Шавкат Мирзиёев Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчини қабул қилди
Нихат Зейбекчи Шавкат Мирзиёевга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Туркияга давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, туризм тармоғини ривожлантириш, шунингдек, замонавий саноат корхоналари ва логистика марказлари барпо этиш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Нихат Зейбекчи Шавкат Мирзиёевга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия олий даражада эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар тўла амалга оширилишининг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.