Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари раислигида йиғилиш бўлиб ўтди
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Бош вазирлари раислигида икки давлат чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Кун.уз сайтига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшнилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. «Мамлакатимиз ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари кенгашини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур кенгаш томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш, айниқса, чегараолди вилоятлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш, турли таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда муаммоларни амалий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади», дейилади ЎзА хабарида. Йиғилишда чегараолди ҳудудлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий, инвестициялар жалб этиш, туризм, маданий ва маърифий соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида фуқаролар учун шароитларни яхшилаш ва назорат-ўтказиш пунктлари сонини кўпайтириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.