Эрон табиатининг жозибали манзаралари (69)
Ҳайрон довони
Гилон - Эроннинг энг кӯркам ва гўзал шимолий вилоятларидан бири бўлиб, унинг дилкаш ва табиий диққатга сазовор жойлари кӯп.
Эроннинг бу минтақаси ҳар йили кўплаб сайёҳларни қабул қилади. Аммо Гилон вилоятининг барча гўзал жойлари орасида Ҳайрон довони бу ҳудуднинг энг гавжум йўналишларидан бири бўлиб, Эроннинг шимолий вилояти аҳолиси учун катта стратегик ва сайёҳлик аҳамиятига эга. Ушбу довон Шимолий Эроннинг энг ғарбий нуқтасида ва Эроннинг Озарбайжон Республикаси билан чегарадош ҳудудларида жойлашган бўлиб, шимолнинг яшил табиати Албурзнинг жанубий ён бағирлари ва Эроннинг ғарбий ҳудудлари билан кесишган жойда, гўзал манзараларни ҳосил қилган. Бу ерда иккита иқлим тўқнашади, натижада иқлим ва ландшафтлар ўзгарувчан бўлиб, махсус ўсимликлар ва ўрмонлар билан қопланган ҳудуд юзага келган. Ҳайрон довони - бу ҳодисанинг ўзига хос манзараларидан бири.
Ҳайрон довони Осторо ва Ардабил шаҳарларини боғлайдиган йўл ўртасида жойлашган. Довон бир томондан ўрмон билан, иккинчи томондан нисбатан чуқур дара билан ўралган. Дара тубида Арас дарёси оқади. Бу ҳудуд Эрон Ислом Жумҳурияти ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги чегара ҳисобланади. Ҳайрон сўзи луғатда, "булут ва туманлар билан ўралган майдон" деган маънони англатади ва бу сўз Толиший тилидан келиб чиққан. Ҳайрон довони, худди номи каби, кўп мавсумда булут ва туман билан қопланган. Агар сиз бу ҳудудга саёҳат қилсангиз, нима учун бу ном Ҳайрон довони учун танланганини тушунасиз. Чунки унинг табиатининг ҳаддан ташқари чиройлилиги ҳар бир томошабинни ҳайратга солади.
Ҳайрон довони Эроннинг энг жозибали йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакат шимолидаги Ҳиркон ўрмонлари ва унинг кўкаламзориларидан ўтувчи бурилишларга бой йўл ҳар бир томошабиннинг кўзларини қувнатади. Унинг ўрмонлари ва яйловларининг ярми Эронга, қолган ярми эса Озарбайжон Республикасига тааллуқли. Гуллар, ўрмон ва яйлов ўсимликлари билан қопланган водийлар ва тоғ этаклари, ўтлар орасидан ўтлаётган сигирлар ва асал ари уяларининг гўзал кўриниши - ҳар бир ўтаётган одамнинг кўзига тушувчи ва уни ҳайратга солувчи илк манзаралардир. Ҳайрон довони бўйлаб маҳаллий аҳоли асал ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотадилар.
Ҳайрон довонининг географик жойлашуви, унда яшовчи одамларнинг кўпчилиги деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишига олиб келган. Албатта, унда ниҳоятда жозибали ландшафтларнинг мавжудлиги ва сайёҳлик майдонларининг кенгайиши, туризм соҳаси ҳам бу минтақада гуллаб-яшнашига олиб келмоқда. Ҳайрон довонида ишга туширилган телеферикни минтақадаги энг муваффақиятли сайёҳлик лойиҳаларидан бири деб аташ мумкин. Телеферикка ўтирганингизда, сизнинг олдингизда ғаройиб 1500 метрлик маршрут бўлади, албатта, денгиз сатҳидан 1720 метр баландликда. Бу маршрутда сиз кўрадиган энг қизиқарли жойлардан бирини Сосонийлар даврига мансуб ва ҳозирда Озарбайжон Республикасида жойлашган Шиндон қалъаси (Гор Бобек қалъаси) деб ҳисоблаш мумкин.
Хайрон ёзда мўътадил, қишда совуқ ва тоғли иқлимга эга. Баҳор ва ёзда бу ҳудудда салқин ва ёқимли об-ҳаво бўлади, бу саёҳат завқини кўпайтиради. Аммо кузда эса табиат ранг-баранг ва турли хил дарахтлар ва ўзига хос диққатга сазовор жойларни яратади. Мўжизалар олами бўйлаб сайр қилиш баҳор ва ёзда қанчалик қизиқарли бўлса, бу довоннинг қиши ҳам шу даражада жозибали. Қорга бурканган дарахтлар ва тоғли ҳудудда бўлиш, албатта, инсон қалбига тинчлик олиб келади. Ҳайрон довони биринчи қишки қор билан оқликка бурканиши билан бу минтақага боришда эҳтиёт чораларини кӯриш лозим. Чунки бу хавфли бўлиши мумкин, шунинг учун бу мавсумда саёҳат қилиш учун сиз қишки асбоб-ускуналар билан бу довонга чиқишингиз ва ўрмон дарахтларида тўпланган қор уюмларидан завқ олишингиз мумкин.
Ҳайрон довонидаги гўзаллик фақатгина яхши об-ҳаво билан чекланиб қолмайди. Бу ҳудудда кўплаб сайёҳлик диққатга сазовор жойлари бор, сиз уларни саёҳатингиз давомида кўздан кечириб, саёҳатингизнинг завқини кўпайтира оласиз. Бу минтақанинг диққатга сазовор жойларидан бири бу "Фандуқлу ўрмони" деб номланган текислик ҳисобланади.
Ранг-баранг гуллар, чиройли дарахтлар, фандуқ дарахтлари, ёввойи олма, яшил помидор, зираворлар, малина, қулупнай ва унда яшайдиган ёввойи ҳайвонларга тўла текислик. Баҳорда ушбу текислик саёҳатчиларга жаннатни эслатади. Бугунги дастуримиз тугаши муносабати билан сизни янаги дастурда биз билан бирга саёҳат қилиб, бу соҳир хаёлий майдон билан танишишга таклиф қиламиз.