Самарқандда 10 тонна пахта ёниб кетди
-
10 тонна пахта ёниб кетди
18 сентябрь куни тунги соат 1 :15 да Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани «Саловат» маҳалла фуқаролар йиғини Саловат қишлоғи ҳудудида жуда катта ва аянчли кўринишдаги ёнғин содир бўлди.
Пахтадан саралаб олинган 50 той қимматбаҳо саноат хомашёси белгиланган манзилга етиб бормасдан ёниб, кул бўлди, хабар берган Дарё.уз
Халқимизда «ўт балосидан, сув балосидан худо асрасин» деган гап бор, – дейди ўзини Нарпай туман Ёнғин хавфсизлиги инспекториман деб таништирган Бекзод Носиров. — Жиззах текстиль корхонасидан қўшни Туркманистон Республикаси орқали хорижга экспорт учун жўнатилаётган пахта толаси юкланган, магистралда ҳаракатланаётган давлат рақами 70/654 WАА бўлган юк автомашинасининг юкхонасида содир бўлган ёнғин бўйича бизга воқеа жойидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан хабар келиб тушди.
Ёнғинни бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилди. Лекин, кучли ёнғин сабаб 50 той пахта хом ашёсининг ҳар бир тойи, тахминан, 200 килограммдан келганида, жами 10 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси бир зумда кулга айланди -қолди. Бу, албатта, аянчли ҳолат
Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.