина тинглаб ӯтирдилар охиригача.
Кимдир “акалари наздида гапирмадилар, эҳтиром юзасидан” деб ӯйлаган бӯлиши мумкин. Аммо бу ориф бир инсоннинг “Хилват дар анжуман” (Даврада худди хилватдагидек сукут сақлаб ӯтириш, мавзуни бошқалардан кӯра яхшироқ билсада, сӯз қотмаслик) ҳолати эди...
Х Х Х
“Осиё” журналининг илк сонини тайёрлаш чоғи бу хайрли ишни Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг шеърлар туркуми билан бошлашга қарор қилиб, ёздим:
“Шайх Фаридуддин Аттор ӯзининг безавол “Тазкиратул авлиё” асарини табаррук учун Пайғамбаримиз (с.а.в) неваралари Имом Муҳаммад Жаъфари Содиқ зикри билан бошлаганлар. Буюк адибдан андаза олиб , “Осиё”ни табаррук учун Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим шеърлари билан бошладик”.
Айрим зоҳирбин дӯстларимизга бу гаплар эриш туюлгандир. Аммо мен улуғ шоирга тириклик чоғидаёқ эътирофимни изҳор қилганим, қила олганимдан хурсанд эдим.
Бу нарса ҳаётимда мени қониқтирган ишларимдан бири эди.
(Давоми бор)
Абдуллоҳ Зуҳур