Ўзбекистонда тахминан 32 минг 500 атрофида ОИТС/ОИВ билан хасталанган бемор бор
БМТ маълумотларига биноан, бугунги кунда ОИТС/ОИВ касаллиги инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган хасталиклар орасида 5-ўриндадир. Касаллик билан яшаётганлар сони дунё бўйлаб 35,7 млндан ортиқни ташкил этади.
KUN.UZ мухбири ҳам Халқаро ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори, профессор Нурмат Отабековга мурожаат қилди.
Унинг маълум қилишича, ОИТСга чалинганлар сонини ва бу касаллик билан боғлиқ эпидемиологик ҳолатни баҳолашда ҳар 100 минг киши ҳисобига тўғри келадиган касалланганлар сони олинади.
Отабековнинг сўзларига кўра, бу борада Ўзбекистондаги ҳолат бирмунча барқарордир. Ҳозирда, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолидан 102 киши ушбу юқумли касалликка чалинган. Бу Ўзбекистонда тахминан 32 минг 500 атрофида ОИТС/ОИВ билан хасталанган бемор борлигини билдиради (тахминий ҳисоб таҳририятники). Қиёслаш учун айтиладиган бўлса, Россияда бу рақам 500 ни, Украинада 280 дан ортиқни ташкил этади.
Шу билан бирга, Отабеков Ўзбекистонда ушбу касалликни аниқлаш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани юзасидан ҳам маълумотлар берди. Унинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон аҳолисининг салкам 11 фоизи, яъни 3,4 млн киши ОИТС/ОИВ таҳлилидан ўтади. Бунда хорижий мамлакатларда бўлиб келган ўзбекистонликлар орасида ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Отабеков қайд этганидек, ҳар йили текширилаётганларнинг 300 мингдан ортиғи хорижда бўлиб қайтаётганлар бўлса, уларнинг касалликка чалинганларининг 75-80 фоизи ОИВни жинсий йўл билан юқтирмоқда.