Эрон табиатининг жозибали манзаралари (24)
Гроб чашмаси
Эроннинг шимолий-шарқидаги Хуросони Разавий вилоятининг кўплаб сайёҳлик объектлари орасида, Груб ёхуд Гроб булоғини ҳар жиҳатдан маҳорат билан ишланган шоҳасар ёки табиат қалбидаги қимматбаҳо хазина деб аташ мумкин.
Ҳозирда Хуросони Разавий атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бош бошқармаси назорати остида бўлган ушбу ажойиб табиий обида, аслида турли хил таъм ва рангларга эга кўплаб булоқлардан иборат бўлиб, уларнинг суви кўплаб хасталикларга даводир. Ушбу қизиқарли табиат ҳодисаси ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.
Чашмаи Гроб Машҳад-Нишопур эски йўлида жойлашган ва Машҳад шаҳридан масофаси тахминан 50 километрни ташкил қилади. Ушбу булоқнинг номи яқин атрофдаги қишлоқ, яъни "Гроб" қишлоғи номидан олинган. Тилшунослар ва тарихчилар гроб сўзини олтингугурт бирикмаларини ўз ичига олган булоқлар ва минерал сувларга нисбатан ишлатадилар.
Гроб булоғи бу битта булоқ эмас, балки турли тепаликлардаги бир неча булоқлар тўпламидир. Бир-биридан тахминан 500 метр узоқликда жойлашган бу булоқлар конус шаклига эга бӯлиб, ер сатҳидан баландда жойлашганлар. Аммо бу булоқларнинг ажаблантирадиган томони шундаки, ҳар бир чашманинг суви ҳар хил ранг ва таъмга эга. Бу ҳар бир булоқда маълум минераллар мавжудлиги билан боғлиқ. Ушбу моддалар ҳар бир булоқ сувининг таъмини нордон, аччиқ ёки шўр қилади ва уларга ҳайратланарли хилма-хиллик бахш этади. Қодир Худо яратган айнан шу хилма-хиллик Чашмаи Гробни ҳайратланарли табиий обидага айлантирган.
Ушбу мажмуадаги энг катта булоқ конус шаклидаги булоқ бўлиб, унинг суви яшил рангда кӯзга ташланади. Бу чашма баландлиги 30 метр бўлган тепаликда жойлашган бўлиб, уни Гроб булоқларининг асосий манбаси деб аташ мумкин. Геологлар Гроб булоқ сувларини юқори кислотали темирга бой натрий хлоридли сувлар турига қӯшишган. Илмий тадқиқотлардан маълум бӯлишича, булоқ суви таркибида хлор ва сулфат каби кўплаб моддалар ҳамда бошқа бирикмалар мавжуд ва бу нарса Гроб булоғининг сувлари ушбу материалларнинг жуда бой бўлган ер ости манбалари билан боғлиқлигини кўрсатади.
Хуросони Разавий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармаси мутахассиси Муҳаммад Ризо Мансурий Донишвар Гроб булоқ сувларининг лаборатория таҳлиллари натижаларига ишора қилиб, шундай дейди: Натрий ва хлор ионлари ушбу булоқ сувларида энг юқори фоизга эга. Гроб булоқ сувларида кӯплиги бўйича бикарбонат, калций, магний ва сулфат ионлари ҳам кейинги ўринларда туради. Атроф-муҳит мутахассиси шундай дейди: "Ҳудуддаги тошларнинг микроскопик ва макроскопик қисмларида газлар ажралиб чиқиши сабабли тешикларнинг пайдо бўлиши далиллари мавжуд, бу сув гидрокимёвий далиллар билан бирга булоқларнинг ернинг катта чуқурликлари билан боғланишини кўрсатади". Шу сабабли, хулоса қилиш мумкинки, минтақанинг геологик жараёни, бир неча минг йиллик фаолиятига қарамай, ҳали ҳам фаолдир.
Барча булоқларнинг суви озми-кўпми лойқадир ва қаерга чўккан бўлса ҳам, лимон сариғидан мис қизилигача бўлган рангли из қолдирган. Майдоннинг тош шакли ҳам булоқларнинг бетакрорлиги ва гўзаллигини оширган. Албатта, бу тошли ҳудудининг айрим қисмлари тош қазувчиларнинг зараридан омон қолмаган. Аммо Гроб булоғи, табиат гӯзаллигининг тирик намойиши сифатида, ўз ҳаётини давом эттириб келяпти.
Асосий булоқнинг лойқа суви яшил рангга эга ва унинг барча жойларидан озми-кўпми газ чиқади. Булоқ тубидан кӯтарилиб, сув юзигача етиб борадиган газ пуфакчаларини аниқ мушоҳада қилиш мумкин. Гроб чашмаси сузиш учун нисбатан кичик майдонга эга бўлса-да, номаълум чуқурликдаги сувда сузиш ноёб тажрибадир; Баъзи бир геологик тадқиқотларга қарамай, Чашмаи Гроб номаълум ва сирлилигича қолиб келяпти.
Тадқиқотчилар бу чашманинг қимматли шифобахшлик хусусиятларини сувини тадқиқ қилиш орқали тасдиқладилар. Ер қаъридан қайнаб чиқаётган сув кўплаб шифобахш хусусиятларга эга. Кўп йиллар давомида ушбу минтақа аҳолиси тери касалликларини даволаш ва шифобахш сувидан фойдаланиш учун ушбу булоқларга мурожаат қилишган. Тадқиқотларга кўра, ушбу булоқ суви таркибига кўра танадаги ортиқча моддаларни йўқ қилишга ёрдам беради. Гроб булоқ сувининг бўғим касалликларини даволашда жуда фойдали эканлиги ҳам илмий жиҳатдан исботланган. Ошқозон бези, ӯт, сӯлак бези ва ошқозон ости бези секрециясини кӯпайтириш ҳам бу сувнинг бошқа терапевтик хусусиятидир.