ЮНЕСКО Самарқанддаги тартибсиз қурилиш ишларига эътироз билдирди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида шаҳардаги қурилиш муаммоларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
Йиғилиш давомида ҳоким тўпланганларни Самарқанд шаҳридаги қурилишлар бўйича республика прокуратураси ишчи гуруҳи тақдим этган маълумотнома билан таништирди.
Маълум бўлишича, вилоят марказидаги 141 та объектда ер ажратиш, қурилиш тартиб-қоидаси ва технологиялари бузилган. Ушбу камчиликларни бартараф этишга мутахассислар билан бир қаторда кенг жамоатчиликни жалб этишга келишиб олинди. Шу сабабли йиғилишга ҳокимлик мутасаддилари, архитекторлар, қурувчилар, шунингдек, депутатлар, ОАВ ходимлари, фаол зиёлилар таклиф этилди.
- Қурилишдаги пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловларининг ёпиқлиги соҳадаги қонун бузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган, - деди Э.Турдимов. - Айниқса, қадимий шаҳардаги айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат ЮНЕСКО маъмуриятининг эътирозига сабаб бўлган.
“Бундан кейин вилоятда, хусусан, ер устидаги очиқ музей деб тан олинган Самарқанд шаҳридаги барча қурилиш ошкора амалга оширилади. Объектларнинг қурилиши, режалаштирилишида жамоатчилик ва аҳоли фикри ҳисобга олинади”, - деди вилоят ҳокими.
Қурилишдан шахсий манфаат кўриш учун қурувчига ҳам, ижро органи раҳбарларига ҳам, “ўртакаш” товламачиларга ҳам йўл берилмайди. Депутатлар, журналистлар, умуман, зиёлилардан иборат тарғибот гуруҳи аҳоли ўртасида ҳамда ОАВ орқали янги объектлар қурилиши билан боғлиқ режаларни тушунтиради.
-
Самарқанддаги «Умар» қурилиш компанияси раҳбари ва унинг ходимлари қўлга олинган
-
Ўзбекистон қурилиш материаллари ҳисобига импорт кўрсаткичини кўтарди