Эрон ва Ўзбекистон президентларининг телефон орқали мулоқоти
Эрон ва Ўзбекистон президентлари телефон орқали мулоқот чоғида Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги дўстона ва биродарлик муносабатларини таъкидлаб, икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини қайд этдилар.
Парс Тудей хабар беришича, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликнинг сўнгги ҳолати, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўллари ҳақида фикр алмашди.
Масъуд Пезешкиён ушбу мулоқотда Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик ва дўстона муносабатларни таъкидлаб, шундай деди: «Умумий саъй-ҳаракат ва ирода билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳамда икки халқ ўртасидаги алоқаларни турли соҳаларда кенгайтириш зарур».
Пезешкиён Эрон Ислом Республикаси ташқи сиёсатида минтақа ва қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, шундай деди: «Турли давлатлар, айниқса, дўст ва ҳамфикр мамлакатлар билан муносабатларни кенгайтириш Эрон Ислом Республикаси ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва алоқалар даражасини янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз».
Ўзбекистон Президенти ҳам ушбу телефон мулоқотида Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, шундай деди: «Икки мамлакатнинг турли соҳалардаги муносабатлари ва ҳамкорлиги мунтазам равишда кенгайиб ва ривожланиб бормоқда ҳамда ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида жиддий ирода мавжуд».
Шавкат Мирзиёев минтақа ва дунёдаги нозик ва мураккаб вазиятга ишора қилиб, Эрон Президентига қарата шундай деди: «Сиз ушбу нозик ва мураккаб даврда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, мамлакатингизни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида муҳим чора-тадбирлар ва саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдасиз».
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, мамлакатининг Эрон Ислом Республикаси билан муносабатларни янада ривожлантиришга қатъий интилишини таъкидлаб, шундай деди: «Дипломатик делегациялар алмашинуви ва маслаҳатлашувларни кенгайтириш орқали Эрон билан турли соҳалардаги ҳамкорлик ва муносабатларимизни янада юксалтиришга қатъий аҳд қилганмиз».
Мирзиёев телефон мулоқоти чоғида Эрон Ислом Республикаси Президентининг туғилган куни муносабати билан табриклаб, унга соғлик-саломатлик, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятида муваффақият ва омад тилади. Шунингдек, у доктор Пезешкиёндан ўзининг самимий ва илиқ саломларини Ислом инқилоби Олий Раҳбари, Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Можтаба Хоманаийга етказишни сўради.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдосини 600 миллион долларга етказиш мақсад қилинди