Ўзбекистон: Каримовсиз уч йил
Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрлари.
2016 йил 2 сентябрида Ўзбекистонни 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг 78 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинди.
2003 йилдан Ўзбекистон Бош вазири лавозимини эгаллаб келган Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланди ва мамлакат ҳаётига оид муҳим қарорлар Ислом Каримовсиз қабул қилина бошлади.
Хўш, Ўзбекистоннинг биринчи президентисиз ўтган дастлабки уч йил мамлакат сиёсий-иқтисодий ҳаёти, инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиёсий мухолифати учун қандай бўлди?
Каримов бошқарувидан Мирзиёевга оғир мерос қолди. Расман жуда чиройли рақамлар эълон қилинса-да, Ўзбекистон иқтисодий инқироз ҳолатида эди. Ваҳоланки Ўзбекистон улкан табиий ресурсларга эга мамлакат: табиий газ, нефть, кўплаб фойдали қазилмалар бор. Деҳқончилик учун қулай табиий иқлимга эга. Ривожланиш учун омиллар бор, аммо Ўзбекистон ривожланмади. Мамлакат иқтисодиёти турғунлик ҳолатига келиб қолганининг бир индикатори ўн минг, юз минг сондаги, миллионлаб меҳнат мигрантларининг вужудга келганидир. Бу Мирзиёевга Каримовдан қолган оғир мерослардан биринчиси. Кейингиси, жон бошига тўғри келадиган хорижий сармоялар ҳажми. Ўзбекистон киши бошига тўғри келадиган тўғридан-тўғри хорижий сармоялар бўйича бутун собиқ Шўро республикалари ўртасида энг пастки ўринга тушиб қолди. Бунинг сабаби Каримов танлаган ҳаддан зиёд марказлашган давлат бошқарувида эди. Бу усулда барча мулк давлат тасарруфида бўлиши лозим, мамлакатнинг қандай ривожланиши ҳақидаги қарор юқоридан қабул қилиниши лозим, деб кўрилди, тадбиркорлик, иқтисодий эркинлик бўғилди. Марказий ҳокимиятнинг авторитетини ушлаб туриш учун давлат ҳар қандай танқидни, ҳар қандай эркин фикрни бўғди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари кўплаб сонда қамоқхоналарга ташландилар ёхуд уларга нисбатан репрессив усуллар қўлланди. Ҳар қандай ўзгача фикр таъқибга учради. Давлат миқёсидаги қарорларни фақат бир инсон қабул қилар, президент Каримовга фильтрланган маълумотни МХХ ва тор доирадаги амалдорлар олиб киришар эди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро саҳнада ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан ихоталаниб қолишига, иқтисодиётнинг аҳволи абгорлашишига олиб келди. Аҳолининг аксар қисми қашшоқлашди. Мен ҳамма нарсани қора бўёқда тасвирлашни истамайман. Позитив жиҳатлар ҳам бор эди. Хусусан, ташқи сиёсат масаласида. Каримов Кремлнинг империяпараст курсидан Ўзбекистонни ихоталашга, масофада ушлашга интилди. Шавкат Мирзиёев кўпчилик кутганига зид равишда очиқлик сиёсатини бошлади. Президент Мирзиёевнинг сиёсати мамлакатнинг ичида кўпчиликни руҳлантирди, хориждагиларни эса ҳайратлантирди ҳамда қувонтирди. Уч йил давомида кўплаб ижобий ўзгаришларга қўл урилди. Ўзбекистон анча очилди. Оммавий ахборот воситалари анча дадиллашди. Бизнес кўпроқ эркинликни ҳис қила бошлади. Қўшнилар билан муносабатлар яхшиланди. Аммо Каримов даврига хос бўлган ва ҳозирги вазиятнинг асосий driving factorларидан ҳисобланган қатор муаммолар ҳамон ҳал этилмаганича қолмоқда. Энг биринчиси - қонун устуворлиги. Ҳуқуқ, қонун устуворлиги ва суд мустақиллигини таъминлаш йўналишида ҳали Ўзбекистонда кўзга кўринарли олдинга силжиш кузатилгани йўқ. Бу йўналишда қатор қадамлар қўйилди. Аммо уларнинг натижаси ҳаётда сезилмаяпти. Бу эса хаос вазиятини юзага келтирмоқда. Нега? Чунки Каримов даврида бошқарув Миллий Хавфсизлик хизматига таянган репрессив аппарат воситасида бошқариларди. Мирзиёев хавфсизлик хизматини сиёсий ҳаётдан бироз узоқлаштирганидан кейин амалдорлар аппарати муайян эркинликни ҳис қила бошлади. Ва бугун биз бутун мамлакат бўйлаб ўзбошимчалик фактларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу нарса, айниқса, қурилиш, уйларни бузиш ҳолатларида кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бу эса аҳолида норозилик кайфиятини уйғотмоқда. Чунки Ўзбекистондаги эски репрессив назорат тизимининг ўрнига янги назорат ва ҳисобдорлик тизими барпо этилмади. Бу янги тизим ҳуқуқ ва адолатли судга, мустақил прокуратурага таяниши лозим. Бугунги кунда прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса ижроия ҳокимиятнинг қўлидаги қамчи бўлиб қолмоқда. Биз бугун ниманинг гувоҳи бўлаяпмиз? Олдинги ҳокимиятдан кўп муаммоларни мерос қилиб олиб, бу муаммоларни ҳал этмай туриб, адлия тизимини мустаҳкамламай туриб, янги ҳокимият ўзи учун янги муаммоларни яратаяпти. Каримов даврида "қабристон сукунати" ҳукмрон эди, ҳар қандай норозилик шафқатсизлик билан бостирилар эди. Ҳозир эса инсонлар озроқ эркинликни ҳис қила бошлаганлар, аммо улар амалдорларнинг ўзбошимчалигига, адолатсизликка дуч келмоқдалар. Айниқса, жойлардаги ҳокимлар назоратдан чиқиб кетдилар, улар қонунларни назар-писанд қилмаяптилар. Бунинг оқибатида биз оммавий намойишларнинг гувоҳи бўлдик. Бу хавфли тенденция. Чунки ўзининг мулкий, турар-жой ҳуқуқлари топталаётганини кўрган одамлар бу адолатсизликка қонуний органлар - прокуратура, судга мурожаат қилиб, адолатли ечим тополмасалар, ҳоким ўринбосарини ёқиб юборишдек радикал қадам ташлашга мажбур бўладилар. Бундай вазиятда эса Президент Мирзиёев Каримов давридек ҳар қандай норозиликни бостириш учун "гайкаларни қотириш", ҳуқуқ-тартибот органларига чекланмаган қудрат беришга мажбур бўлади ёки қонун олдида ҳамманинг тенглиги таъминланган, қонун ижроси қаттиқ талаб қилинадиган тартиб билан, адолатли суд билан муаммони ҳал этиши лозим бўлади.
BBC