Моргун шаршараси
(last modified Thu, 17 Jun 2021 13:49:47 GMT )
июн 17, 2021 18:49 Asia/Tashkent
  • Моргун шаршараси

Бу машҳур шаршарага чет эллик  экотуристлар  ҳам ташриф буюришни яхши кӯришади. Бугунги дастуримизда сизни Эрон табиатининг ана шу ноёб ҳодисаси билан таништирамиз.

Дунёдаги энг гўзал табиий ҳодисалардан бири дарёнинг сувини баланд жойдан водийга йўналтирадиган шаршаралардир.  Эрон жанубидаги Форс вилоятининг шимоли-ғарбида  Шероз шаҳридан 151 км узоқликда Эрон ва Яқин Шарқдаги энг машҳур   ажойиб ва ноёб шаршара мавжуд. Бу гўзал шаршара Моргун  (Margoo Waterfal) деб номланади

Бу машҳур шаршарага чет эллик  экотуристлар  ҳам ташриф буюришни яхши кӯришади. Бугунги дастуримизда сизни Эрон табиатининг ана шу ноёб ҳодисаси билан таништирамиз.

Моргун шаршараси - Форс вилоятининг Сапедон туманидаги Моргун қишлоғи ёнида жойлашган. Шаршаранинг номи шу қишлоқ номи билан аталади. Қишлоқдан кейин зич Загрос ўрмони билан қопланган ва ичидан дарё оқиб ӯтадиган дара мавжуд. Дарё бўйидаги тош йўлдан бир неча дақиқа юриб,   Моргун шаршарасига етиб боришингиз мумкин. Моргун шаршараси ушбу даранинг ўртасида жойлашган.

Баландлиги 70 метр ва эни 100 метр бўлган Моргун шаршараси энг муҳташам ва ноёб шаршаралардан бири ҳисобланади, чунки кўплаб шаршаралардан фарқли ўлароқ унинг асосини  дарё ташкил қилмайди. Бу шаршара тоғдан сизиб чиққан бир неча минг булоқлардан ташкил топган. Булоқ сувлари минглаб тош ёриқларидан шиддат билан отилиб чиқиб, пастга отилиш чоғи улкан гӯзаллик манзарасини намойиш этади.

Моргун дунёдаги булоқлардан ташкил топган энг кенг ва энг баланд шаршарадир. Шаршара охирида сув катта ирмоқ сифатида  Кумеҳр дарёсига бориб қўшилади. Ушбу шаршара атрофида дарё ва булоқларнинг шарқирраб оққан зулол сувидан  ташқари, қайрилма лолалар, ранг-баранг гулхайри ва бошқа ёввойи гулларга тўла табиий гўзалликлар ва текисликлар ноёб манзара яратган бӯлиб, томошабинда унутилмас хотираларга сабаб бӯлади. Ушбу ҳудуд  кўзни қамаштирадиган ўрмон қопламидан ташқари, жигарранг айиқлар, эчки, кирпи,   шоқол, бўри ва оддий тулки каби ҳайвонларнинг ҳам яшаш маскани ҳисобланади. Шаршара атрофидаги ўсимлик ва ҳайвонот турларининг бойлиги атрофдаги муҳитни Эроннинг миллий ёдгорликлари рўйхатида қўриқланадиган ҳудуд сифатида рўйхатдан ўтказишга сабаб бўлди.

Моргун шаршараси

Моргун шаршараси денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган бӯлиб, минтақа совуқ иқлимга эга. Қиш пайтида баъзида совуқ об-ҳаво шаршарада муз ҳосил бўлишига олиб келади. Ушбу шаршаранинг қишки гўзаллиги алпинистларни ва қишки саёҳат ихлосмандларини мафтун этади. Шаршара сувининг музлаши ва қишнинг чиройли қорлари билан ерни оқартириши Моргун табиатига ўзгача таъсир кўрсатади ва табиатнинг ушбу ажойиб манзарасининг гўзаллиги қиш совуғини сайёҳлар учун ёқимли ва роҳатбахш об-ҳавога айлантиради.

Иссиқ  мавсумларда Моргун шаршарасининг қалбларга ором бахш этувчи, тоза ва зулол суви, ям-яшил дарахтлари, ажойиб табиати ва улуғвор тоғлари сайёҳларни кутмоқда. Шаршаранинг барча гўзалликлари билан бир қаторда, ёзнинг иссиқ кунларида салқин ва ёқимли иқлимга эга бӯлган ушбу ҳудуднинг тоғли иқлими бу шаршарага ташриф буюриш майлини оширади. Йилнинг энг иссиқ кунларида бу сувга кирсангиз, унинг   ҳарорати Селсий бўйича 10 даражадан паст эканлигини билиш сиз учун қизиқ бўлиши керак.  

Моргун, дунёдаги энг катта булоқ шаршараси

Ушбу минтақа аҳолиси Лур ва Қашқойи қабилаларидан бўлиб, улар жуда меҳмондўст, ички ва чет эллик туристларни қизғин кутиб олишади. Улар Моргун ва унинг атрофларида саёҳат қилиш учун яхшигина маҳаллий йӯл бошловчилардир. Моргунликларнинг жозибали маданий меросларидан бири бу уларнинг тўй маросимидир. Омадингиз чопса, баъзида моргунлик келин-куёвлар    ранг-баранг ва жозибали кийимларда шаршарага келиб, чиройли ва эсда қоларли фотосуратларга тушаётганини кўрасиз.  

Ушбу шаршарага кириш йўллари бутунлай тоғли ва қишда ёққан кучли қор билан қопланади.  Шунинг учун қишда бу минтақага бориш тавсия этилмайди, чунки шаршарага етиб борадиган йўллар ёпилиши мумкин. Ушбу шаршара тик ва тор дарада жойлашган энг машҳур сайёҳлик жойларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли бунда чодир тикиш ва автоуловлар  учун жой танқис бӯлиши мумкин. Сайёҳларга агар баҳор ва ёзги таътилда   Моргунга боришни истасангиз, саёҳат қилиш учун эрта тонгни танлаганингиз маъқул, дея тавсия қилинган.