Осиё ўйинлари—2018. Садриддин Сайматов Ўзбекистонга навбатдаги бронза медалини тақдим этди
Бугун, 26 август санасида Индонезиядаги XVIII ёзги Осиё ўйинлари давом этмоқда.
Ўзбекистон каратэ жамоасининг -60 кг вазн тоифасидаги вакили Садриддин Сайматов Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.
Бронза учун баҳсда у вьетнамлик Нгуэн ван Ҳаига қарши татамига чиқиб, 8:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна битта медал қўшиб қўйди.
Сайматов нимчорак финалда қозоғистонлик Дархон Ассадиловни, чорак финалда саудия арабистонилик Султон Жамал Алзаҳронийни мағлуб этганди. Аммо у ярим финалда эронлик тажрибали спортчи Амир Маҳдизодага 6:7 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик яна икки каратэчи иштирок этади. Дастлаб -61 кг вазн тоифасида Барно Мирзаева қирғизистонлик Кимбат Тойтоновага қарши татамига чиқса, -67 кг вазн тоифасида Иқболжон Узоқов саудия арабистонилик Фаҳад Алхатами билан куч синашади.
Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 24тага етди - 5 олтин, 10 кумуш ва 9 бронза. Ўзбекистон ҳамон умумий рейтингда 10-ўринда қолмоқда.