Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга нисбатан жавобгарликни кучайтирди
(last modified Sat, 12 May 2018 04:02:19 GMT )
май 12, 2018 09:02 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ҳукумати
    Ўзбекистон ҳукумати

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига фуқароларни жамоат ишларига мажбур қиладиган мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

Бу ҳақда 10 май куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорида сўз юритилади. Ҳужжатда бюджет ташкилоти ходимларининг қишлоқ хўжалиги ишларига сафарбар қилмасликни назорат қилиш ишлари ўз аксини топган.

Gazeta.Uz, хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига  фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш вазифаси топширилган.

Жумладан, ҳукумат талаба ва мактаб ўқувчилари, маориф, соғлиқни сақлаш тизими ходимларини мажбурий меҳнатга ёллаш ҳолатларини олдини олиши лозим. Мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши ҳужжатда аниқ кўрсатилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига бу борадаги қонунчилик назоратини кучайтириш, тартиббузарларни жавобгарликка тортиш топширилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда амалдор шахслар жавобгарлигини ошириш, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ваколатларини кенгайтириш, шу жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга доир ваколатларини кенгайтириш тўғрисида ҳукуматга таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

 

Ёрлиқ