МХХнинг ноҳақ қамалган ходимаси оқланди
(last modified Tue, 29 Jan 2019 05:48:41 GMT )
Январ 29, 2019 10:48 Asia/Tashkent
  • МХХнинг ноҳақ қамалган ходимаси оқланди
    МХХнинг ноҳақ қамалган ходимаси оқланди

Ўзбекистон МХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси собиқ ходими Мўътабар Ғофурова беш йиллик қамоқ жазосидан кейин оқланди.

Ундан айблов олиб ташланган, ҳарбий унвони ва касаллик нафақаси қайтарилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Инсон ва қонун» газетасига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

1965 йилда туғилган Мўътабар Ғофурова 1992—2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси МХХ (ҳозирги ДХХ) Фарғона вилоят бошқармасида турли лавозимларда фаолият юритган. Ўз фаолиятининг сўнгги йилларида у МХХнинг Қўқон бўлимида тезкор ходим лавозимида ишлаган ва капитан унвонига эга бўлган. 2009 йилнинг 16 февралида ўз хизмат фаолиятини якунлагач, бронхиал астма касаллиги сабабли унга касаллик нафақаси тайинланган.

Қайд этилишича, Мўътабар Ғофурова МХХнинг вилоят бошқармаси бошлиғи билан келиша олмай қолган ва туҳматга учраган. Жиноий иш очилиб, гувоҳлар унга қарши кўрсатма беришга мажбурланган. Ҳарбий суднинг 2009 йил 23 декабридаги ҳукмига кўра, М.Ғофурова Жиноят кодексининг 156-, 159- ва бошқа моддаларида айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан ҳамда 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

У жазо муддатининг 5 йилини ўтагач, амнистия актига асосан озодликка чиққан. Ҳарбий суд апелляция ҳайъатининг 2018 йил 29 майидаги ажрими билан М. Ғофурова бутунлай оқланган.

«Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётганимда — 2014 йил 2 сентябрида менинг доғимда куйган онажоним Нурхон Ғофурова вафот этди. Мен қамалганимда 10 ёш бўлган ва бувисининг қўлида қолган якка-ю ягона фарзандим Фарангиз Собиржонованинг эса гулдек болалиги хазон бўлди. Энди ўзингиз айтинг: бу йўқотишларим ва изтироблар ўрнини ким ва нима тўлдиради? Қолаверса, Жиноят кодексининг 230-моддаси ва 231-моддасига биноан мени ноҳақ жавобгарликка тортган шахсларнинг ўзи қонун олдида жавоб беришмайдими?» — деган Мўътабар Ғофурова.

Ёрлиқ