Ўзбекистонда иқтисодий мақсадларни кўзлаб дипломатия соҳасини ислоҳ этиш
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг ўзида, ташаббуси ва натижадорлиги йўқлиги, сусткашлиги ҳамда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 10 нафар элчи вазифасидан озод этилганини маълум қилди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Ўзбекистонда иқтисодий мақсадларни кўзлаб дипломатия соҳасини ислоҳ этиш”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилишида 2017 йилнинг ўзида, ташаббуси ва натижадорлиги йўқлиги, сусткашлиги ҳамда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 10 нафар элчи вазифасидан озод этилганини маълум қилди. Ўтган йилда Ўзбекистоннинг Хитой, Япония, Туркия, Малайзия ва бошқа давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимидан бўшатилган эди. Ўзбекистон президенти нутқи аввалида дипломатлар фаолиятига батафсил тўхталди. "Минг афсуски, бугунги кунда барча элчи ва дипломатларимиз бирдек самарали фаолият кўрсатмоқда, деб айтолмаймиз. Қайд этиш керакки, ўз фаолиятини тубдан ўзгартириб, янгича руҳда ишлаётган элчиларимиз ҳам йўқ эмас. Улар аниқ амалий натижаларга эришмоқда. Аммо фаолияти бизни қониқтирмайдиган, ўз лавозимида узоқ ўтириб қолган, "мудраб ётган" дипломатлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни уйқудан уйғотишнинг ўзи амримаҳол. Бу мени қаттиқ ташвишга солмоқда", — деган президент.
Мирзиёев элчи Президентнинг хориждаги расмий вакили эканлигини, у давлатнинг ташқи сиёсатини самарали амалга ошириш учун тўлиқ масъул ва жавобгарлигини қайд этди. "Шунинг учун элчи барча ходимларидан кўра кўпроқ ишлаши, ўзининг ақл-заковати, ташаббускорлиги ва талабчанлиги, билим ва салоҳияти билан бошқаларга намуна бўлиши лозим. У ҳар куни чуқур асосланган янги-янги таклифлар ишлаб чиқиб, тақдим этиши шарт. Ўзи ишлаётган мамлакат ҳудудларига бевосита бориб, уларнинг бозор сиёсатини чуқур ўрганиши, бизнесменлар билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиши даркор". Ваҳоланки, дипломатлик — оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъатдир. Ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, чет тилларни билиш етарли эмас, бунинг учун аввало туғма талант керак. Жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик, турли манфаатлар тўқнашуви, геополитик зиддиятлар тобора кучайиб бормоқда. Бундай ғоят мураккаб ва таҳликали шароитда биз кучли ташқи сиёсат олиб бормасдан туриб, кўзлаган мақсадларимизга эришолмаймиз. Кучли, самарали ташқи сиёсат олиб бориш учун эса аввало кучли дипломатлар корпусига эга бўлиш керак.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили изчил ҳаётга татбиқ этилиши минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратиш, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди. Шу асосда сувдан оқилона фойдаланиш, чегара, транспорт қатновини қайта тиклаш ва кенгайтириш, виза тартибини бекор қилиш каби кўплаб нозик масалаларга ечим топилди. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва муассасалар ҳамда давлатлар билан алоқаларини ва ҳамкорликларини янада кенгайтиришни кўзламоқда. Ўзбекистоннинг БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Тошкент шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг офиси қайта иш бошлади. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестициялари банки билан ҳамкорликни янгича асосда йўлга қўйилди. 2017 йилда 200дан ортиқ халқаро шартномалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати қарийб 60 миллиард долларга тенг келишув ва битимлар имзоланди. Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим бир масалага эътибор қаратиш керак.
Ўзбекистоннинг глобал ва минтақадаги долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида кўрсатган ташаббуслари дунё ҳамжамиятида кенг қўллаб-қувватланиши, мамлакатнинг халқаро мақоми сезиларли мустаҳкамланиши, ҳамда мамлакат ташқи сиёсати миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги масалаларни кенгайтириши, дунё ва минтақанинг етакчи давлатлари билан стратегик шерикчилик муносабатлари янги сифат даражасига кўтарилиши, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш, қўшни мамлакатлар, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда шакллантирилган янги сиёсий муҳит яратишда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги муҳим устувор вазифалари ва йўналиши этиб белгилаш учун катта эътибор қаратилмоқда. Умуман олганда дунё бугун Ўзбекистоннинг янгича очиқ, янгиланган ва жадал ривожланаётган қиёфасини кўрмоқда. Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2018 йилда барча давлатлар, энг биринчи навбатда қўшни давлатлар ва яқин ҳамда узоқ хориж мамлакатари билан дўстликка асосланган, ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштиради. Чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида комплекс-чора тадбирлар қабул қилинади. Мавжуд консуллик муассасалари фаолияти кенгайтирилади ва янгилари очилади. Хизматлар тақдим этиш электрон форматга ўтказилади.
Ўзбекистон президенти Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари зиммасига 3та энг асосий вазифаларни юклатди. Биринчиси экспорт. Элчихоналар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериши керак. Бугунги кунда барча ривожланган мамлакатлар айнан шу йўлдан бормоқда. Улар ўз мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларда тарғиб қилиш билан шуғулланмоқда. Иккинчидан, чет эл инвестицияларини, замонавий технологиялар ва билимларни жалб қилиб, Ўзбекистоннинг саноат ва инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантиришдир. Мамлакатга кириб келаётган инвестициялар ўзбекистон келажаги учун муҳим рол ўйнайди. Уларнинг ҳисобидан янги корхоналар, иқтисоднинг янги йўналишлари ва янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек мамлакатнинг рақобатбардошлиги ва аҳоли бойлиги ошади. Учинчидан, элчихоналар Ўзбекитонга сайёҳлар оқимини ошириш учун самарали фаолият олиб боришлари керак. Ундан ташқари, элчихоналар хорижий мамлакатлардаги кенг жамоатчиликни Ўзбекистон очиқ, конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларга доимо тайёр эканлигини доимий равишда маълум қилиб туриши лозим. Бунда, аввало, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, мамлакат саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш учун хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича тизимли иш борилишига алоҳида эътибор қатиш лозим бўлади.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.