Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
(last modified Sun, 17 Jul 2016 07:36:44 GMT )
июл 17, 2016 12:36 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2016 йил 15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди ва республика Ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мажлисда республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантириш асосий прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш, саноат, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилманинг ишга тушириладиган энг муҳим объектларини фойдаланишга топшириш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турлари ва ҳажмларини кенгайтириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини изчил қисқартириш, хусусий мулкни янада ривожлантириш, хорижий инвесторларни акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига жалб этиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий методларини, энг аввало, янгидан ташкил этилган тузилмаларда жорий этиш бўйича дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва танқидий таҳлил қилинди.

Қайд этиб ўтилдики, пухта ўйланган ҳамда жаҳонда ривожланишнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган стратегиянинг миллий манфаатларга жавоб берадиган изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда амалга оширилиши туфайли, жаҳон иқтисодиётидаги чуқур тизимли муаммоларнинг мавжудлигига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини узлуксиз ошириш барқарор равишда сақланмоқда. Республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги умуман халқаро молия институтлари ва жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда, жумладан, бу жорий йилнинг 23-24 июнида Тошкент шаҳрида ўн бешинчи юбилей саммити муваффақиятли бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам қайд этиб ўтилди.

Мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган қарорида қайд этилганидек, ушбу йилларда миллий иқтисодиёт қарийб 6 бараварга ўсди. Ўзбекистоннинг ғалла, ёқилғи-энергетика ва транспорт-коммуникация мустақиллигига эришилди. Саноатнинг иқтисодиётдаги улуши 34 фоизга, тайёр маҳсулотларнинг экспорт таркибидаги салмоғи 70 фоиздан зиёд ошди. Истеъмол товарлари ҳажми аҳоли жон боши ҳисобига 7 бараварга, реал даромадлар 12 баравардан ортиқ кўпайди. Давлат бюджетининг 60 фоизидан юқориси ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсишини таъминлади. Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Молия-банк тизими барқарорлигини янада ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар банклар жами капиталининг 23,3 фоизга ва депозитларнинг 27,7 фоизга ўсишини таъминлади, бу иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг 26,2 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш, диверсификациялаш ва оптималлаштириш дастурий чора-тадбирларини фаол амалга ошириш давом эттирилди. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга давлат буюртмаси жорий этилди. Ғўза майдонлари қисқартирилди, бўшаган майдонларга мева-сабзавот экинлари экилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга кўпайди.

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 4,4 триллион сўмдан кўп ва 111 миллион доллар миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Муҳокамалар давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва ҳокимликлар раҳбарлари олдига 2016 йил учун белгиланган барча мақсадли параметрларга ва прогнозларга эришишни таъминлайдиган қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, энг аввало, иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни чуқурлаштириш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг қабул қилинган ўртача муддатли дастурларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳисобига келгуси йилда иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тайёргарлик ишларини ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти раҳбарларининг эътибори, шу жумладан, ҳар йили ўтказилаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси доирасида хорижий компанияларни – жаҳондаги етакчи тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни биргаликда фаолиятга жалб этишни таъминлаган ҳолда пахта толасини қайта ишлаш ҳамда тайёр тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўришнинг зарурлигига қаратилди.

Стратегик инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш ва жорий йилда ишга тушириладиган муҳим объектларни ҳамда саноат қувватларини, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини ўз вақтида фойдаланишга топширишни сўзсиз таъминлаш масалалари мажлис қатнашчиларининг диққат-эътибори марказида бўлди. Қайд этиб ўтилдики, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмларини 11,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитларни 17,2 фоизга кўпайтириш таъминланди. Жами қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 43 та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 72 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди.

Фарғона водийси вилоятларини республиканинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри темир йўл орқали боғлайдиган, 19,2 километр узунликдаги ноёб туннелга эга бўлган 123,1 километр узунликдаги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўл линияси ишга туширилди. Самарқанд-Бухоро темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳаси ниҳоясига етказилмоқда. Узунлиги 1250 километрдан ортиқ бўлган кенг полосали тола-оптик алоқа линиялари барпо этилди. Аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 68 фоизга етказилди. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 13 мингта якка тартибдаги уй-жойни қуриш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг эътибори, энг аввало, маҳаллий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли, рақобатбардош ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларнинг янги замонавий турларини ишлаб чиқарувчи юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш юзасидан уларнинг шахсан жавобгар эканликларига қаратилди.

Бир қатор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарларига, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига инфратузилмаларни, транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, шу йил 30 июнь ва 1 июлда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан қўйилган вазифаларни ҳал этишни ўз вақтида таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Мажлисда экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг турлари ва ҳажмларини кенгайтириш, маҳаллий товарларни сотишнинг янги хорижий бозорларини ўзлаштириш, шу асосда 2016 йилда, айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш прогноз параметрларига сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги пухта таҳлил қилинди.

Қайд этилдики, жаҳон бозорларида конъюнктуранинг нобарқарорлигига ва ноқулайлигига қарамай, экспортни кўпайтириш резервларини максимал жалб этиш, экспорт қилувчи корхоналарни фаол рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмларининг жадал суръатлар билан ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлади. Йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, маҳсулотларнинг 208 та янги турларини экспорт қилиш ўзлаштирилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш таъминланмоқда.

Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида хўжалик бирлашмалари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари олдига экспортни кўпайтиришнинг мавжуд резервларини сафарбар этиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ҳамда “Ўзтадбиркорэкспорт” компанияси раҳбарларининг кичик бизнес субъектларини ва фермер хўжаликларини экспорт фаолиятига фаол жалб этишни таъминлаш, шунингдек, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ва «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти раҳбарларининг энг аввало, якунига етаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тузилган шартномалар асосида янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб беришни кенгайтиришни таъминлаш юзасидан шахсий масъулияти алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини тубдан қисқартириш, давлат активлари ва улушларини хорижий инвесторларга сотиш ҳисобига хусусий мулкни жадал ривожлантириш ҳамда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий методларини жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг ҳолати ва натижадорлигига алоҳида эътибор берилди. Қайд этиб ўтилдики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305 та давлат активлари сотилди. Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди. Устав фондларида давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 374 та ўрнига 202 тагача қисқарди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига камида 15 фоиз миқдорида салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш ва 2015 йил ноябрь ойидаги Халқаро инвестиция форумида тузилган меморандумлар доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ишларини фаоллаштириш топшириғи берилди.

Давлат рақобат қўмитасига манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар билан биргаликда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий методларини ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини жорий қилиш ва қўллашнинг, шунингдек, “ноль” қиймат бўйича сотилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишнинг ҳамда инвесторлар томонидан олинган инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилишининг ҳолати юзасидан тизимли мониторинг олиб борилишини таъминлаш юкланди.

Мажлисда ғалла ўрим-йиғими якунлари танқидий таҳлил қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи иқтисодиёт тармоқлари раҳбарларининг эътибори куч ва воситаларни ғўзани интенсив парваришлашга ва ҳосил йиғим-теримига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар комплексини таъминлашга йўналтирилиши зарурлигига қаратилди.

Мажлисда, шунингдек, давлатимиз раҳбари қарори асосида янгидан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Миллий университетда, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳамда Тошкент давлат техника университетида таълим жараёнини янада такомиллаштириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бунда олий таълим муассасасидаги таълимнинг илм-фан билан ўзаро мустаҳкам алоқасини илғор жаҳон тажрибаси асосида таъминлашга, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларига мувофиқ ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифати ва даражасини тубдан оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари олдига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали нишонлаш бўйича ташкилий-амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирларини сифатли амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва республика вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2016 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.