Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритилмоқда
Конституцияга ўзгартириш киритилмоқда
17 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар бир қатор қонунлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни муҳокама қилишган.
Манба маълумотига кўра, Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111, 112-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабарига кўра, мажлиснинг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда ҳар томонлама ўрганиб чиқилган эди.
Парламент аъзолари суд тизими бенуқсон ишлаши кераклигини таъкидлашган.
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Судлар тўғрисида»ги Қонунга ва бир қатор процессуал кодексларга киритилаётган, янгидан ташкил этилаётган маъмурий ва иқтисодий судларнинг тегишли ҳуқуқий базасини яратиши, шу билан бирга қабул қилинган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи инстанцияларни чиқариб ташлаган ҳолда ишларни кўриб чиқиш тиртибини соддалаштириши лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар айнан шунга қаратилган», дейилган хабарда.
Депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш сиёсатини амалга ошираётган, суд кадрларини танлаш ва жойлаштириш учун масъул орган деб ҳисобланар эди. Бунда Комиссия, аниқ ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган ҳолда, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширар эди, судьяларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисидаги ишларни қўзғатиш, судьяларни рағбатлантириш чора-тадбирлари ташаббуси билан чиқиш юзасидан ваколатларга эга бўлмаган. Мазкур қонун ушбу камчиликларнинг ўрнини тўлдиришга ва ўзига конституциявий орган мақоми ҳам берилиб, ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солишга қаратилган.
Ўтган ойлар давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинганди.