Эрон табиатининг жозибали манзаралари (55)
Кӯр балиқлар ғори
Луристон табиатининг ушбу гўзалликлари орасида, ернинг қаъридаги ғорнинг қалбида дунёдаги энг ноёб балиқ турларини ўз бағрида парвариш айлаган ажабтовур кӯл алоҳида ажралиб туради. Бундай ҳайратланарли балиқлар мавжудлиги учун бу ғор “Кӯр балиқлар ғори” деб аталади.
Эроннинг ғарбий қисмидаги Загрос тоғларининг қоқ марказида ӯзининг ҳайратланарли гӯзалликлари билан худди узукка қӯйилган кӯз мисоли жойлашган Луристон вилояти ажойиб табиий, сайёҳлик жозибалари туфайли Эроннинг табиий пойтахти сифатида ном чиқарган. Ушбу муътадил иқлимга эга маскан аслида дилкаш об-ҳаво, тоғлар, дарёлар, ўрмонлар, водийлар, булоқлар, шаршаралар ва кӯзни қувонтирадиган гуллар кўргазмасидир.
Луристон табиатининг ушбу гўзалликлари орасида, ернинг қаъридаги ғорнинг қалбида дунёдаги энг ноёб балиқ турларини ўз бағрида парвариш айлаган ажабтовур кӯл алоҳида ажралиб туради. Бундай ҳайратланарли балиқлар мавжудлиги учун бу ғор “Кӯр балиқлар ғори” деб аталади. Ғор суви ва қоронғи жойларда яшовчи кӯзсиз балиқлар. Бугунги суҳбатимизда ана шу гўзал ғор ва унинг ноёб балиқлари ҳақида маълумот берамиз.
Эронда оҳактош тоғларининг қалбида жуда кўп ғорлар мавжуд, улардан энг ажабтовурларидан бири Луристон вилоятининг маркази Хуррамободдан 34 км узоқликда, тоғнинг бағридаги "Ливан" номли қишлоқнинг шимоли-ғарбида жойлашган "Кӯр балиқлар ғори"дир.
Кӯр балиқлар ғорининг йўлининг бошида юқоридан оқиб тушаётган сув жуда чиройли манзарани намойиш этади. Ушбу шаршаранинг суви оҳактошлар орасидан ўтиб Сирам дарёсига қуйилади. Ғорга борадиган йўлда, асосан, маҳаллий игнабаргли буталардан ташкил топган ўсимликлар атроф-муҳит чиройига чирой қўшади. Аммо ушбу миллий табиий ёдгорликни машҳур айлаган нарса бу ғордаги кӯлнинг сувида кўр балиқларнинг қимматли ва ноёб турларининг мавжудлигидир. Ҳозирча бу жуда чекланган ҳудудда уч хил кўр балиқ аниқланган. Булар эндемик тур, яъни фақат Эроннинг ушбу минтақасида мавжуд бӯлиб, дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган нав бӯлганлиги сабабли фавқулодда аҳамиятга эга.
Биринчи марта 1929 йилда Теҳрон-Жануб темир йўлини қуриш пайтида ушбу лойиҳанинг муҳандислари билан Луристонга борган икки даниялик табиатшунос Сирм дарёси бошланишини ўрганиш жараёнида Ливан қишлоғининг яқинидаги сув қудуғига дуч келишди. Бунда улар кўр балиқларни учратишди. Улар кӯр балиқларнинг айрим намуналарини Данияга олиб боргач, уларни "Ирано кипри" номи билан рўйхатдан ўтказдилар, аммо кўр балиқлар жойлашган макон ҳақида лом-мим демадилар. Ушбу кашфиётдан сўнг, Оксфорд Университетидан Ентони Жон Смит исмли инглиз тадқиқотчиси 1951 йилда кўр балиқларнинг жойлашган жойини аниқлаш учун Кирмонга йўл олди. У уч ойлик тадқиқот сўнгида Англияга қуруқ қӯл билан қайтди. Орадан 26 йил ўтгач, у ушбу балиқлар Кирмон коризларида эмас, балки Загрос тоғларида мавжудлигини эшитди. Олим Луристон вилоятига саёҳат қилди ва кўр балиқларнинг масканини топишга муваффақ бўлди. Улардан баъзи намуналарини ўз мамлакатига олиб борди.
