Саҳанд тоғи
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i66498-Саҳанд_тоғи
Эрон шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шарқий Озарбайжон вилоятининг географик ва топографик хусусиятлари туфайли кўплаб табиий ажойиботларга эга. Унинг ўзига хос хусусиятлари - ноёб тоғлар, жўшқин дарёлар, минерал булоқлар ва ям-яшил ва тетиклантирувчи водийларнинг мавжудлиги. Айни пайтда, Саҳанд тоғи - Озарбайжоннинг энг катта ва муҳим тизмаларидан бири ва Эроннинг энг машҳур вулқон тоғларидан бири, бу минтақанинг рамзи ҳисобланади.
(last modified 2022-12-11T07:16:27+00:00 )
октябр 25, 2021 21:02 Asia/Tashkent
  • Саҳанд тоғи

Эрон шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шарқий Озарбайжон вилоятининг географик ва топографик хусусиятлари туфайли кўплаб табиий ажойиботларга эга. Унинг ўзига хос хусусиятлари - ноёб тоғлар, жўшқин дарёлар, минерал булоқлар ва ям-яшил ва тетиклантирувчи водийларнинг мавжудлиги. Айни пайтда, Саҳанд тоғи - Озарбайжоннинг энг катта ва муҳим тизмаларидан бири ва Эроннинг энг машҳур вулқон тоғларидан бири, бу минтақанинг рамзи ҳисобланади.

Саҳанд ўсимликлар, ўтлоқлар, гуллар ва яйловларнинг кўплиги туфайли Эрон тоғларининг келини сифатида танилган. Саҳанд тоғлари ён бағирларида энг гўзал ландшафтли водийлар, қишлоқлар, боғлар ва далалар билан бирга ажойиб манзаралар яратган. Бизни бу гўзал тоғга саёҳатда кузатиб боринг.

Саҳанд тоғи, Эрон тоғларининг гўзал келини

 

Саҳанд тоғи, Озарбайжоннинг Сабалондан кейинги энг катта ва баланд тизмаси бўлиб, Табриз шаҳрининг жанубида ва Мароға шаҳри шимолида, Шарқий Озарбайжон вилояти марказидаги 129 минг гектар майдонда жойлашган. Бу тоғ тизмасининг баландлиги 3000 метрдан ортиқ бўлган 17 та чўққиси бор, уларнинг энг баланди 3707 метр баландликдаги Гўчўғоли ёки Камол чўққисидир ва у  вилоятнинг энг баланд нуқтаси саналади. Алпинистлар ва тоғ спорти ихлосмандлари орасида маълум бўлганидек, Саҳанд тоғи Эроннинг  бу турдаги ягона тоғли минтақаси бўлиб, у ерда алпинистлар чўққиларга чиққанда сув ташишга ҳожат йўқ. Чунки Саҳанднинг  жанубий ёнбағирларида юзлаб кичик ва катта булоқлар бор.

 

Саҳанд тоғли ҳудудининг иқлими, бошқа тоғли ҳудудлар каби, кенглик, баландлик, шамол таъсири, катта кўлларнинг мавжудлиги, ҳаво босими ва ёғингарчилик каби омилларга боғлиқ. Саҳанд тоғли ҳудуди совуқ иқлимга эга ва тепаликларда ёғингарчилик миқдори 600-700 мм ва 300-500 мм атрофида бўлади. Фаслларни тақсимлаш нуқтаи назаридан у маълум бир тартибга бўйсунмайди ва текисликларга ўхшамайди. Бу тоғда қиш узоқ ва саккиз ойга яқин, ёз эса жуда қисқа.

Саҳанд тоғларида қиш узоқ ва саккиз ойга яқин, ёз қисқа.

 

Саҳанд тоғли ҳудуди ўсимликлар, ўтлар, гуллар ва яйловлар билан қопланган ва баҳорда ноёб ва бетакрор гулзорга айланади. Бу гўзал тоғ ёнбағирлар баҳор ва ёз ойларида қизил, қорамтир лолалар, мойчечак ва турли хил оқ ва сариқ гуллар билан қопланган. Шунингдек, бу ҳудудда озуқавий ва доривор хусусиятларга эга бўлган 60 дан ортиқ турдаги ўсимликлар ўсади. Артишок, қичитқи ўт, ровор ва орегано баҳорда бу тоғдан териб олиниб, маҳаллий бозорларда сотилади. Саҳанд яйловлари Озарбайжон қабилалари ва кўчманчилари учун севимли маскан ҳисобланади. Бу ҳудуднинг сут маҳсулотлари, маҳаллий пишлоқ ва асал тилларда достон.

Бу гўзал тоғ ёнбағирлар баҳор ва ёз ойларида қизил, қорамтир лолалар, мойчечак ва турли хил оқ ва сариқ гуллар билан қопланган

 

Саҳанд ён бағирлари сон-саноқсиз булоқларга тўла эканлигини айтиб ўтдик. Аммо бу орада "Пирсақо" ва "Сари қие сую" деган иккита ажойиб булоқ бошқаларга қараганроқ машҳур. Пирсақонинг сирли булоғи Қора Оғаж шаҳридан 40 км узоқликда ва денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган. Ундан бир кеча-кундузда ўртача тўрт марта, ҳар сафар секундига олти литр тезликда сув оқади ва бир соатдан кейин у бутунлай тўхтаб қолади. Қизиғи шундаки, бу булоқдан сув чиққанда, самолёт овозига ўхшаш овоз эшитилади. Бу ҳодисанинг сабаби ҳали аниқланмаган, лекин Пирсақо булоғининг суви одамлар учун ичиладиган ва муқаддасдир. Бу минтақа аҳолиси, хусусан Чоровимоқ қишлоғи аҳли бу булоқни муқаддас ҳисоблаб, унга назр қилишади ва баъзида унинг олдида қўй ҳам қурбонлик қилишади.

 

Бу минтақанинг иккинчи ажойиб булоғи - Ҳаштруд шаҳридан 32 км узоқликда жойлашган "Сари қие суйи" шифобахш булоғи. Сувининг сариқ рангидан ўз номини олган бу булоқда сув совуқ ва секундига ярим литр сув чиқади. Минг йиллар давомида қайнаб турган бу булоқ суви водий сатҳидан 200 метр баландликдаги "Сари Гиёҳ Си" тоғини яратган ва уч гектарга яқин "Шўр Даре Суйи" ерларини эгаллаган. Тахминан 10 метр масофадан кейин бу булоқнинг суви чўкинди жинсга айланганга ўхшайди ва бу жинсларнинг пайдо бўлиши туфайли Сарий Гиёҳ Си тоғидаги булоқнинг манбаи ҳар йили ўзгариб туради.

Бу ажойиб булоқ баъзан Сарий Гиёҳ Си  тепалигига кўтарилади, баъзан эса тоғнинг пастки қисмига тушади. Минтақа аҳолиси бу булоқ сувидан тери касалликларини даволаш учун фойдаланадилар.

Бу сариқ булоқ сувидан ҳосил бўлган тепалик водий қоялари орасида жуда аниқ кўринади ва Шарқий Саҳанднинг гўзал манзараларидан бирини ташкил қилади.

Яшил ёнбағирлар ва гулларга тўла Саҳанд тоғи сайёҳларнинг севимли ва алпинистлар учун ёқимли хотирани туҳфа этади. Эрон тоғларининг келинига саёҳат қилишнинг энг яхши вақти - баҳор ва ёзнинг охири, бу пайтда об-ҳаво яхши ва қишки совуқдан асар ҳам йўқ.