Тунги навбатчилик мажбурийми? Қонун доирасидаги жавоб қуйидагича
Навбатчиликнинг қандай турлари бор?
Кун уз таҳририятига Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳар ҳокими О.Жўраев номига ёзилган билдирги келиб тушди. Билдиргида шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкилотларга 15 декабрдан 15 январгача навбатчилик ташкил қилиш топшириғи берилгани ва шу топшириқнинг 22 декабрдаги ижроси шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан ташкилотларда текширилгани баён қилинган. Қатор ташкилотларда, масалан, мусиқа мактаби, боғча, коллеж, ғазначилик бўлинмаси, пенсия жамғармаси ва ҳ.к.ларда, навбатчилик ташкил қилишдаги муаммолар аниқлангани баён қилинган.
Ушбу билдирги бизни ҳозирги мақолани ёзишга ундади.
Байрамлар арафасида кўплаб корхона ва ташкилотларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил қилиш йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад жамоат хавфсизлигини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, бу ҳақда ваколатли идораларга тезкорлик билан хабар бериш, дея баҳоланади.
Шу ўринда кўпчиликда айнан байрамлар арафасидаги навбатчилик бўйича саволлар туғилади. Шундай саволларга қонун доирасида атрофлича жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Навбатчиликнинг қандай турлари бор?
Навбатчиликда турадиган ходимлар асосан 3 тоифага бўлинади:
1-тоифа: штат жадвалида бевосита у эгаллаб турган лавозими «навбатчилик» билан боғлиқ бўлган ходимлар. Масалан, аэропортдаги навбатчилар, меҳмонхона навбатчиси, навбатчи диспетчерлар ва ҳ.к. Бундай ҳолларда уларнинг навбатчилиги асосий иш вақти сифатида баҳоланади ва ҳақ тўлаш ҳам умумий тартибда амалга оширилади.
2-тоифа: меҳнат шартномасида ишлаб чиқариш зарурияти ҳамда у эгаллаб турган лавозимнинг хусусияти туфайли асосий иш вақтидан ташқари навбатчиликда туриш белгилаб қўйилган ходимлар. Масалан, бу тоифага шифокорлар яққол мисол бўла олади.
3-тоифа: бу айнан биз кўриб чиқаётган навбатчилик, яъни байрам кунларида жадвал асосида «оператив» ташкил этиладиган бир марталик навбатчиликдир. Ушбу тоифадаги навбатчиликнинг юқоридаги иккитасидан асосий фарқи шундаки, бундай «оператив навбатчилик»ка жалб қилинган ходимлар ўзларининг асосий функционал вазифаларини бажаришмайди. Яъни, бундай навбатчилик вақтида ўқитувчи дарс бермайди, шифокор даволамайди, бухгалтерлар ҳисоб-китоб қилмайди, ҳуқуқшунослар ҳужжатларнинг қонунийлигини текширмайди ва ҳ.к. Улар шунчаки идорада маълум бир соатни ўтказишади. Ёки кино кўришади, ёки телевизор кўришади, ёки китоб ўқишади ва ҳ.к. Хуллас, белгиланган вақтда белгиланган жойда туриб беришса бўлди.
3-тоифанинг яна бир фарқи шундаки, байрамлар арафасида навбатчиликда қоладиган аксарият ходимларнинг меҳнат шартномасида бундай навбатчиликда қолиш мажбурияти белгиланмаган бўлади. Яъни, аслида улар бундай навбатчиликда туришга мажбур бўлмайди.
Шу сабабли ҳам айрим мутахассислар байрамлар арафасидаги «оператив навбатчилик»ни иш вақтидан ташқари иш (Меҳнат кодекси 124-модда) дея ҳисоблашмайди. Чунки ходим бу вақтда меҳнат шартномасида ўзига юклатилган вазифани бажармаяптику, дейишади. Уларнинг фикрича, бундай навбатчилик кўпроқ МК 166-моддасига тўғри келади, яъни иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш, дея баҳоланади.
