Ўзбекистон президенти куч тизимларини матбуотга нисбатан босим ўтказаётганлиги учун кескин танқид қилди
Шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувидан Бош прокуратура, ИИВ ва ТИВ ишлар вазирлиги раҳбарлари билан мажлис ўтказган
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Ўзбекистон президентининг куч тизимларини матбуотга нисбатан босим ўтказаётганлиги учун кескин танқид қилиши”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат куч тизимларидан танқидий кайфиятдаги журналистларни тинч қўйишни талаб қилди ва уларни кескин танқид қилди. Шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувидан Бош прокуратура, ИИВ ва ТИВ ишлар вазирлиги раҳбарлари билан мажлис ўтказган. Раҳбарларнинг тор таркиби билан ёпиқ мажлис ўтказилган. Шавкат Мирзиёев мажлис қатнашчиларига мурожаат қилиб, юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг раҳбарлари ўзларининг хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятда бўлган оммавий ахборот воситалари вакилларига бўлган муносабатларини тубдан ўзгартиришлари лозимлигини таъкидлаган. "Хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятда бўлган бошқа оммавий ахборот воситалари фаолиятига нисбатан муносабатларимизни тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш вақти келди. Уларнинг танқид ва компроматга тўла мақолаларини бизнинг камчилик ва муаммоларимизни кўрсатиб берувчи кўзгу сифатида қабул қилишимиз керак. Улар бизнинг мамлакатимизга таҳдид солишмайди, аксинча, муаммоларни топиш ва бартараф қилишга ёрдам беришади.
Мен, масалан, мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида сизларнинг ҳашамдор ҳисоботларингиздан кўра, хориждаги баъзи мухолифат сайтларидан, шунингдек ижтимоий тармоқлардан биламан. Шунинг учун ҳар доим қайтараман, сизлар мени алдай олмайсизлар", – деган Ўзбекистон президенти. Ўзбекистон президенти ҳуқуқ-тартибод идоралари раҳбарларига қарата, "мухолиф ва танқидий кайфиятдаги журналистлар, шунингдек умуман, бошқача фикрлайдиган фуқаролар киритиладиган ҳар хил қора рўйхатларни тузишни бас қилишни" таъкидлаган. Шунингдек, Ўзбекистон президенти ички ишлар вазирига ҳам шу йилнинг 1 август куни Самарқанд вилояти ИИБ подполковниги маҳаллий журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг фаолиятига тўсқинлик қилгани учун эътироз билдирган. Яқинда ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев ҳам иттифоқнинг Сурхондарё вилоят бўлими Музробод туманида қизларнинг ҳижобини ечиш тадбирини уюштиргани учун гап эшитган. "Мени эшит, сенинг қизларнинг рўмолини ечишдан бошқа ишинг йўқми?! Уларни ўз ҳолига қўй! Қандай хоҳлашса, шундай юришсин. Ижтимоий тармоқларни ўқи, одамларнинг фикрини ўқи. У ерда одамлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бу – аёлларнинг паранжисини ечган совет Комсомолининг авлоди эканлигини ёзишяпти",- деган давлат раҳбари Қ.Қуронбоевга қарата.
Сўз эркинлиги мавзусига қайтар экан, Шавкат Мирзиёев ёпиқ мажлис қатнашчиларидан "журналистларнинг ҳатто туҳмат ва ёлғон материалларига ҳам тоқат билан ёндашиш"ни сўраган. "Журналистлар ҳақиқатни ёзганми ёки йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин мен тан олишим керак-ки, хорижий ва мухолиф оммавий ахборот воситалари кўп ҳолларда ҳақиқатни ёзишмоқда ва реал муаммолар ҳақида бонг уришмоқда", – дея қўшимча қилган Ўзбекистон президенти.
Шу йилнинг 3 август куни бўлиб ўтган ёпиқ мажлисда президент Мирзиёев томонидан қўйилган талаблар фақатгина оммавий ахборот воситалари ҳақидаги ўзбек қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини ҳақиқий эркинлаштиришга қаратилган амалий қадамлар қўйилганидан кейин ҳаётга татбиқ қилиниши мумкин. Ҳозирча эса бу чиқишни президент Мирзиёевнинг ҳақиқий сўз эркинлиги ва ошкораликка эришиш йўлидаги шахсий ташаббуси сифатида кўриш мумкин. Ўзбекистонга янги президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришганидан кейин мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш ва қонунчиликни тубдан ўзгартиришга бел боғлади. Шу жумладан оммавий ахборот воситалари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлишини талаб қилмоқда. Шунингдек, бундан бир қанча олдин Бирлашган миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Ўзбекистон президентидан, мамлакатда инсон ҳуқуқларига қарши бўлган тизимларни ислоҳ этиш учун саъй-ҳаракат қилишини сўраган. Бундан ташқари, жорий йилнинг январ ойида ҳам журналистларни ҳимоя қиладиган комитет ҳам Шавкат Мирзиёевдан оммавий ахборот воситаларига ва матбуотга қаратилган чекловларни барҳам берилишини сўраган эди.
Ҳозирги пайтда, Ўбекистон президенти томонидан олиб борилаётган сиёсатлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида тубдан ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўлаётгани яққол намоён бўлмоқда. Лекин шуларга қарамай, халқаро муассасалалар ушбу масалага танқидий баҳо беришмоқда ва кескин фикр билдиришмоқда. Шунингдек, Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари бўйича тадқиқодчиси Стив Свердлов ҳам Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига нисбатан танқидий қарашларни билдириб, Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатда кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказилишига умид билдирган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилотининг мудири Брижит Дофор ҳам шундай айтдики, Ўзбекистон президенти томонидан оммавий ахборот воситалари ва матбуот эркинлиги ҳақида таъкидлари, амалда ижро этилишига ва рўёбга чиқиши учун вақт керак бўлади ва бунинг учун яхши натижаларни кутиб қоламиз деб умидворлик билдирди. Эндиликда, Ўзбекистонда журналистлар ва матбуот тўғрисидаги қонунларни тубдан ислоҳ этиб жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.