Ўзбекистон 2020 йили МДҲга раислик қилиш ниятини билдирди
(last modified Sun, 15 Oct 2017 07:16:51 GMT )
октябр 15, 2017 12:16 Asia/Tashkent

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев Ўзбекистон томонидан 2020 йилда МДҲга раислик қилиш истагини билдирганини маълум қилди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистоннинг 2020 йили МДҲга раислик қилиш ниятини билдиргани”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

        Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев Ўзбекистон томонидан 2020 йилда МДҲга раислик қилиш истагини билдирганини маълум қилди. Ўзбекистон ва Туркманистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳаётида янада фаол иштирок этиш истагини билдиришди, деди МДҲ ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев Сочида бўлиб ўтган мажлис якунида. “Ўзбекистон ва Туркманистон вазирлари томонидан эълон қилинган баёнотлардан қониққанимни яшира олмайман. Улар МДҲ ҳаётида фаолроқ иштирок этиш истагини билдиришди. Мен ижроия қўмита раиси сифатида ушбу икки мамлакатнинг МДҲ иқтисодий кенгаши фаолияти иштирок эта бошлаганини қайд этмоқчиман”, — деди Лебедев. «Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида «​Ўзбекистон 2020 йили МДҲ раислигини қабул қилишга тайёр»​ эканини, алифбо кетма-кетлиги бўйича Туркманистондан сўнг МДҲ доирасидаги саммит ва учрашувларни олий даражада ўтказиш масъулиятни зиммасига олишини билдирди»​, дейди у журналистлар билан қилган суҳбатида. Ундан ташқари Лебедев Туркманистон келаси йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раислигига шерик бўлишга тайёрлигини билдирган.

     МДҲга раислик қиладиган навбатдаги мамлакат масаласи кўриб чиқилди. Умумий қарорга мувофиқ, 2018 йилдан ушбу халқаро тузилмага раислик Тожикистон Республикасига ўтди.  “Навбат бўйича келаси йилда МДҲ ижроия қўмитасида Тожикистон раислик қилади. Россия ва Туркманистон раис ёрдамчилари бўлади. 2019 йили эса МДҲга раисликни Туркманистон қабул қилади. Кенгаш иштирокчилари ушбу қарорни қўллаб-қувватлашди”, — деб қўшимча қилди Сергей  Лебедев. Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган, деб баёнот қилди Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқи давомида. "Барчамиз бугун дунёда рўй бераётган шиддатли ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Илғор технологияларнинг фаол жорий қилинаётгани ва глобал ахборот-коммуникация макони тараққий этаётгани барча жараёнларни жадал ва тез ўзгартирмоқда, қитъалар, минтақалар, давлатлар ва бизнес даражасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

       Бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқламоқда. Асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим. Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш "майдони" эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир. Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик", — деб таъкидлаган ўз чиқиши давомида Ўзбекистон президенти. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. Ўзбекистон тузилмадаги иштирокини янада фаоллаштиради. Шу йил 3 ноябрь куни Тошкентда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади.

      Марказий Осиё масалалари бўйича эксперт Сергей Сакалов ҳозирга қадар Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлати эришган ютуқ ва муваққиятларга ишора қилиб шундай айтдики, Тошкентнинг янги давлатида барча томонлама ўзгаришлар амалга ошди ва эндиликда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон давлатига президент этиб сайланганидан кейин Тошкент ва Остона минтақа етакчилигини қўлга олиш учун саъй-ҳаракат қилмоқда. Умуман олганда, шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон давлатининг Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида иштирок этиш учун ҳаракатлари Тошкент учун нафақат ички ва минтақавий аҳамият касб этади, балки халқаро майдонда ҳам Ўзбекистон сиёсатчиларини янада қўллаб-қувватлашига туртки беради.   Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда 1991 йил 21 декабрдаги мазкур битимга протокол асосида ташкил қилинган. Ушбу халқаро тузилмага Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Украина аъзо ҳисобланади. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир. Ўзбекистон МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу аъзо мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқалар ривожига ҳисса қўшмоқда. 

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

 

Ёрлиқ