Навбатчилик ташкил қилишдаги муаммолар
Амалиётдаги энг кўп учрайдиган муаммолардан бири байрам кунларидаги навбатчиликлар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан ташкил қилинади. Яъни, иш берувчининг буйруғи (фармойиши) чиқарилмасдан, шунчаки оғзаки кўрсатма билан белгиланади. Нари борса навбатчилик жадвали ташкил қилиниб, унинг тепасига «тасдиқлайман» дея, раҳбар имзо ва муҳр қўяди, бўлди. Лекин бу навбатчилик ташкил қилиш ва унга тегишли тартибда ҳақ тўлаш учун асос бўлолмайди. Шу сабабли деярли барча ҳолатларда бундай «оператив навбатчилик» учун ходимларга ҳеч қандай ҳақ тўланмай келинмоқда. Нари борса, уларга навбатчиликнинг эртаси куни ишга чиқмаслик ёки кечикиброқ ишга чиқишга рухсат берилади, холос. Бироқ бу мутлақо нотўғри.
Бундан ташқари мабодо навбатчилик вақтида ходимлар турли кўнгилсизликлар туфайли тан жароҳати олса ёки вафот этса, меҳнат муҳофазаси масаласида ҳам муаммолар юзага келади. Иш берувчининг ҳеч қандай расмий буйруғи бўлмагандан кейин, унга келгусида товон пули тўлашдан осонгина бош тортиш мумкин бўлади. Бошқача айтганда, «ходимга ҳеч ким навбатчиликка тур, деб айтмаганди, ҳайронман ўша куни нима қилиб юрган экан» дейишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Ҳар икки ҳолатда ҳам байрам кунларидаги навбатчиликлар ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини сўроқ остига қўяди.
Қонунчилик нима дейди?
Меҳнат кодексида навбатчилик ҳақида ҳеч қандай қоида белгиланмаган. Шу сабабли, навбатчилик тартиби фақат локал ҳужжатлар билан белгиланади. Аммо амалиётда кўп гувоҳи бўламизки, байрамлар кунларидаги навбатчиликни ташкил қилиш тартиби ва унга тўланадиган иш ҳақи бирорта ҳужжатда қайд этилмаган бўлади. Шунчаки оғзаки топшириқ ёки иш берувчининг кўрсатмаси асосида ташкил этилади.
Ходимнинг розилиги керакми?
Юқорида айтганимиздек, байрам кунларидаги навбатчиликда туриш одатда ходимларнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмайди ва уларнинг мажбуриятлари ҳам ҳисобланмайди. Демак, бундан кўриниб турибдики, байрам кунларидаги навбатчиликда туришга фақат ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилади. Агар ходим розилик бермаса, унда ходимни иш вақтидан ташқари (тунда, байрам ва дам олиш кунларида) навбатчиликка жалб этиш мумкин эмас.
Навбатчиликка жалб этилган ходимга қандай ҳақ тўланади?
Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Яна шундай қоида ҳам борки, ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда «отгул» берилиши ҳам мумкин. Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши лозим.
Масалан: таълим муассасаси педагог ходими 30 декабрдан 31 декабрга ўтар кечаси – соат 22-00дан 6-00га қадар навбатчиликда бўлди. Айтайлик, 11 январь куни шу ходимнинг асосий иши вақтида оилавий тадбири бор. Мана шу ҳолатда ходимнинг хоҳиши билан ўтаган тунги навбатчилиги вақти ҳисобидан 11 декабрь куни иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши мумкин. Ва бу ҳолатда ходимга 30 декабрдаги тунги навбатчилиги учун 1 ҳисса иш ҳақи тўланади. Агар у «отгул» олишни истамаса, унда навбатчилиги учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши шарт.
Иш вақтидан ташқари навбатчиликка жалб этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар борми?
Албатта бор.
- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар (ходимлар);
- иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлган ходимлар;
- меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда банд ходимлар тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш тақиқланади.
