ДХХ МХХдан фарқ қиладими?
Ўзбекистон ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг Сенатдаги нутқи ислоҳга юз тутган хавфсизлик хизмати янги раҳбариятининг хавфсизликни таъминлаш борасидаги қарашлари МХХ давридагидан фарқ қиладими, деган саволни туғдирган.
29 март куни Ўзбекистон Сенати "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни тасдиқлади.
Қонун муҳокамаси доирасида Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев янги хавфсизлик хизмати, бу хизмат зиммасига юклатиладиган вазифалар ва хизмат ҳақидаги янги қонун ҳақида нутқ сўзлаган.
Оммавий ахборот воситалари ДХХ раисининг нутқида мухолифат Ўзбекистонга таҳдид соладиган омиллар сифатида тилга олинганига урғу бермоқдалар.
Россиядаги "Спутник" ахборот агентлиги ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевдан шундай иқтибос келтирди:
"Бирлик", "Эрк" сингари бузғунчи сиёсий кучлар бугунги кунда Ўзбекистонда ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринмоқда. "Уларнинг режаси бугун қонунийлаштириш, эртага эса вазиятни издан чиқариш".
Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги эса ДХХ раҳбаридан шундай иқтибос келтирган:
"Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд".
Ўзбекистоннинг сўнгги 20 йилдаги расмий мафкурасидан фарқли ўлароқ, 1980-йилларнинг иккинчи ярмидан кейинги вазиятни яқиндан биладиган кўплаб ўзбекистонликлар "Бирлик" Халқ ҳаракати, кейинроқ ташкил этилган "Эрк" Демократик партияси фаолларининг Ўзбекистон учун қилган хизматларини яхши биладилар.
Илк бор Орол денгизининг қуриши ва бу фожеанинг инсонлар ва иқтисодиётга салбий таъсири, СССР армиясидан қайтаётган Ўзбек аскарларининг жасадлари, Ўзбек тили Ўзбекистоннинг расмий давлат тили бўлиши лозимлиги, Ўзбекистон ўзи мустақил мамлакат бўлиши керак, деган ўнлаб масалаларни айнан "Бирлик" ва "Эрк" аъзолари кўтариб чиққан эдилар.
Мухолифат фаоллари 1990-йиллардан Ўзбекистонда қандай босимларга дуч келгани, калтакланишлар, пўписалар, чет мамлакатлардан ўғирлаб олиб кетиб қамоқ жазоларига ҳукм қилиниш ва яширин парламент барпо этиш сингари сохта айбловларга асосланган судлар "Бирлик" ва "Эрк" фаолларидан "бузғунчи сиёсий куч" ясаш мақсадини кўзлаганини жуда кўпчилик яхши англайди.
Кўплаб мухолифат фаоллари Ватанни тарк этишга, ёки мухолифат фаолиятидан воз кечишга ёхуд инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида иш юритишга мажбур бўлдилар.
Мухолифатнинг 2000-йиллар бошида Ўзбекистонда мавжуд қонунлар доирасида ўз аъзоларини парламентга аъзо қилиш ҳаракатларига қонуний чекловлар ёки ноқонуний тўсиқлар билан имконият берилмаганини ҳам ҳали кўп инсонлар яхши эслайдилар.
Кейинроқ Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳам, чет эл оммавий ахборот воситалари ҳам "бузғунчи сиёсий куч" деб топилди ва мамлакатдан чиқариб юборилдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда жуда кўп ишлар нотўғри бўлганини ҳам давлат раҳбарлари ва ҳам оддий ўзбекистонликларга уқтирмоқда, нотўғри ишларни тўғирламоқда.
Бундан руҳланган ва ўз Ватанига қайтиб мамлакати тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишни истаётган, айни пайтда Ўзбекистонга қарши, Ўзбекистон халқига қарши жиноят содир этмаганини урғулаётган мухолифат фаоллари бугунги раҳбариятдан мужда кутмоқдалар.
Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг маърузасидан эса, Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарияти сиёсий мухолифатнинг Ўзбекистонга қайтишини хоҳламайди, деган муждани оладилар улар.