Наманганлик блогер судига даъвогар келмади
(last modified Thu, 22 Feb 2018 15:20:23 GMT )
феврал 22, 2018 20:20 Asia/Tashkent
  • Наманганлик блогер судига даъвогар келмади

Наманганлик Фэйсбук фойдаланувчиси Аббос Насриддинов (Фэйсбукдаги номи Аббос Асад) устидан пайшанба куни бошланган маҳкама даъвогар келмагани важидан қолдирилган.

Бу ҳақда унинг ўзи Фэйсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Наманганлик блогер Ислом Каримов ва қизларини ҳақоратлашда айбланмоқда

Насриддинов Маъмурий жавобгарлик кодексининг 40 ("туҳмат") ва 41 ("ҳақорат қилиш") моддалари бўйича айбланмоқда.

Унинг маълум қилишича, маъмурий ишлар бўйича Наманган шаҳар судининг Енгил саноат коллежи биносидаги суд мажлиси пайшанба куни соат 11 да бошланган.

"Судья процедурага оид саволларини бериб бўлганидан кейин ушбу иш бўйича қанақа эътирозларим борлигини сўради. Эътирозларимни санаб ўтдим, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома асоссиз тузилган, менинг Фейсбукдаги фаолиятим бўйича Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги экспертлар хулосаси даъвогарнинг буюртмаси билан тайёрлангани учун холис ҳисоблаб бўлмайди, бу ишда даъвогар сифатидан давлат чиқмоқда деган фикрга қўшилмайман, шунинг учун ишни кўриб чиқишни рад этишингизни ёки бошқа мустақил экспертлар комиссиясига топширишингизни сўрайман, чунки Фейсбукдаги чиқишларимда мен Ўзбекистон қонунчилиги доирасидан чиқмаганман, деб айтдим. Судья аризани ким ёзган, нега у келмаган, унинг келишини таъминланг деб жума куни соат 10.00 гача танафус эълон қилди", - деб ёзди Аббос Насриддинов ўз саҳифасида.

Унга қарши жиноят иши ташаббускори Наманган вилоят МХХси бўлган.

Аммо Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши кураш бўлими ишда жиноят таркиби йўқлигини айтиб, уни маъмурий маҳкамага оширган.

Насриддинов ишида унинг ўтган йил августида Фэйсбукдаги саҳифасида жойлаштирган публицист Алишер Таксановга тегишли пост таржимаси ва унга ёзилган "Арипов кетсин!" деган шарҳ ҳам бор.

Насриддиновнинг айтишича, у сўз эркинлиги доирасидан чиқмаган ва кимни ҳақорат қилгани ўзи учун тушунарсиз.

Унинг назарида ишда "жабрланувчи томон"нинг ўзи йўқ.

"Ёшлар Иттифоқи" вакилининг Би-би-сига айтишича, даъвогар, "Ёшлар Иттифоқи"нинг Наманган шаҳар кенгаши раҳбари бўлган  Анвар Икромов 2017 йил 6 октябрида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилган.

Ҳакам жума кунги маҳкамага даъвогарни олиб келишни буюрган.

Ёрлиқ