Биз фано туфроғи бӯлдик...
(Ориф инсон, ӯзбекнинг забардаст шоири Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим зикри)
(2-қисм)
Х Х Х
Харсанг тошни ёриб чиққан нозик гиёҳни кӯрган қалб кӯзи очиқлар истеъдоднинг қудратини яхши англашади. Истеъдод тор хонага, ҳовлига, кимлар томонидандир бӯлиб-бӯлиб олинган мамлакатларга сиғмайди.
У бутун ер куррасига, барча инсониятга тааллуқли.
Биз миниб юрган автомашина, хонамизни ёритган электр чироқ, уйимизга муздек сувнинг оқиб келиши ҳам қай бир Худо берган истеъдод ақл-заковатининг маҳсули.
Истеъдод—Илоҳий неъмат.
Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим каби нодир истеъдодлар ҳам маҳдуд ҳудудларга сиғмасди.
Кейинги 5-6 йил ичида у Фейсбукнинг энг фаол иштирокчиларидан бирига айланди.
“Мавлоно Румий олами” маърифий гуруҳини ҳам ташкил қилди.
Ноёб истеъдодининг нурлари фейсбук орқали бутун оламга таралди.
Зиёга ташна қалбларга рушнолик бахшида айлади.
Кӯнгилларга чечаклар экди.
Гулзорлар яратди.
Орифона рубоийлар...
“Маснавийи шариф”нинг айрим шоҳ байтларига битилган шеърий шарҳлар...
Абулмаъоний Мирзо Абдулқодир Бедил рубоийларининг шарҳи...
Мубашшир Аҳмад ва Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим саҳифаларида ҳар куни очилажак хушбуй чечаклардан баҳраманд бӯлиш учун ҳар кеча фейсбукка кирардим...
Х Х Х
Фейсбук саҳифасида эълон қилинган ирфоний ғазаллари маҳшар барпо этди. Минглаб мухлислар қалбини жумбушга келтирди.
Ӯзбек шеъриятида ғазал жанри қайта жонланаётгани бадиий сӯзнинг муҳиб ва мухлисларини қувонтирди.
Кимлардир ғийбат, туҳмат ва ӯзини кӯз-кӯз қилиш минбари деб тушунган фейсбук саҳифасини Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ғазаллари гулзорга айлантирди.
Шеър—кайфият маҳсули. Кишининг руҳий ҳолатига мос тушган чоғи нишонга аниқ тегади.
“Навоийдан кейин” ғазалини ӯқиб жуда таъсирландим.
Аслида у кишининг аксари ғазалларини кӯз ёшисиз ӯқиб бӯлмасди.
“Хонага ёлғиз бекиниб, йиғлаб-йиғлаб ӯқийдиган ғазал бӯпти”—деган фикр қолдирдим.
Бу фикрингиз мени жуда илҳомлантирди,--деган эдилар кейинчалик учрашганимизда.
Мана ӯша дилкаш ғазал:
НАВОИЙДАН КЕЙИН…
Кимларни топди ахтариб кўзлар Навоийдан кейин?
Бунча ғарибу музтариб Сўзлар Навоийдан кейин.
Қайда нафосат мактаби, недур гўзаллар матлаби?
Борми замонда Гул каби қизлар Навоийдан кейин?
Ҳазрат Қамар* эрди, яна кавкаб** эди минглар анга,
Сўнди самода неча юлдузлар Навоийдан кейин…
Ирфонга ким муштоқ эрур? Шеър мулкида ким тоқ эрур?
Айтинг, нечоғлик оқ эрур юзлар Навоийдан кейин?
Кўрмам фасоҳат шоҳда ҳам, топмам адолат жоҳда ҳам,
Кетмиш ўчиб бу роҳда*** ҳам излар Навоийдан кейин…
Умри кузакка етмади… Каъба тавофин этмади…
Сарғайди-ю, лек кетмади кузлар Навоийдан кейин.
Нафс кўйига от солдиг-эй, ботил хаёлга толдиг-эй,
Қайси мақомда қолдиг-эй, бизлар Навоийдан кейин!?
Х Х Х
Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ҳақиқий мусулмон зиёлиси эдилар.
Ботинда ҳам, зоҳирда ҳам, сӯзда ҳам, амалда ҳам...
Туриш-турмушлари, тафаккур ва муомала тарзлари исломий эди.
Х Х Х
Тожикистон Давлат радиоси Ӯзбекча эшиттиришлар муҳаррири, ёзувчи Отабек Ғойиб Тошкент сафаридан таниқли ёзувчининг хотиралар китобини келтирган экан.
