Россия ва Европа ўртасида газ уруши бошланди
(last modified Wed, 27 Apr 2022 14:57:03 GMT )
апрел 27, 2022 19:57 Asia/Tashkent
  • Россия ва Европа ўртасида газ уруши бошланди
    Россия ва Европа ўртасида газ уруши бошланди

Болгария ҳукумати сешанба куни Россиянинг "Газпром" компанияси мамлакатга 27 апрел чоршанба кунидан бошлаб Россия газини мамлакатга экспорт қилишни тўхтатиши ҳақида хабар берганини эълон қилди. Сешанба куни ахборот манбалари, шунингдек, Россия Полшага газ экспортини тўхтатганини даъво қилди.

Полша ахборот манбаларига кўра, Россия Полшага табиий газ етказиб беришни тўхтатди. Полша аввалроқ Россия табиий гази учун рублда тўламоқчи эмаслигини маълум қилган эди. Полшанинг Авент ахборот портали сешанба куни Полша ҳукумати ва ПЖНИГ давлат энергетика компаниясидаги манбаларга таяниб, Россия Полшага Ямал-Европа газ қувури орқали табиий газ етказиб бераётгани ҳақида хабар берди.  Бу маълумот Москва ёки Варшава томонидан расман тасдиқланмаган.

"Газпром" сешанба оқшомида Полша янги тўлов усулига кўра Россияга газ учун ҳақ тўлашга мажбур эканлигини таъкидлади. Россия Полшага газни 1996 йилдаги Ямал келишувига биноан етказиб беради. Шартномага кўра, Россия Полшага йилига 10 миллиард куб метрга яқин газ жўнатиши шарт. Мамлакатнинг Полшага газ экспорти 2021-йилда 9,4 фоизга ошиб, 10,58 миллиард куб метрни ташкил қилди. Полша сешанба куни Полша газ импортининг 4 фоизини назорат қилувчи Россиянинг Газпром компаниясига қарши санкцияларнинг янги босқичини эълон қилди.

Россия эндиликда Москванинг рубл тўлаш шартини қабул қилишдан бош тортган Европа давлатларига қарши фаол курашмоқчи кўринади. Бу мамлакатларнинг бошида Россияга қарши ҳаракатларда биринчи ўринда турган, шунингдек, Украинани ҳарбий ва қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашда ҳам биринчи ўринда турадиган ва аслида Ғарбнинг таъминоти ва қуроллари Украина кучларига етиб бориши учун дарвоза бўлган Полша турибди. Варшава эса Москвага нисбатан энг қаттиқ позицияни эгаллаб, Россияга босимни кенг миқёсда кучайтиришга чақирди. Буларнинг барчаси Россияни бу мамлакатга газ экспортини тўхтатиб, Полша билан жиддий ва амалий қарама-қаршилик босқичига киришига олиб келди.

Аммо Болгарияда вазият бошқача. Умумий ирқий, маданий ва диний илдизларни, шунингдек, Болгария ва Россия ўртасидаги яқин иқтисодий ва савдо алоқаларига қарамай, Украина-Украина уруши бошланганидан бери София ҳукумати Россияга қарши санкцияларда ғарб ва НАТО иттифоқчиси сифатида Қўшма Штатлар ва унинг бошқа европалик ҳамкорлари билан тўлиқ келишувга эришди. Аслида Москва Болгариянинг Ғарб аксилроссия фронтида бу қадар фаол бўлишини кутмаган эди. Шу боис Москванинг Россияга газ экспортини тўхтатиш бўйича ҳаракатини Софияга нисбатан жазо сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ бу ҳаракатнинг зоҳирий баҳонаси Болгария ҳукуматининг газ нархини рублда тўлашдан бош тортгани бўлиши мумкин.

Европанинг Россияга табиий газ қарамлиги тахминан 40 фоизни ташкил қилади. Бошқа томондан, Россия газ экспортининг 78 фоизи Европага тўғри келади. Натижада, Россия ва Европада табиий газга бўлган талаб ва таклиф хавфсизлиги ўзаро боғлиқ бўлиб, ҳар икки минтақа иқтисодиёти ўзаро боғлиқдир. Ҳозирги вазиятда Европада табиий газ таъминоти хавфсизлиги Европанинг табиий газга бўлган талаби хавфсизлигига нисбатан анча заифлашди. Россия президенти Владимир Путин 23 март куни Россия газ нархини рублга ўрнатиши кераклигини эълон қилди ва ҳукумат, марказий банк ва “Газпром”га газ сотиш шартномаларини рублга айлантириш учун бир ҳафта муҳлат берди. Путиннинг буйруғи Европа Иттифоқининг норозилигига сабаб бўлди, унинг давлатлари Россиядан сотиб олинган газ учун рублда тўламасликларини эълон қилди.

Европа Иттифоқининг иқтисодий комиссари Паоло Гентилони шундай дейди: “Мавжуд шартномалар рублда тўлаш мажбуриятини ўз ичига олмайди ва уларга риоя қилиш керак. Бу Москва таклиф қилган евро-рубл айирбошлаш механизми амалга оширилмаслигини билдиради. Бу Европа санкцияларини четлаб ўтиш ва Европа Иттифоқини шантаж қилишга уринишдир".

Бироқ, Россиянинг энг йирик газ истеъмолчиларидан бири бўлган Германия руб воситасида амалга оширилувчи ўтказмалар шаффофлигини таъминлашга чақирди. Бироқ, Россия ҳозир газ таҳдидларини амалга ошириш босқичига кирмоқда.

 

Украинадаги сўнгги воқеалар (113)