“Президент трассаси” бўйлаб бузилган уй эгалари бошпанасиз қолган-ми?
(last modified Tue, 16 Oct 2018 11:41:20 GMT )
октябр 16, 2018 16:41 Asia/Tashkent
  • Президент трассаси
    Президент трассаси

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Байтқўрғон қишлоғида Ўзбекистон президенти учун янги қурилган резиденцияга элтадиган йўл кенгайтирилаëтгани боис юздан зиëд уй бузилган ва яна ўнлаб хонадон эгалари уйи бузилиши ҳақида ҳокимликдан огоҳлантириш хатини олган.

Фарғона.уз сайтига кўра исми айтилишини истамаган 35 яшар байтқўрғонлик тадбиркор йигит Озодликка ўзининг ҳокимликка тегишли экскаватор бузаëтган уйининг фотосуратларини юборди. Суҳбатдошга кўра, уйни бузиш учун келган Қибрай ҳокими Мирқосимов Мирағзам ака бошпана беришга ваъда бериб кетиб қолди. “Энди бўлса на пулимиз бор, на уйимиз бор, на уй қарори бор! Бизга ëрдам беринглар. Ҳокимликка борсам сизга уй йўқ¸ танишларингизникида яшаб туринг, деди”, деб айтмоқда тадбиркор.

Ўзини "Қибрай ҳокими Мирағзам Мирқосимовнинг қурилиш ишлари бўйича ëрдамчисиман", деб таништирган мулозим “Президент трассаси кенгайтирилаëтгани боис баъзи иморатлар бузилаëтганлигини” билдирди. Мулозимга кўра¸ “Давлат аҳамиятидаги бу йўлни қуришга барча ресурслар жалб қилинган”. “Уйи бузилганлар вақтинча санатория биносига ва яқинларининг уйларига жойлаштирилган. Улар максимум йил охирига қадар янги уйларга кўчиб ўтишади ëки товон пули олишади”, - деди у.

Байтқўрғондаги "президент трассаси", деб атала бошлаган йўл яна кенгайтирилгани боис уйсиз қолган ва ўзини Саодат опа туманда икки тоифа уйи бузилганлар борлигини айтди:

- Август ойида президент резиденцияси қурилган пайтда уйи бузилганлар бор. Буларга биринчи навбатда эътибор бериляпти. Менинг уйимни ўтган ҳафта бузишди. Ҳокимга борсам, "опа олдин мана буларни тинчитиб, уйли қилайлик, кейин сизга гал келади" деб овутишди. Кунлар совуди¸ мен кўч-кўроним билан қайга бораман энди?!