Дӯшанбега Ӯзбекистондан бадиий китоблар келишининг тӯхтаганига яқин йигирма йил бӯлганди.
Соғингандик.
Китобни бирор ҳафтага олиб, ӯқиб чиқмоқчи бӯлдим.
Секин варақладим:
Колхоз раислари берган зиёфатлар тавсифи...
Ароқхӯрликлар...
Маишат манзаралари...
Таниқли ёзувчининг мусулмон китобхонга ёзиб қолдирган эсдаликлари...
Китобни қайтариб бердим...
Х Х Х
Душанбега борганимда меҳмонга чақирдилар. Абдулла Насриддин билан биргаликда бордик. Зуваласи садоқат, одамийлик ва диёнат ила қорилган бу мард йигитнинг самимиятига бот-бот қойил қолганман.
--Бир жойга боришимиз керак, лекин сиз ишдасиз... –дердим нуфузли газеталардан бирида масъул котиблик қилаётган Абдулло Насриддинга.
--Ака,--дерди Абдулло содда ва самимий оҳангда,--кечқурун соат олтидан эрталаб саккизгача бӯшман. Парво қилманг, хоҳлаган жойингизга бораверамиз.
Бу диёнатли йигит билан Тожикистонни Шаҳритусдан Ғармгача, Кӯлобдан Хӯжандгача кезиб чиқдик. Туғишганларимдаг-да яқин бӯлган бу йигит билан руҳимиз уйғунлашиб кетган. Гапирмасдан туриб бир-биримизни англаймиз.
Х Х Х
Абдуллонинг самимияти ҳақида гапириб, Бобоқул эсимга келди.
Жуда истеъдодли бу рассом йигитнинг яшаш тарзи оддий одамлардан фарқ қиларди. Олам кӯзига тор келиб қолган чоғи бошига кӯрпани тортиб, 2-3 кеча-кундуз ухлар, ёхуд хаёл сурарди. Илҳоми келганда эса 3-4 кеча-кундуз ухламасдан расм чизарди.
Устоз Асқар Маҳкам студентлик йиллари унинг суҳбатларини тинглаб, иккита шеър ёзган эдилар. Бу шеърларни китобларида учратмадим.Аниқ эсимда: бирининг сарлавҳаси “Бобоқулнинг одами” эди.
Хуллас, бир куни эрта тонгда Хӯжанднинг “Ватан” кинотеатри орқасидаги маҳаллага, Бобоқулнинг квартирасига бордим. Ухлаб ётган экан.Уйғотдим.
Бир жойга боришимиз керак,--дедим.
Юз-қӯлини ювиб йӯлга тушди.
Автовокзалга келиб, Сомғорнинг автобусига ӯтирдик.
Автобус йӯлга тушганда чидаёлмай савол бердим:
--Нега қаерга борамиз, деб сӯрамайсан?
--Ёмон жойга бормаслигимизни билгач, сӯраб нима қиламан,--деди Бобоқул.
Ҳазрат Мавлоно :
Ҳамдили аз ҳамзабони беҳтар аст.
(Дилдошлик тилдошликдан афзал) деб шу мавридларда айтган бӯлсалар керак.
Х Х Х
Ҳа, Абдулло Насриддин билан меҳмонликка бордик.
Хос даврада Таваккалхон ака ҳам ҳозир эдилар.
Эрон ҳақида сӯрашди.
Аҳли башар тамаддунининг ӯчоқларидан бири бӯлган бу жозибали афсонавий мамлакат ҳақида гапирдим.
--У ердаги соғлом маънавиятни кӯргач, асл илдизларимиз шафқатсизларча кесиб ташланганини ҳис қилади одам,--дедим афсусланиб.—урф-одатлар, расм-русумлар, ҳунармандчилик, меъморлик, мусиқа, шеърият, умуман яшаш тарзида минг йиллик анъаналар табиий ва тадрижий равишда давом эттирилмоқда.
Ҳеч нарса пролетарчасига қайта қурилмаган...
Табиийки бадиий адабиёт ва адабиётшунослик мавзусини четлаб ӯтолмадим:
Унда мумтоз адабиёт ҳақида гапирадиган одам энг аввало бу адабиётнинг сарчашмаси—Қуръони каримнинг билимдони бӯлиши зарурлиигини таъкидлаб, дедим:
--Умрим ёзувчи, шоир, олим ва журналистлар орасида ӯтди. Энг маданиятли одамлар орасида яшаяпман, деб ӯйлаб юрардим.