Смит Англияга олиб борган балиқлар орасида илгари данияликлар томонидан кашф этилган балиққа ўхшаш бир нав балиқ бор эди. Кӯр балиқнинг бошқа бир тури Смит томонидан кашф этилди ва "Парачобиц Смит" номи билан рўйхатдан ўтказилди. Албатта, Смит, Дания кашфиётчилари сингари ғорнинг жойлашган жойини ошкор қилишдан бош тортган ва ўзининг "Оқ кўр балиқнинг қайтиши" китобида, кӯр балиқлар ғори Загрос тоғларида жойлашганлигини эслатиб ўтган, холос. Кейинчалик, ғорни эронлик кашфиётчилар кашф этгач, ушбу ғор ва кўр балиқларнинг яшаш жойлари ҳақида кўпроқ маълумот берилди ва ғордан ушбу турдаги балиқларнинг учинчи тури ҳам топилди.
Кўр балиқлар ғорининг бағрида ер ости кўли бор. Баҳорда ёғингарчилик ва баҳорги ёмғирлар туфайли кўлнинг ортиқча суви ғорнинг оғзидан тошиб кетади. Ушбу кичик кўлда учта қимматли биологик тур мавжуд. Ушбу балиқлар кўриш қобилиятига эга эмаслиги ва умуман кўр бўлганлиги сабабли, улар кўр балиқ деб номланадилар. Балиқларнинг танаси ихчам, бошлари эса текис. Оғизларининг бурчакларида икки жуфт мўйлови бор, улар орқали ва қоринларидаги икки чизиқ орқали балиқлар атрофдаги ҳиссиётни сезишлари мумкин.Бу балиқнинг танаси яланғоч, тишлари катта ва конус шаклига эга. Кӯр балиқлар умуман рангсиз ва фақат айрим намуналари оч пушти ёки қизил рангга эга. Бу тур балиқнинг текширилган намуналарида унинг максимал катталиги 55 мм гача қайд этилган. Кўзи ожиз балиқлар инсон учун озуқавий аҳамиятга эга эмас, аммо кўплаб илмий-тадқиқот институтларида ноёб генетик манба сифатида ўрганилган. Ажабланарлиси шундаки, бу балиқ асл яшаш жойидан бошқа жойда бир ойдан ортиқ яшамайди.
Агар сиз ушбу ғорга саёҳат қилсангиз, кичиклиги сабабли кўр балиқларни кўриш қийин бўлиши мумкин. Улар тунда ғор оғзидаги сув сатҳига яқинлашади ва йилнинг иссиқ кунларида ҳам ер юзига яқин сувларда кўринишлари мумкин. Бу балиқ яшайдиган сувнинг ҳарорати 5 дан 28 градусгача ӯзгариб туради. Кӯр балиқлар йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган тур сифатида "Қизил китоб"га киритилганлиги сабабли алпинистларга ва сайёҳларга ғорга ташриф буюраётганда балиқларга ва уларнинг яшаш жойларига зарар етказмасликка ҳаракат қилишни маслаҳат беришади.
Кӯр балиқлар ғорига автомобил ва темир йўл орқали бориш мумкин. Агар сиз ғорни томоша қилиш учун поездда борсангиз, тахминан тўрт соат пиёда юришингиз керак. Аммо машинада ғоргача 300 метрлик масофагача бемалол боришингиз мумкин. Машинадан тушгач, 15 дақиқа йӯл юриб, ғорга етиб оласиз.