Коронавирус: ўлим тўшагида ўқилган никоҳ
Ҳам қувончли, ҳам ғамгин бу воқеа коронавирус юқтирган беморларни даволайдиган юқумли касалликлар шифохонасида содир бўлди.
Covid-19 касалига чалинган инсонларни даволаётган шифокор, бир неча кун олдин ўзи гувоҳ бўлган воқеани Би-би-сига айтиб берди:
Ўлим тунида тўй хабари
Британиянинг Брэдфорд шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси.
Ҳамшира Софи Майлс тунги сменани бошларкан, ҳамкасблари унга коронавирус юқтирган бир ёш йигитнинг куни битаётани ҳақида айтишади.
Ҳамшира палатага киради. Бу ерда у касалнинг ёнида тўлиқ ҳимоя кийимидаги, ниқоб ва шиша юзқалқон тақиб олган ёш аёлни кўради.
Аёл ўлаётган йигитнинг қаллиғиман, дейди.
У касалхонага видолашиш эмас, балки оила қуриш истагида келганини айтади.
Ҳамшира қиз бироз эсанкираб қолади. Бироқ тезда касалхона руҳонийси Жоу Фьелдерни чақиради.
У руҳонийдан икки ёшга никоҳ ўқиш мумкинми, деб сўрайди.
Тўйга тайёргарлик
Руҳоний қонуний никоҳ ўқий олмаслигини, аммо қолган барча маросим қоидаларини худди ростмана тўйдек бажаришини айтади.
Тўйга тайёргарлик бошлаб юборилади:
Ҳамширалар зарқоғозлардан никоҳ узуклари ясашади, руҳоний ота эса исмлар ва дуоларни ёзади.
Кейин ҳамма ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқопларни кийиб, касал йигит ётган хонага киради.
Палатада барча худди тўйхонадаги каби суратга тушади.
Чунки куёв ҳам, келин ҳам шуни исташарди.
"Биз ҳаммаси ҳақиқий тўйдек бўлишига интилдик" - дейди ҳамшира Софи.
"Торт олиб келдик ва уни кесиб, барчага улашдик".
Келин ўз қаллиғи ҳаётининг охирги дақиқаларини яшаётганини биларди.
Шу боис севишганлар ушбу лаҳзаларни эр-хотин сифатида биргаликда ўтказишга қарор қилгандилар.
"Айни лаҳзалар улардан оила ўлароқ қолаётганган сўнгги хотира эди".
"Ҳаммамиз йиғлардик" - эслайди ҳамшира Софи.
Мен рози...
Руҳонийга ҳам шифокорлар бемор йигитнинг бу оқшом жони узилиши мумкинлигини айтишганди.
"Мен барча тадорик ва маросимларни худди черковдаги тўй каби ташкиллаштиришга интилдим" - дейди руҳоний Жоу Фьелдер.
"Куёв нафас олишга жуда қийналарди, аммо амаллаб "мен рози..." деб айта олди".
"Келин ҳам сўзларни айтолмасди. Чунки тинмай йиғларди".
"Оила бир пайтнинг ўзида ҳам куларди, ҳам йиғларди".
"Ақл бовар қилмас тўй бўлди" - эслайди руҳоний.
Бемор йигит умрининг охирги лаҳзаларида ҳам оиласи учун масъулиятни бўйнига олаётганди.
Оиласи ҳам буни англаб турарди.
"Уларнинг муҳаббат қиссасига ҳисса қўшганимдан миннатдорман" - дейди руҳоний.
Марҳумнинг оила аъзолари бу севги ҳикоясини, ажойиб хотирани сизлар билан ҳам бўлашишимизга рухсат беришди.
Image captionПрофессор Жон Райт Би-би-си учун кундаликлар ёзади.
Ушбу ҳаётий ҳикояни Би-би-си айтиб берган шифокор - эпидемиолог, профессор Жон Райт.
У Брэдфорд Тиббий тадқиқотлар институти раҳбари.
Пофессор Райт вабо, ВИЧ ва эбола эпидемияларига қарши курашган фахрий шифокор.