Энди билсам...
Костюм-шимни чиройли дазмоллаб, галстук тақиб, чиройли қадаҳ сӯзи айта олиш билан маданият тугал бӯлмаскан...
--Лекин даҳшатли гапни айтдингиз, --деди Неъмат ака хайрлашув чоғи.
Х Х Х
Баъд аз вафот турбати мо дар замин мачу,
Дар синаҳои мардуми ориф мазори мост.
Форс адабиётининг бу ҳузнли шоҳ байтини Тожикистондаги фуқаролик уруши йиллари шафқатсизларча шаҳодатга етказилган иқтидорли шоир Зикруллоҳ Валининг китобига ёзилган муъжаз сӯзбошида келтирган эдим.
Бу шоҳбайтни устоз Асқар Маҳкам жанозасида видолашув чоғи айтгандим.
Энди Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим хотирасини эслаб ёзаяпман.
Зеҳнимнинг мусаффо баҳорий осмонида Асқар Маҳкамнинг арслоннинг наъраси мисол қаҳқаҳа отишлари, Зикруллоҳ Валининг ӯта самимий, беғубор кулгиси, Неъмат аканинг оғзини кафти билан беркитиб, жилмайишлари, малеҳ табассуми чақмоқдек чатнаб ӯтади...
Булар –юрагимнинг сувайдолари...
Х Х Х
Нутқ – инсонга ато этилган буюк Илоҳий неъмат.
Гапириш, дардлашиш, фикр алмашиш, унс тутиниш одамизод фарзандининг фитрий эҳтиёжидир.
Инсонни бу эҳтиёждан мосуво айлаш – жуда оғир жазо.
Одамизодни жазолаш учун яратилган бир кишилик камералар шунинг учун барпо этилган.
Баъзида ӯйлайман: Сафар, Муҳаммадсаид, Муродхон, Абубакр, Абдулло Насриддин, Садриддин, Бобоқул, устозларим Хушбахт ака Абдуназаров, Асқар Маҳкам, Эшмуҳаммад Донохонов, Ҳасанбой Эрбобоев, Саййид Неъматулло Иброҳимлар бӯлмаганида нима бӯларди.
Булар—менинг маънавий муҳитим.
Булар-- қалбимнинг хилватхоналарини ёритган чироқлар.
Булар -- сирдошларим, дарддошларим, руҳдошларим...
Х Х Х
Фейсбук орқали Шарқ қӯшиқчилик санъатининг афсонаси устод Муҳаммадризо Шажариённинг хонишини юбордим. Ҳазрат Мавлононинг ғазали билан айтилган бу қӯшиқ ӯта жозибали эди.
--Хонани ичкаридан қулфлаб йиғлаб-йиғлаб эшитдим,--деб жавоб ёздилар Неъмат ака.—Сиздан илтимос, бунақа дурдона асарлардан юбориб туринг.
Устоз Ӯлмас Жамолни эсладим. Саксон ёшда ҳам мусаффо қалби болаларча беғуборликни тарк этмаган устоз Шерали Жӯраевнинг соҳир садоси билан ижро этилган “Тушимда кӯрсам эди” хонишини тинглаганда кӯз ёшларини тӯхтатолмас эдилар.
Х Х Х
Неъмат ака мендан етти ёш катта эдилар.
Синфдош ёхуд курсдошим эмасдилар.
Нега охират сафарлари маънавий ва жисмоний ҳаётимда зилзила барпо қилди?
Бир ой бош қотирдим.
Ориф зот бу саволга бундан етти йил аввал “Таҳайюр” китобига ёзилган дастхатда жавоб берган эканлар:
...Абдуллоҳ Зуҳурга
Менинг Ҳақни кӯрган кӯзимсан, дӯстим,
Ботилга санчилган сӯзимсан, дӯстим.
Энг яқин хешлар ҳам дарддош бӯлмади,
Руҳдошу ақрабо ӯзингсан, дӯстим!
Неъматуллоҳ Иброҳим
20.06.12 й.
Ҳа, бу ориф инсон билан
Қишлоқдош эмасдик ... руҳдош эдик.
Синфдош эмасдик... руҳдош эдик.
Курсдош эмасдик ...руҳдош эдик.
Гуруҳдош эмасдик... руҳдош эдик.
Дардимизни дастурхон қилмаган дарддош эдик биз...
Абдуллоҳ Зуҳур,
Машҳад шаҳри.