Андижонда музқаймоқдан оммавий заҳарланиш рўй берди. 200га яқин киши шифохонага тушди
(last modified Wed, 17 May 2017 04:01:39 GMT )
май 17, 2017 09:01 Asia/Tashkent
  • Андижонда музқаймоқдан оммавий заҳарланиш
    Андижонда музқаймоқдан оммавий заҳарланиш

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 15 май куни эрталаб 120дан ортиқ киши бир хил симптом- тинимсиз ич кетиш ва қайт қилишдан шикоят қилиб касалхонага мурожаат қилган.

Улар «Овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

«Кун» нашрининг Андижондаги манбаси маълумот беришича, юзага келган эпидемик вазиятни жойларга келиб ўрганиш ва маҳаллий мутахассисларга кўмак кўрсатиш учун зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори Саидмурод Саидалиев Саидғаниевич, Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев Исоқович, Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар текшириш институти директори А.А.Абдушукуров ва вазирликнинг бошқа бир қатор етакчи мутахассислари Шаҳрихонга етиб келган.

Кун охирига қадар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилганлар сони 186 нафарни ташкил қилган, уларнинг барчаси туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига жойлаштирилган.

Жабрланувчилардан 5 нафарининг аҳволи жиддий бўлиб, улар ТТБнинг реанимация бўлимига ётқизилган. Қолган беморларнинг аҳволи енгиллиги айтилган. Уларга палаталарда тиббий ёрдамлар ташкил этилган.

Шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, бир марта ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган. Беморларга ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида аввалига реанимацияга ётқизилган 5 киши умумий палатага ўтказилган. 16 май куни 81 киши аҳволи қониқарли бўлгани учун уйга қайтарилган.

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган.

Ёрлиқ