Саҳвалон ғори
(last modified Sat, 30 Jan 2021 20:13:30 GMT )
Январ 31, 2021 01:13 Asia/Tashkent
  • Саҳвалон ғори

Эронда кўплаб ғорлар мавжуд бўлиб, уларнинг энг ноёб ва энг гўзалларидан бири мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Саҳвалон сув  ғоридир. Бу ажабтовур ғорнинг тарихи  70 миллион йил аввалги геология ёки бўр даврининг иккинчи босқичига тўғри келади.

Ғорлар - бу ҳар доим одамларни ўз сир-асрорларини кашф этишга чорлайдиган синоатли ва  ажойиб дунё. Уларга борганингизда, ушбу табиий диққатга сазовор жойларнинг яширин гўзалликларини кўриб ҳайрат уммонига ғарқ бӯласиз. Эронда кўплаб ғорлар мавжуд бўлиб, уларнинг энг ноёб ва энг гўзалларидан бири мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Саҳвалон сув  ғоридир. Бу ажабтовур ғорнинг тарихи  70 миллион йил аввалги геология ёки бўр даврининг иккинчи босқичига тўғри келади.

Оҳактошлар  ва муътадил иқлимга эга  бўлган бу ғаройиб ғор ҳар бир томошабинни нафақат иккинчи маротаба, балки қайта-қайта ташриф буюришга ҳам мафтун этади. Ушбу ажойиб ғор ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Саҳвалон ғори Ғарбий Озарбайжон вилоятидаги Маҳобод шаҳридан 42 км жануби-шарқда, Эроннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Саҳвалон курд тилида “муз” деган маънони англатади. Албатта, маҳаллий аҳоли бу ғорни каптар уяси деган маънони англатувчи "Куна  Кутар" деб ҳам аташади. Ушбу номланишнинг сабаби ғор ичида жуда кўп каптар уялари мавжудлигидир. Ушбу ғор Эроннинг миллий табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Саҳвалон ғори мамлакатнинг иккинчи сувли ғори бӯлиб,   ғор ичидаги кўлда қайиқда юриш унинг энг жозибали хусусиятларидан биридир. Ушбу кўлнинг суви ер ости сув қатламлари ва булоқларнинг қайнаб чиқишидан таъминланади.

Бу ғорда милоддан аввалги биринчи ва иккинчи минг йилликлардан Парфия ва Ислом даврларига қадар,  ҳатто Ўрта асрларда ҳам  одамлар яшаб келган. Ғорнинг аниқ кашф этилиш  санаси маълум эмас, чунки унинг атрофида доимо қишлоқлар ва турар жойлар мавжуд бӯлиб,  одамлар ҳар доим ундан бошпана ва ов майдони сифатида фойдаланишган. Аммо расмий равишда, 1890 йилда биринчи марта француз Жак де Морган Саҳвалон  қишлоқ аҳолиси билан биргаликда ғорнинг сув йўлини кӯздан кечириш мақсадида  кичик ёғоч қайиқ ясаб, ғорнинг эскизини чизди. Бу эскиз ғорнинг ҳозирги ҳолатига 60% ӯхшашдир.  Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Британия делегацияси ғорни ўрганиб чиқди. 1996 йилдан бери эронлик ғоршунослар тадқиқотни давом эттирмоқдалар. Натижада асосий зал, катта зал ва кириш залидан Парфия ва Илхонийлар даврига оид сопол идишлар топилди. 2000- йилдан бери сайёҳларни қабул қилиб келаётган ғор, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти ҳимоясидадир.

Саҳвалон ғорига кириб борадиган зинапоялар

Ҳозирга қадар гӯзал Саҳвалон ғорининг қуруқлик майдонидан 250 метр ва сув ҳавзасидан 300 метр майдони ӯрганилган. Саҳвалон ғорининг ички майдони қарийб 600 квадрат метрни ташкил этади. Ғор деворининг таркиби оҳактошдан иборат бўлиб, ғор томининг кўл юзасигача бӯлган баландлиги 50 метрни ташкил қилади ва баъзи жойларда сув чуқурлиги 62 метрга етади. Ғор ичи ва ташқарисидаги ҳарорат фарқи 10 дан 15 даражагача. Ушбу оҳактош ғорининг ичи кӯзни қувонтирадиган  ажойиб   жойларга тўла. Саҳвалоннинг шифтини ва деворларини безатувчи чиройли ва ажойиб қандиллар, сувнинг оқиб тушиши ва оҳактош тошларининг ишқаланиши натижасида ҳосил бўлган сув париси, тошбақа, фил оёқлари, шер ва узум  шодаси каби шакллар шулар жумласидандир. Бу ажабтовур шакллар  наздида суратга тушиш нақадар мароқли.

Саҳвалон ғори

Саҳвалоннинг иккита кириш жойи бор, улардан бири 178, иккинчиси 107 поғонали зинапояга эга. Сайёҳлар бу зиналарнинг биридан ғорга кириб, иккинчисидан чиқиб келишади.   Ушбу зинапоялар уларни ернинг 30 метрлик чуқурлигига олиб боради. Ғорнинг  тубига яқинлашганда ҳаво босими ошади ва кислород камаяди, намлик эса 78% га етади. Ушбу ғор сув ва қуруқлик каби икки қисмдан иборат бўлиб, ҳам ғорларда саёҳат қилувчилар ва ҳам учта ҳовузи борлиги сабабли қайиқда сузиб, уларни маълум жойларда кесиб ўтиш имкониятига эга. Ғор кўлининг суви жуда тиниқ ва унинг чуқурлиги, қоронғи бўлишига қарамай, бир неча метргача кўринади. Бутун қайиқ маршрути бўйлаб ғорни ёритиш  ажойиб манзараларни жилвалантиради. Кӯлда қайиқда сузиш жараёнида ғорнинг чиройли қандилларини яқиндан томоша қилишингиз мумкин. Аммо бу қайиқда саёҳат қилишнинг энг қизиқарли томони каптархоналар ёнидан сузиб ӯтишингиздир. Баъзан бу уялар сизга шунчалик яқинки, ҳатто уялар ва каптарларга қӯл теккизишингиз мумкин. Қайиқда сузиш охирида тош деворларга етиб борасиз, бу сизнинг орқага қайтишингиз лозимлигини эслатади. Ғорни ӯрганувчи мутахассисларнинг фикрига кўра, бундан кейин йӯлни фақат ғаввосларгина давом эттиришлари мумкин.

Саҳвалон ғори

Кабутарлар ва кўршапалаклар  Саҳвалон ғорини яшаш манзили сифатида танлаган ягона жонзотлардир. Кечалари бу ғордан эшитиладиган  қичқириқ овози аслида   кўршапалакларнинг овозидир. Ғорда каптарлар, кӯршапалаклар ва микроскопик жонзотлардан бошқа ҳеч қандай тирик жон  яшамайди.

Ажойиб ва дилкаш табиат ҳамда муътадил иқлимга эга Саҳвалон ғори иллиқ мавсумларда у ерга саёҳат қилган кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг севимли манзили ҳисобланади.  Ғорнинг бутун жозибаларини кӯздан кечирган сайёҳлар Саҳвалон қишлоғида жойлашган эко-ложада тунашлари, эртаси куни минтақадаги бошқа  сайёҳлик жойларини кўриш орқали ушбу ҳудудга саёҳатларини якунлашлари мумкин.