Навбатчилик турлари ва уларга ҳақ тўлаш миқдорлари ҳақида
1-вариант: иш кунида ва иш вақти давомидаги навбатчилик (масалан, жума куни соат 09:00дан соат 18:00гача) – бунда ходимга одатдаги тартибда иш ҳақи тўланади;
2-вариант: дам олиш кунлари (шанба, якшанба, байрам кунлари) кундуз кундаги навбатчилик – бунда ходимга камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади, ёки ходимнинг хоҳишига қараб бир ҳисса ҳақ ва бошқа иш куни учун отгул берилади.
3-вариант: иш куни ва дам олиш куни тундаги навбатчилик - бунда ҳам ходимга камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ёки ходимнинг хоҳишига қараб бир ҳисса ҳақ ва бошқа иш куни учун отгул берилади.
Маълумот учун: Меҳнат кодексининг 122-моддасига биноан, соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт, деб ҳисобланади.
Навбатчилик ўзи нимага керак?
Мени доим шу савол ўйлантиради. Байрам кунларидаги навбатчиликлар, айниқса тунги вақтда қайсидир ходимнинг ишхонада ётиб қолишидан кимга нима наф? Айтайлик, навбатчилик МК 166-моддасига кўра, бу иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш ҳисобланади, шунинг учун ноқонуний эмас, деб тасаввур қилайлик.Унда савол туғилади: тунда битта ходимининг корхонада тунаб қолишидан иш берувчига нима фойда? Меҳнат жамоасигачи? Уларнинг қандай манфаатлари бор бу ерда?
«Хавфсизлик», дейсизми? Унда ўша корхонадаги қоровул ёки ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати ходимлари нима қилиб ўтирибди? Улар нима учун маош олишмоқда? Қўриқлаш учунми? Мактаб қоровули бўла туриб, математика ўқитувчисининг мактабда тунаши қай даражада мантиққа тўғри келади?
«Фавқулодда ҳолатлар», дейсизми? Хўш, фавқулодда вазиятларда, айтайлик, ёнғин ёки зилзила пайти математика ўқитувчиси нима қилиб бера олади? Нари борса, 101 рақамига телефон қилиши мумкин. Шу ишни ташкилот қоровули қилса бўлмайдими?
«Босқинчиликнинг олдини олади», дейсизми? Ўзингизга ҳам бу вариант кулгили эшитилмаяптими? Навбатчиликда қолган ходимлар қуролланган бўлса ҳам майли экан. Улар жанжал-тўполон пайти нима ҳам қила оларди?
Менинг ўта шахсий фикрим қуйидагича:
ташкилот ходимларининг байрам кунлари тунда навбатчилик учун ишхонада тунаб қолиши агар ёнғин бўлса, қурбонлар сонининг биттага ортишига, агар террорист ёки босқинчилар ҳужум қилса, гаровдагилар ёки мурдалар сонининг биттага кўпайишига, агар бошқа кўнгилсиз ҳолатлар бўлса ҳам, жабрланувчилар сони кўпроқ бўлишига олиб келади, холос. Навбатчиликнинг фойдаси ҳақида гап кетганда эса, жўяли сабаб санаб бера олмайман. Яна ҳам ким билсин.
Мабодо «навбатчилик керак, бусиз умуман иложи йўқ» дейилган тақдирда ҳам, бунинг қонуний асосини яратиш, яъни Меҳнат кодексида акс эттириш, шунингдек, иш берувчининг қатъий буйруғи асосида ходимларга моддий ва маънавий зарар етмайдиган қилиб ташкил этиш лозим.
Янги йил кечаси ҳамма оила даврасида байрамни нишонлаётган бир пайтда, янги йилни навбатчилик туфайли ишхонасида тунаб қолиш билан ўтказаётган ва энг муҳими - асосий вазифаси ташкилотни қўриқлаш эмас, балки умуман бошқа иш бўлган юзлаб ходимларни кўз олдингизга келтиринг ва ўзингиз учун хулоса қилинг: шу адолатданми?
Байрамингиз билан!
Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос