Тожикистон президентининг Эронга ташрифи; Икки давлат муносабатларидаги янги уфқлар
Тожикистон президенти якшанба оқшомида юқори мартабали сиёсий ва иқтисодий делегация бошчилигида Теҳронга келди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга энергетика, иқтисодиёт ва савдо, сув ресурслари ташқи ишлар вазирлари, Туризмни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раислари ҳамда Бош прокурор ҳамроҳлик қилмоқда.
Имом Али Раҳмоннинг Теҳронга икки кунлик ташрифи доирасида Эрон ва Тожикистон президентларининг икки томонлама музокаралари ва иқтисодий, илмий, сиёсий ва маданий соҳаларда ҳамкорликка оид бир қанча ҳужжатлар имзолангани эълон қилинди.
Эрон Ислом Жумҳурияти Президенти Саййид Иброҳим Раисий Тожикистон президентини 1 май куни телефон орқали Эронга ташриф буюришга таклиф қилган эди.
Охирги икки йилда Эрон-Тожикистон муносабатларида яқинлашув мустаҳкамланди; Эрон президентининг 2021-йил сентябр ойида Тожикистонга ташрифи Теҳрон ва Душанбе ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликнинг янги саҳифасини очди ва бу сафар икки давлат ўртасида турли соҳаларда саккизта ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.
Ғарбий Осиёнинг баъзи қисмларида давом этаётган нотинчликлар, АҚШнинг минтақадан чиқиши, шунингдек, Украина уруши минтақа давлатларининг таҳдидларга қарши туриш ҳамда иқтисодий имкониятлар яратиш учун бирлашиши заруратини оширди. Эроннинг ўн учинчи ҳукумати ҳам минтақа ва мусулмон давлатларининг устуворликларини таъкидлаб, бу давлатлар билан ўзаро алоқалар ва савдо алоқаларини ошириш орқали таранглик ва келишмовчиликларни камайтириш ҳамда минтақада яқинлашувни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Эрон ва Тожикистон расмийлари икки томонлама муносабатлар ва минтақавий масалалар юзасидан доимий алоқада бўлиб, иқтисодий шартномалар ва меморандумлардан ташқари, ҳозиргача иккита хавфсизлик битимини имзолаган; Эрон Ислом Жумҳурияти Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Али Боқирийнинг яқинда Тожикистонга ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида мудофаа ва ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Эроннинг “Абобил 2” учувчисиз учоқларини ишлаб чиқариш заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Икки давлат Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ЭКО) ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам яхши ҳамкорлик қилади ва бу ташкилотларда бир-бирларининг позицияларини қўллаб-қувватлайди; Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзолик аризасини Тожикистон томонидан қўллаб-қувватлагани ва бу аризанинг маъқулланишига ва 2021-йил сентябр ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган 21-Шанхай саммитида аъзолик жараёни бошланишига яқин мисол бўла олади.
Тожикистон иқтисодий жиҳатдан Эроннинг жанубий портлари орқали очиқ сувларга чиқа оладиган Марказий Осиёдаги Эроннинг асосий иқтисодий шериги бўлиш салоҳиятига эга давлатдир. Статистик маълумотлар ҳам икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларида сезиларли сакрашни кўрсатади; 2021-йилда Эрон ва Тожикистон ўртасида 131 миллион долларлик 139 минг тоннадан ортиқ нонефт товарлари айирбошланган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан оғирлик бўйича 489% ва қиймат бўйича 463% ўсганлигини кўрсатади.
Эрон ва Тожикистон ҳам нефт, сув омборлари, озиқ-овқат, металл ва туризм лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш учун юқори салоҳиятга эга. Эрон компаниялари эса Тожикистоннинг стратегик лойиҳаларида, жумладан Рағун тўғони ва электр стансияси лойиҳаси, истиқлол туннели, Душанбе сув тозалаш иншооти ва бошқа бир қанча Тожикистон лойиҳаларида фаол иштирок этган.
Очиғи, сўнгги йилларда Эрон ва Тожикистон президентлари ва бошқа юқори мартабали мулозимларининг расмий ташрифлари, сиёсий, иқтисодий ва мудофаа соҳаларида ўнлаб ҳужжатларнинг имзоланиши икки томоннинг турли йўналишларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги жиддий саъй-ҳаракатларини кўрсатади; Эрон ва Тожикистон ўртасидаги кўп йиллик маданий, диний ва тарихий алоқалар ва муштаракликлар ҳам алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун яхши замин яратиб берди, бу эса Тожикистон президентининг Эронга ташрифи орқали янада кенгайтирилиши мумкин.