Қуръоний башоратлар (9)
Бугун Қуръоний башоратлардан яна бири ҳақида суҳбатлашамиз.
Дастлаб “Юнус” муборак сурасининг 62-64- ояти карималарини ӯқиймиз:
أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّـهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ ﴿٦٢﴾ الَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ ﴿٦٣﴾ لَهُمُ الْبُشْرَىٰ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ ۚ لَا تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللَّـهِ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ﴿٦٤﴾
Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (62) Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. (63) Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир. (Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.) (64)
Бир куни ҳазрат Али(а) бу ояти карималарни тиловат қилгач, суҳбатдошларидан сӯрадилар: “Авлиёуллоҳ” кимлар эканини биласизларми?
Ёронларидан рад жавобини олгач, буюрдилар: Аллоҳнинг дӯстлари. Биз ва биздан кейин келадиган издошларимиз...
Аллоҳнинг Расули (с) ҳам буюрмишлар: “Аллоҳ дӯстларининг сукути зикр, қарашлари ибрат, сӯзлари ҳикмат ва жамиятда мавжудликлари баракот сабабидир”.
Юқорида келтирилган ояти кариманинг таъбири билан Аллоҳнинг дӯстлари икки сифат билан зийнатланмишлар: иймон ва тақво. Уларнинг қалбларидаги ҳижоблар четга сурилган. Улар маърифат, иймон ва пок амал нурининг ёғдусида Аллоҳни дил кӯзи билан кӯрганлари сабабли кӯнгилларига ҳеч қандай шак-шубҳа даримайди. Аллоҳ билан ошноликлари сабабли Худодан ӯзгалар назарларига аҳамиятсиз, арзимас, қадрсиз бӯлиб кӯринади. Аллоҳнинг дӯстлари Ул зотнинг жамол ва жалолига шунчалик ғарқ, пок зотининг мушоҳадасига шунчалик маҳв эрурларким, Ундан ӯзгани унутиб қӯймишлар.

Бу ояти карималарда қӯрқув ва гуноҳ хавф-хатаридан қутулишнинг йӯли иймон ва тақво эканлиги таъкидланади. Тақво инсонни шаҳват туғёнидан асраб қолувчи ички назорат кучидир. Уни инсон вужуди машинасини гуноҳ жарлигига қулаб тушишдан асровчи қудратли тормозга ӯхшатишади.
Тақво билан зийнатланган кишилар қалб, тафаккур ва барча аъзоларини гуноҳдан асраб қолганликлари сабабли жонларининг қаърида ажиб сокинлик ва осойишталикни ҳис қиладилар. Ҳаётнинг энг шафқатсиз тӯфонлари ҳам уларни қимирлатолмайди, васвасага сололмайди. Улар ҳеч нарсадан қӯрқмайдилар, ҳеч қандай ҳодисадан ғамга ботмайдилар. Улар дунё ва охиратда завқ-сурур ва хушҳоллик оғушидалар.
Тақво неъматидан маҳрум киишлар учун эса осойишталик ҳисси бегона. Бировларга зулм-ситам қилган, одамларнинг қонини тӯккан, инсонларнинг мол-мулк ва ҳуқуқига тажовуз қилган кимсанинг кӯнгли осойиш топармиди?!
Рӯзанинг фарзлигини эълон қилган ояти каримада Қуръони карим унинг ҳикматларидан бири тақво эканлигини таъкидлаган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ ﴿١٨٣﴾
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз. (183)
Парҳезкорлик, гуноҳлардан узоқлашиш, нафс тарбияси инсонни тақво поғонасига кӯтаради. Тақво инсонга тӯғри йӯлни танлаш заковатини ато айлайди. Бошқача қилиб айтганда, тақво зулматли тунда кетаётган кишининг қӯлидаги чироқдир. Бу чироқ уни қоронғуда йӯлдан адашишлар ва гуноҳнинг тубсиз жарлигига ағдарилиб кетишлардан асрайди.
Аллоҳнинг Ҳабиби буюрадилар: “Тақво барча эзгу амалларнинг сарчашмасидир.”
Рӯзадор инсон ӯз нафси устидан ғалаба қилади. Шу сабабли руза тақвони қӯлга киритишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Рӯза тутган киши нафснинг саркаш отини жиловлаб, қалбни сайқаллаб, баданини поклаб, ботинини ислоҳ қилади. Одамлар ислоҳ бӯлгач, аста-секин жамиятни ислоҳ қилишнинг заминаси вужудга келади. Бундай инсон номаъқулчиликларнинг олдини олади, омонатга хиёнат қилмайди, ӯзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, Аллоҳнинг дӯстлари сафига қӯшилади.
Исломий Инқилоб Муаззам Раҳбари буюрадилар:” Рамазон ойи рузасининг натижаси бизга йил бӯйи ҳаётнинг паст-баланд йӯлларида кӯмаклашадиган, тӯғри йӯлдан адашмаслигимизни таъминлайдиган қалб ва жонларимиздаги тақводир. Гуноҳдан парҳез қилиш маъносини билдирган тақво инсоннинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бӯлиб, уни саодат манзилига бошлайди”.
Оятулло Хоманаий ҳазратлари муборак рамазон ойида тақвога риоя қилиш ва уни эгаллаш лозимлигини таъкидлаб буюрадилар: “Бу кунлар ва бу ойда Аллоҳдан сӯраган энг азиз нарсангиз тақво бӯлсин. Дунё ва охиратнинг саодати, муваффақиятлар, барча ишларнинг кушойиши, Илоҳий омаднинг барча-барчаси парҳезкорлик ва тақвога бориб тақалади”.
Қуръони каримда таъкидланишича, тақво натижасида осмон баракоти дарвозалари инсоннинг юзига очилади. Унинг вужудида ҳидоят ва ҳикматни қабул қилиш шароити муҳайё бӯлади. Муборак оятларнинг башорат беришича, Илоҳий тақвога эга бӯлган кишига ҳақни ботилдан ажратиш заковати берилади.
Пайғамбаримизнинг улуғ саҳобаларидан сӯрашди:
--Тақво нима?
Деди:
--Тиконли йӯлдан юриб кӯрганмисан?
Деди:
--Ҳа.
Деди:
--Қандай юрдинг?
Деди:
--Тикон бор жойга қадам қӯймадим, тиконсиз жойларидан юриб ӯтдим.
Деди:
--Билиб қӯй, ҳаёт йӯлида тиконлар кӯп. Аллоҳ юрма, деган йӯлдан юрмаслигинг тақводир.