Ўзбекистон ТИВ раҳбари Туркманистон ТИВ раҳбари ўринбосарини қабул қилди
1 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хажиевни қабул қилди.
Кун.уз сайтига кўра, В.Хажиев Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссиясининг 14-мажлиси ишида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган
Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мулоқотлари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Қайд этилганидек, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон мунтазам мулоқоти давлатлараро алоқаларнинг илдам ривожланиши учун асосдир.
Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида март ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбирларга – Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувлари ҳамда Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференцияга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.