Муҳаммад Солиҳнинг Интерпол рўйхатидан чиқарилгани расман тасдиқланди
Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Интерпол (Жиноятчиликка қарши курашувчи халқаро полиция хизмати) қидирувидан олиб ташлангани расман тасдиқланди. Аммо бу Ўзбекистон томони ташаббуси билан эмас, Интерпол фаолиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ кўрилмоқда. Тошкентда 1999-йилда юз берган портлашлар ортидан Ўзбекистон ҳукумати талаби билан халқаро қидирувга берилган мухолифатчининг айтишича, қидирувдан олиб ташланиши унинг ҳаракат ва фаолият эркинлигини кенгайтиради.
Муҳаммад Солиҳ Норвегиядаги адвокати Тронд Олсен Наас орқали Интерпол хизматига қилган мурожаатига жавоб олган. Халқаро полиция Муҳаммад Солиҳ қидирувдан олиб ташланганини расман тасдиқлаган.
Муҳаммад Солиҳ 1999-йилда Тошкентда рўй берган портлашларда айбланиб, унга нисбатан сиртдан ҳукм ўқилган эди. Бу маҳкама ортидан у ҳукумат сўровига кўра халқаро қидирувга берилган, ўшандан буён Интерпол рўйхатида қолаётган эди.
Аввалроқ Интерполдаги рўйхатда Муҳаммад Солиҳ кўринмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Мухолифатчи шу хабарлар ортидан Норвегиядаги адвокати орқали ташкилотга расман мурожаат қилган, яқинда шу мурожаатга жавоб олган.
“Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Муҳаммад Солиҳ Интерполдаги рўйхатда кўринмаяпти, деган бир хабар чиққан эди, шундан сўнг мен Норвегиядаги адвокатимга мурожаат қилдим. Бу адвокат Интерполга Муҳаммад Солиҳ ҳамон рўйхатдами, бўлса нима сабабдан, чунки 1999- йилдаги портлашлар юзасидан уюштирилган маҳкама сохталиги бир неча бор исботланди, агар ҳамон у рўйхатда бўлса олиб ташлашингизни талаб қиламиз, деган хат билан чиқди. Адвокатнинг шу сўровига Муҳаммад Солиҳ Интерпол рўйхатида йўқ, у бу рўйхатдан олиб ташланган, деган жавоб келди бугун”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Сиёсий фаолнинг қидирувдагилар рўйхатидан чиқарилгани ҳақидаги дастлабки хабарлар Ўзбекистонда мухолифларга нисбатан муносабат ўзгараётганининг далолати ўлароқ ҳам кўрилаётган эди. Аммо вазият мухолифатчи ҳукумат ташаббуси билан эмас, айнан Интерпол хизматида кечаётган ўзгаришлар туфайли қидирувдаги рўйхатдан олиб ташланганини кўрсатган.
“Ўзбекистон ҳукумати мени Интерпол рўйхатидан чиқариш учун мурожаат қилганини тасаввур қила олмайман, чунки Ўзбекистон режимида муносабат ўзгараётганини ҳали кўрмадик. Шунинг учун ҳам адвокатнинг саъй-ҳаракатлари ва халқаро жамоатчилик фикри инобатга олиниб, Интерпол хизматининг ўз хулосаларига кўра рўйхатдан чиқарилдим, деб ўйлайман. Агар Ўзбекистон томони бирор ташаббус кўрсатганда эди, буни биз билардик, бу каби ишоралар Ўзбекистон томонидан кузатилгани йўқ. Қолаверса, МХХ собиқ раҳбари ҳамон кучли, бу тизимда унинг кадрлари ишламоқда, Шавкат Мирзиёевнинг шахсий муносабатидан қатъи назар, бу тизимнинг мухолифларга нисбатан қараши ўзгармаган”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Мухолифатчилар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг амалдаги ҳукуматларга мухолифлиги учун Интерпол рўйхатига киритилаётгани халқаро жамоатчилик томонидан танқидга учраб келади.
Бундай ҳолатлар Ўзбекистон мисолида ҳам кўп юз берган. Журналист Нарзулло Охунжонов ҳам Интерпол рўйхатига киритилгани учун Киевдаги аэропортда ҳибс қилинган эди. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари яқинда танқидий чиқишлари учун босимга олинган журналистни Ўзбекистонга топширишни расман рад этиб чиқишди.
Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, сиёсий таъқибга тушган, мухолифлиги учун авторитар режимлар талаби билан Интерпол рўйхатига кирган шахсларнинг бу рўйхатдан олиб ташланиши маълум эркинликлар беради, аммо ҳукуматлар, режимлар ўртасида халқаро меъёрлар эмас, икки томонлама келишувлар устун бўлган бир пайтда ҳибс, экстрадиция хавотири йўқолмайди.
“Мен Интерпол рўйхатида бўлиб ҳам, Ёвропа Иттифоқи, АҚШ каби демократик ўлкаларда эркин юрганман, чунки улар авторитар режимларнинг талабига бўйсунмайди. Масалан, Прагада мени тутишган, кейинчалик озодликка чиқаришган, шахсан Чехия президенти қабул қилган, президенти, ҳукумати ўз узрини билдирган эди. Албатта, бу рўйхатдан чиқарилганим ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди, аммо Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка эга собиқ иттифоқ давлатлари, дейлик, Россияга сафар қилиш мен учун ҳамон хатарли, улар мени дарҳол ҳибс қилишлари таҳдиди ҳамон мавжуд”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Мухолафатдаги “Ерк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ 1999-йилда Тошкентда кузатилган портлашларда айбдор топилган, сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Айнан шу портлашлар Ўзбекистонда мухолифларга нисбатан тазйиқларнинг навбатдаги тўлқинини бошлаб берган. Бу портлашларда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўнлаб мухолиф фаоллар Шавкат Мирзиёев президентликка келгандан сўнг озодликка чиқди.