Булунғурда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади
Самарқанд вилояти Булунғур тумани яшовчиси Зуҳра Умарова келинлигининг 10 чи кунида эри томонидан туққан онаси ҳам танимайдиган даражада калтакланди.
Жабрдийданинг айтишича, машъум кеча эри "музқаймоқ олиб келиш" баҳонасида уйдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда қайтиб келган ва жанжал бошлаб, уни шафқатсизларча калтаклаган.
Зуҳра эшик ичкаридан эри томонидан ёпиб қўйилгани туфайли қайнонаси унга ёрдамга келолмаганини айтади.
Ўлгудек саваланган ва ҳушини йўқотган ёш келинчак қўшни томонидан касалхонага олиб борилган.
"Мени ҳатто туққан онам танимади", - йиғлайди Зуҳра. Аёлнинг юзлари шишиб кетган, кўзлари қонталаш ва деярли очилмайди.
Келинчакнинг онаси эса куёви ички ишлар бўлинмасига олиб борилгач, бир оздан сўнг у ердан қўйиб юборилганини ҳикоя қилди. Ҳуқуқ муҳофазаси идораси остонасини тарк этаётган "куёв" шу ерда турган қайнонасини куракда турмайдиган сўзлар билан қаттиқ ҳақоратлаган.
Ўзбекистонда зўравонлик қурбонлари учун шелтерлар, яъни бошпаналар ташкил қилинмоқда. Зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар учун 1146 қисқа ишонч рақами ишга туширилган бўлсада, шафқатсизлик қурбонига айланаётган аёлларнинг аксарияти бу ҳақда ҳатто билмайди.
Зуҳра Умарова Хотин-қизлар қўмитаси у билан юз берган ҳодисага беэътибор бўлмаслигига умид қилади.