Эрон табиатининг жозибали манзаралари (56)
Заривар кўли
Курдистоннинг гўзал табиати орасида "Заривар" номли ҳайратомуз кўл бор. Бу кӯл бикр табиати ва ажойиб тоғли ландшафтлари туфайли кўплаб табиат ихлосмандларининг севимли маконига айланган.
Эроннинг энг гўзал жойларидан бири мамлакатнинг ғарбида жойлашган Курдистон вилоятидир. Табиий диққатга сазовор жойлар ва ажойиб об-ҳаво ушбу вилоятни жозибали сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантирган. Курдистоннинг гўзал табиати орасида "Заривар" номли ҳайратомуз кўл бор. Бу кӯл бикр табиати ва ажойиб тоғли ландшафтлари туфайли кўплаб табиат ихлосмандларининг севимли маконига айланган.
Бугунги дастуримизда ушбу гўзал кўлга саёҳат қиламиз. Сизни ушбу дастурда биз билан саёҳат қилишга таклиф қиламиз.
Мариван шаҳридан 3 км ғарбда жойлашган Заривар ёки Зарибар кўли - Ғарбий Эрондаги энг йирик чучук сувли кўл бӯлиб, у Курдистоннинг энг ажойиб жойларидан бири ҳисобланади. Тоғлар ва эман ўрмонлари билан ўралган водийларнинг ўртасида жойлашган жозибали кўл. Заривар кўлининг узунлиги 4,5 км ва кенглиги тахминан 2 км бўлиб, деярли 850 дан 900 гектаргача бўлган майдонни эгаллайди. Ушбу кўлнинг чуқурлиги икки метрдан беш метргачадир. Шуниси қизиқки, Заривар кўлига бирон бир дарё қуйилмайди ва бу кўлнинг суви унинг тубидан қайнаб чиқадиган булоқлардан таъминланади. Қишда, ҳавонинг совуқлиги сабабли кўлнинг юзаси музлайди. Албатта, булоқлар жойлашган жойлар музлашдан ҳимояланган. Ушбу кўлнинг сув ҳажми 30 миллион кубометрни ташкил этади.
Геологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Курдистондаги Заривар кўли маҳаллий чўкиш натижасида ҳосил бўлган. Заминшунос олимларнинг фикрича, Заривар кўли милоддан аввалги 20000 йил атрофида совуқ иқлим шароитида вужудга келган. Табиийки, ушбу сирли кўлнинг шаклланиши ҳақида маҳаллий халқ ӯртасида турли хил афсоналар мавжуд. Баъзилар, Зарибар кўли остида яширин хазина бор, уни кўл ҳимоя қилади ва бу хазинани ҳали ҳеч ким тополмаган, деган фикрда. Кўл номидаги Зар сўзининг ишлатилиши, эҳтимол, кўмилган хазинага ишорадир.
Заривар кўлининг яна бир муъжизаси - бу унда мавжуд бўлган ҳамда кўл қирғоғидан сув ва шамол оқими билан ажралиб турадиган ҳаракатланувчи ороллардир. Баъзан Заривардаги ушбу кичик оролларнинг майдони 20 квадрат метрга етади. Бундан ташқари, Заривар кўли Курдистондаги экологик бирлик ва сув экотизими сифатида ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларига эга бўлган жуда кам учрайдиган ҳодисадир.
Ушбу ҳудуд асосан ўрмон ва ярим зич буттазорлар билан қопланган бўлиб, бу ӯрмонларда Эрон эмани ӯсади. Аммо ҳудуднинг ён бағирлари ва турли минтақаларида ёвойи нок, дӯлана ва бодом дарахтларини учратиш мумкин. Серотофилиюм каби сузувчи ўсимликлар, шунингдек, тиканли ўсимликлар турлари, қамиш, сув нилуфари, чирмовуқ ва ялпиз ҳудуднинг ӯсимликлар дунёсини ташкил қилади.
Заривар сув-ботқоқ зонаси сувда яшовчи қушларни, қирғоқ қушларини ва сувда бўлмаган қушларни жалб қилишда юқори салоҳиятга эга ва ушбу ботқоқли ҳудудда маҳаллий ва кўчиб юрувчи қушларнинг кўплаб турлари яшайди. Оқ рангли денгиз қалдирғочи, эман ўрдаклари, боши қизил ӯрдаклар, лайлак, кулранг қушлар ва холли какку каби ноёб турлар бу жозибали кўлда яшовчи қушлар қаторига киради. Кӯлда шунингдек, қора холли балиқ, қора оддий балиқ, камбиз келинчак балиқ турлари яшашади. Заривар кӯли ва унинг атрофида сув итлари, тулки, ёввойи чӯчқа, қуён, тӯнғиз ва жигарранг айиқ каби сут эмизувчиларни учратиш мумкин. Бундай ӯзига хос хусусиятларнинг комбинацияси Исломий инқилоб ғалабасидан сӯнг Зарибар сув-ботқоқ минтақасини Ромсар халқаро конвенсиясида Эронда рўйхатдан ўтган еттинчи сув-ботқоқ минтақасига айлантирди.
Ушбу минтақанинг об-ҳавоси баҳорда ва ёзда жуда муътадил ва ёқимли, кузда ва қишда эса совуқ ва қуруқдир. Қишда совуқ об-ҳаво ва кўл сувининг чучуклиги туфайли кўл юзасининг катта қисми музлайди. Қор табиатини севувчилар учун қишда ушбу ҳудудга саёҳат ёқимли бўлиши мумкин. Заривар кўли ёнида туристик иншоотлари билан сайёҳлар учун яхши шароит яратиб берган гўзал пляж мажмуаси мавжуд. Агар сиз ушбу кўлга саёҳат қилишни ва у ерда тунаб қолишни режалаштирмоқчи бўлсангиз, Зариварнинг тунги сокитлигидан баҳраманд бўлишингиз учун барча шароитлар муҳайё этилган. Иссиқ мавсумда тунаш учун мос вариантлардан бири бу Зариварнинг қирғоғида чодир тикишдир. Бундан ташқари, кўл соҳилида қатор меҳмонхоналар ва турар жой марказлари мавжуд бўлиб, улар Заривар кўлининг сеҳрли манзарасидан завқланиш иштиёқидаги сайёҳлар учун хизмат кӯрсатишга тайёр.