Ўзбекистонда Қуръон мусобақасида Олий ўрин соҳиби аниқланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақаси ўзгача шукуҳ, ўзгача таассуротлар остида кечди.
Мазкур мусобақа туман, вилоят ва республика босқичлари асносида ўтказилди. Аллоҳнинг каломини ёд олган, уни қалб тубида жойлаган қори ва қориялар унда самимий беллашишди. Бу ҳақда Кун уз сайти хабар берди.
Қуръон мусобақаси ҳифз ва тиловат йўналишларида ўтказилди. Хусусан, ушбу мусобақанинг Республика босқичи 18–25, 26–40 ёшлилар ҳамда талабалар ўртасида бўлиб ўтди. Кеча 24 апрель куни Қуръон мусобақасининг Республика босқичи эркаклар ўртасида ғолиблар аниқланди.
Ҳакамларнинг қарорига мувофиқ, андижонлик Убайдуллоҳ қори биринчи ўринга сазовор бўлди. Ғолибга мукофот тариқасида уч кишига ҳаж сафари учун сертификат топширилди. Эркак қорилар ўртасида ўтган мусобақанинг Олий ўрнига эса қорақалпоғистонлик Йўлдошбек қори Нуриддинов муяссар бўлди. Унга “Жентра” русумли автомобиль ютуқ тариқасида тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтаётган Қуръон мусобақасининг Республика босқичида аёл қориялар ўртасида ғолибларни аниқлаш тадбири ҳам бошланди.