Сабалон тоғи
(last modified Sun, 20 Jun 2021 06:55:08 GMT )
июн 20, 2021 11:55 Asia/Tashkent
  • Сабалон тоғи

Ҳамиша қор билан қопланган Сабалон тоғи , Эроннинг шимолий ва шимоли-ғарбида жойлашган, ўзига хос гўзал табиати ва манзараларига эга бўлган бу тоғлардан биридир.

Эрон кўплаб тоғ тизмаларида жойлашган давлатлардан биридир.  шунинг учун бу ернинг ҳар бир ҳудудида кўплаб гўзал тоғларни кўриш мумкин. Ҳамиша қор билан қопланган Сабалон тоғи, Эроннинг шимолий ва шимоли-ғарбида жойлашган, ўзига хос гўзал табиати ва манзараларига эга бўлган бу тоғлардан биридир. Ушбу тоғнинг ажойиб хусусиятлари ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бугунги суҳбатимизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Озарбайжон туркчасида "Соволон" деб аталувчи Сабалон тоғида  Эрондаги баландлиги Дамованд ва Aлимку чўққиларидан кейинги учинчи ўринда турадиган чўққи жойлашган. Ушбу чўққи мамлакат  шимоли-шарқидаги Aрдабил шаҳридан 35 км узоқликдадир .  Ҳисоб-китобларга кўра, бу улкан тоғнинг узунлиги 60 км ва кенглиги 45 км, у Эроннинг Озарбайжон минтақасида қарийб 6000 квадрат километр майдонни эгаллайди. Ушбу тоғда жами 3 та машҳур тепалик мавжуд. Энг катта чўққиси Султон номи билан танилган. Қолган иккита тепалик ҳам Пирамида ва Касри деб аталади.

Сабалон тоғи чӯққисидаги кӯл

Сабалон - фаол бўлмаган вулқон тоғи. Сабалон вулқон чўққиси тахминан 5 квадрат километр майдонга эга, бу чўққининг жануби-шарқида вулқон кратери жойлашган. Сабалон қатламли вулқон конусини майдони 1200 квадрат километр бўлган лавалар эгаллайди. Ушбу тоғнинг қизиқарли томони шундаки, унинг тепасида кўл мавжуд бўлиб, бу ажабтовур кӯл ушбу ҳудудга кўплаб сайёҳларни жалб қилади. Диаметри 195 ва 80 метр, чуқурлиги эса тахминан 40 метр бўлган кўл. Иссиқ ойларда кўлнинг ҳарорати Целсий бўйича нол даражага етади, суви тоза ва зилол.

Кўлнинг пастки қисми базалт, андезит ва трахитдан иборат бўлиб, кўлнинг ўзи вулқон кратери сатҳидан тахминан 25 метр пастда жойлашган. Кўл суви фақат қор ёғиши билан таъминланади ва ёздан ташқари у барча фаслларда музлаган ҳолда бӯлади, бу Сабалон вулқонида иссиқлик ҳаракати йўқлигини кўрсатади. Кўлнинг чуқурлиги ҳуни шаклида ва кўлнинг тахмин қилинган чуқурлигига қарамай, унинг тубига  ҳали етиб борилмаган. Ёсунлар ва қисқичбақасимонлар бу кўлнинг асосий тирик организмлари ҳисобланади. Сабалон  ўсимликлар олами жиҳатидан жуда бой ва ўзига хос бўлиб, махсус ўсимликларнинг мавжудлиги сабабли, асаларичиликнинг минтақаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда доривор ўсимликлар ҳам жуда кўп учрайди.

Сўнгги йилларда  доктор Aзиз Жавоншер исмли эронлик ботаник Сабалонда ўз исми билан номланган нодир ўсимлик турини  кашф этди.

Эронлик машҳур ботаник олим Азиз Жавоншер

Сабалон тоғ табиати ва махсус географик шароити туфайли Эроннинг 7 та сайёҳлик йўналишларидан биридир. Йил давомида Сабалоннинг барча чўққилари доимий равишда муз ва қор билан қопланганлиги сабабли, ушбу ҳудудда "Aлварс" деб номланган чанғи курорти яратилган бўлиб, бу тоғ чанғисини севувчиларни ўзига жалб этмай қолмайди.  Шунингдек, Сабалон тоғ тизмаларида 110 та иссиқ ва совуқ булоқ мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари замонавий гидротерапия масканига айлантирилган. Ҳарорати 84 даража бўлган "Қинарже" курорти энг иссиқ, кислота даражаси 7,2 бўлган "Қутур Суйи" курорти энг кислотали ва "Говмиш Гули" курорти сониясига 65 литр оқим билан энг серсув гидротерапия маскани сифатида  танилган.

"Говмиш Гули" курорти

Султон чўққисининг ғарбий қисмида ва Жонпаноҳнинг ёнида, вақт ўтиши билан Сабалоннинг рамзига айланган бургут шаклидаги тош бор. Ҳақиқатан ҳам табиатнинг мўъжизаси бўлган бу тош парчаси ерга қӯниб, бошини шарқ томон буриб олган бургут шаклида. Ушбу тош ҳар доим альпинистларни қизиқтирган. Шунингдек, альпинистлар ўз йўлларидаги бошқа тошларни тулки, кокилли кабутар ва тош шоҳ ва малика каби шаклларга ўхшатадилар, булар барчаси тоққа кўтарилишда  йўлни аниқлаш учун ўзига хос йўл белгилари вазифасини  бажаради.

Сабалон тоғи минтақа аҳолиси маданиятида юқори ўринни эгаллайди. Кўпчилик бу тоғни Зардуштийлик дини пайғамбарининг туғилган жойи деб билади. Бу ҳақда турли хил китобларда айтиб ўтилган. Масалан, таниқли немис ёзувчиси ва файласуфи Нитсше ўзининг " Зардушт шундай деди " китобида зардуштийлик таълимоти асосчиси Зардуштни Сабалон тоғидан тушиб келганини айтиб ўтган.  Баъзилар, бу пайғамбарнинг дафн этилган жойи ҳам айнан шу тоғда жойлашган деб ҳисоблашади. Бу борада Сабалон муқаддас ва обрўли жой бўлиб, у ҳатто минтақанинг маҳаллий аҳолиси ва кўчманчилари орасида қасам ичиш учун тилга олинади. Эроннинг миллий табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган Сабалон тоғи табиат ихлосмандлари ва спортчиларни ҳар фаслда тоғ ёнбағридаги табиий курортлари, гўзал ёзги табиати, тоғ тепасидаги ажойиб кўл ва қорли тепаликлари  туфайли ўзига жалб этади .