Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Эрон ташқи ишлар вазири билан учрашуви
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири билан учрашиб, музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раундида иштирок этиш учун Теҳронга ташриф буюрди. У душанба куни кечқурун Эрон Ташқи ишлар вазири Сайид Аббос Ароғчи билан учрашди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон мустақиллиги йиллиги муносабати билан табрик йўллар экан, АҚШ ва Исроил режими томонидан Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий тажовузга нисбатан Ўзбекистоннинг принципиал позициясини юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон парламенти Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги юқори мартабали делегациянинг ҳамроҳлари билан бирга Ислом инқилоби шаҳид раҳбари хотирасига эҳтиром бажо келтириш маросимида иштирок этганини ҳам қадрлади.
Ароғчи Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги яхши муносабатларга, икки давлат юқори мартабали расмийларининг мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувларига, жумладан, Қирғизистонда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашувига ишора қилиб, икки томонни қизиқтирган барча соҳалардаги муносабатларни илгари суриш мақсадида ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича режалар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Эрон Ташқи ишлар вазири, шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, кўп томонлама механизмлар доирасида Эрон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақадаги давлатлар ўртасида иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Эронга ташрифидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Эрон Ташқи ишлар вазирига саломини етказди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг икки давлат учун манфаатли бўлган барча соҳаларда Эрон Ислом Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон парламенти спикери ва Эрон парламенти спикери мулоқот қилдилар