505 та қорбобо Тошкент кўчаларига чиқишди
(last modified Mon, 17 Dec 2018 11:15:06 GMT )
декабр 17, 2018 16:15 Asia/Tashkent
  • 505 та  қорбобо Тошкент кўчаларига чиқишди

 Кеча, 16 декабрь куни Тошкент шаҳрининг “Халқлар дўстлиги” майдонига 505 та қорбобо жам бўлди. Улар 31 декабргача Тошкентдаги 505 та маҳаллада одамларга байрам кайфиятини улашади.

Бу тадбир “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимидан маълум қилишларича, қорбобо либослари маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ташкиллаштирилган.

Бу либосларни  маҳалла фаолларидан бири ёки ходимлар кийиб, хонадонларга байрам кайфиятини улашадилар.

“Маҳаллада Янги йил” деб номланган лойиҳа давомида қорбоболар энг аввало ўз маҳаллаларида истиқомат қилаётган 100 ёшдан ошган кексалар, уруш қатнашчилари, имконияти чекланган фуқаролар ва 12 ёшгача бўлган болаларни йўқлайдилар.

Маҳалла марказлари, уйлар ёнидаги дам олиш масканларида қорбоболар иштирокида байрам тадбирлари ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, айрим фойдаланувчилар: Шаҳар ҳукумати ана шу масхаравозликка сарфланажак улкан маблағ билан ӯнлаб ногирон, бева-бечоранинг мушкулини осон қилса бӯлардику?!  Раҳбарларимиз қачон расмиятчиликдан воз кечиб, одамийлик сари одимлашни ӯрганишади? Ахир битта қорбобонинг тасқара кийимига сарфланган маблағ эвазига бир дона ногиронлик аравачаси олинса, Ҳазрат Навоий айтганларидек: "Онча борким, Каъба вайрон эрди, обод айлади" --дея комментарий ёзишган.